Ёш дастурчилар фестивали
Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида «GDG-DevFest — 2018» халқаро дастурчилар фестивали ўтказилди.
Халқ таълими, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, БМТ Тараққиёт дастурининг юртимиздаги ваколатхонаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Google” компанияси ва “Google Developers Group (GDG)”нинг Тошкент гуруҳи ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда IT-мутахассислари, дастурчилар, соҳaдаги янги ишланма ва лойиҳаларга қизиқувчи ёшлар иштирок этди.
Тадбирда Халқ таълими вазири Ш.Шерматов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари А.Саъдуллаев, Инҳа университети ректори М.Жалолов ва бошқалар мамлакатимизда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантиришнинг инновацион усулларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Мазкур фестиваль “Google Developers Group (GDG)”нинг йирик глобал лойиҳаларидан бири бўлиб, юртимизда илк бор ўтказилди. Унда иштирокчилар “Google” компаниясининг кейинги йилларда яратилган энг замонавий технологиялари билан танишди. Шунингдек, ёшлар маҳаллий ва хорижлик мутахассислар билан мобиль иловаларни яратиш, блокчейндан фойдаланиш, VR/AR технологияларини бизнесга татбиқ этиш сингари ахборот технологиялари соҳасидаги сўнгги тенденциялар юзасидан қизғин муҳокама олиб борди.
— Ҳар бир соҳа фаолиятига замонавий ахборот технологиялари изчил кириб борса, тизимда қулайлик имконияти, кундалик иш юритиш унумдорлиги ортади, — дейди Тошкентдаги Инҳа университетининг компьютер инжиниринг факультети талабаси Моҳира Раҳмонова. — Фестивалда “Google”, “TrendMicro”, “MyTaxi”, “LeBazar”, “Mediabay.tv”, “TopTal”, “Agile”, “iHoops”, “SabGames”, “Wiredln” сингари фирмалар, брендлар ва мобиль илова дастурлари бўйича намойиш этилган тақдимотларда замонавий рақамли дунёда киберхавфсизлик, интернет-дўкон, дастурчиларнинг буюртмачилар эътибори ва ишончини босқичма-босқич қозониш лойиҳалари, самарали веб-мулоқот услублари, тезкор дастурий вазифалар тақсимотида жамоавий бирдамлик бўйича келтирилган маълумотлар менда катта таассурот қолдирди.
Тошкентдаги Инҳа университетининг ёшлар билан ишлаш ва қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Фазлурхон Исломхўжаевнинг таъкидлашича, тадбир доирасида ахборот-коммуникация технологияларининг турли йўналишлари бўйича ўтказилган маҳорат дарслари, очиқ мулоқот ва интерфаол машғулотларда 500 га яқин йигит-қиз иштирок этди.
“Google” компанияси мутахассиси Эли Каплан, шунингдек, Россия, Исроил, Қозоғистон, Тожикистон ва қирғизистонлик малакали экспертлар ёшларни соҳадаги янгиликлардан хабардор қилди. Бу эса ўзбекистонлик ёш мутахассисларнинг “Google” компаниясининг инновацион ечимлари билан танишиши учун ўзига хос платформа вазифасини ўтади.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ