Талаба «Spark» автомобили билан тақдирланди
«Ёш китобхон» танловининг 20-30 ёшлилар ўртасидаги республика босқичида 14 нафар қатнашчи «Ўзбек адабиёти билимдони», «Жаҳон адабиёти билимдони», «Буюк мутафаккир ва адиб» ҳамда «Шеърият» йўналишида билимларини синовдан ўтказди.
Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни баҳолашда уларнинг белгиланган китобларни ўқиганлиги, асарнинг мазмун-моҳиятини тушунгани ва уни таҳлил қилиб бера олиш қобилиятига қараб баҳолаб боришди.
Танловнинг сўнгги шарти «Шеърият» йўналишида Тошкент вилоятидан Дилнавоз Нажимова, Тошкент шаҳридан Шоҳсанам Холбоева ва Андижон вилоятидан Шоҳсанам Каримовалар таниқли шоирлар Усмон Азим, Сирожиддин Саид, Абдулла Орипов ҳамда Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб шеърий сатрларни бадиий таҳлил қилишда муваффақиятли иштирок этди.
Умумий баҳолаш натижаларига кўра, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг 3-босқич талабаси, пойтахтлик Шоҳсанам Холбоева 327,2 балл билан «Ёш китобхон» танловининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритиб, Президент совғаси – «Spark» автомобили ва «Kitob olami» дўконига 3 ойлик харид учун 20 фоиз чегирмага сазовор бўлди.
– Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилган «Ёш китобхон» танлови республика босқичига тайёргарликлар давомида 60 дан ортиқ китобларни ўқиб чиқдим, – дейди Ш.Холбоева. – Мазкур танловда ғолиб бўлишга аҳд қилиб, тайёргарликларга пухта ёндашдим. Уйимизда ота-онам кичик кутубхона яратиб берган. Бу каби имконият ва шарт-шароитлар учун улардан чексиз миннатдорман. Танловгача тинимсиз ўқидим, асарларни таҳлил қилдим. Ёдда қолиши учун энг муҳим нуқталарни дафтаримга қайд этиб бордим. Аслида китоб ўқишни жуда яхши кўраман. Президент совғасига сазовор бўлганим китобга бўлган меҳрим, бадиий адабиётни севиб мутолаа қилганимдан, деб ўйлайман. Усмон Носир, Лев Толстой, Пауло Коэльо каби адибларнинг ижодини катта қизиқиш билан мутолаа қиламан. Келажакда малакали ўқитувчи бўлиб, ўзим каби ёш китобхонлар даврасини кенгайтиришни мақсад қилганман.
Тошкент вилоятидан Дилнавоз Нажимова 264,5 балл билан 2-ўринни эгаллаб, компьютер жамланмаси ва «Kitob olami» дўконига 3 ойлик харид учун 15 фоизлик чегирма билан тақдирланди.
Жиззахлик Дилнавоз Илҳомова эса 259,2 балл билан 3-ўринни қўлга киритиб, 200 та китоблар жамланмаси ва «Kitob olami» дўконига 3 ойлик харид учун 10 фоизлик чегирмага эга бўлди.
Танловнинг барча иштирокчилари «Dugonalar» ва «Yosh kuch» журналлари ҳамда «Yoshlar ovozi» газетасига 1 йиллик бепул обуна қилинди.
2018 йилги «Ёш китобхон» танловининг саралаш босқичларида 20-30 ёш тоифасидаги 1 минг 128 нафар иштирокчи ўз билимини синаб кўрди.
Шаҳноза НУРУЛЛАЕВА