Ўзбекистонлик ўқувчилар Халқаро олимпиадада умумжамоа ҳисобида 2-ўринни қўлга киритди
Ўзбекистонлик ўқувчилар Халқаро математика, кимё ва физика фанлари бўйича (Интеграциялашган) ўтказилган олимпиадада умумжамоа ҳисобида 2-ўринни қўлга киритишди.
Жорий йилнинг 10-13 декабрь кунлари Озарбайжон Республикасининг Баку шаҳрида математика, физика ва кимё фанлари бўйича 16 ёшгача бўлган ўқувчилар ўртасида “Истеъдодлиларни тайёрлаш лабараторияси“ II-халқаро болалар олимпиадасида Бухоро вилояти Қоракўл тумани 1-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Дониёр Исмоилов ва Севара Остонова ҳамда 8-синф ўқувчиси Лазизбек Ражаббоев иштирок этди, деб хабар беради Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати.
"Истеъдодлиларни тайёрлаш лабараторияси" II-халқаро болалар олимпиадасида12 та давлатдан 112 нафар ўқувчилар қатнашди.
Мазкур халқаро олимпиадада ўқувчилар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кўмагида иштирок этишди. Ушбу олимпиадада ўзбекистонлик ўқувчилар илк маротаба иштирок этишаётган бўлишларига қарамай, математика ва физика фанларидан ғолибликни қўлга киритиб умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгалладилар.
Олимпиада иштирокчилари 15 декабрь кунига қадар Баку шаҳрида дастур доирасида саёҳатларда иштирок этиб, 16 декабрь куни Ўзбекистонга қайтишади.