Мактабга Президент совғаси топширилди
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жойларда иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида 15-16 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.
Президентимиз ташрифининг иккинчи куни Ибройим Юсупов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатда бўлиб, қисқа фурсатда янгидан бунёд этилган ушбу билим масканида яратилган шароитлар билан танишди, ёш истеъдодлар билан суҳбатлашди. Мактаб ўқувчиларига Самарқандда ишлаб чиқарилган “Isuzu” автобуси совға қилинди.
Уч қаватли замонавий мактаб биноси олдидаги Ибройим Юсупов ҳайкали ўрнатилган жой ижодкорлар, ёшлар учун яна бир хиёбонга айланган. Мактаб қошида китобларни таржима қилиш ва чоп этиш маркази ҳам ташкил этилган.
Кеча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов янги автобус калитини мактаб жамоасига тантанали равишда топширди.
– Президентимиз билан учрашув бизда жуда катта таассурот қолдирди, – дейди мактаб ўқувчиси Бердибек Айтмуратов. – Давлатимиз раҳбарига ўзимнинг Ибройим Юсупов хотирасига бағишлаб ёзган шеъримни ўқиб бердим. Қандай бўларкин, деган ҳадик бор эди, йўқ, маъқул келди. Мени мақтади. Ҳозир мен дунёдаги энг бахтли ўқувчиман. Бундай бахтга мушарраф қилган Президентимиздан миннатдорман. Шундай юрт фарзанди эканимдан фахрланаман.
Президент совғасини олган ўқувчилар шу куни Нукус шаҳри бўйлаб автобусда сайр қилди.
А.ОРТИҚБОЕВ
ЎзА