Ёш архитекторнинг катта муваффақияти
Тошкент архитектура-қурилиш институтини тамомлаган Тахмина Турдиалиева талабалик йилларидаёқ архитектура соҳасида ноёб иқтидори борлигини намойиш қилди. 2012 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси совриндори бўлди. Ўша йили ёшлар ўртасида ўтказилган дизайн олимпиадасининг республика босқичида ғолибликка эришди. 1998 йили шахмат бўйича республика чемпионатида бронза медалга сазовор бўлди. Шахмат бўйича Тошкент шаҳар чемпионатида уч бор ғолибни қўлга киритди.
Ҳозир шахмат бўйича халқаро тоифадаги ҳакам, Ўзбекистонда шахмат бўйича ўтказилган нуфузли мусобақаларнинг дизайн лойиҳалари муаллифи.
Ёш архитектор икки йилдан буён Хитойнинг Шенжен шаҳридаги "Cube Design Architects" компаниясида фаолият юритади. Яқинда унинг бир лойиҳаси Туркистон (Қозоғистон) шаҳрида ўтказилган "Turkistan architect awards" халқаро архитектура танловининг "Ёшлар саройи" номинацияси бўйича ғолиб топилди.
Туркистон Марказий Осиёнинг қадимий шаҳарларидан. 2017 йили Туркистон турк дунёсининг маданий пойтахти деб танланган. Бу шаҳарни келгусида Қозоғистоннинг туристик марказига айлантириш кўзда тутилмоқда. Туризмни ривожлантириш ҳамда аҳоли ва меҳмонларга қулай шароит яратиш мақсадида кўплаб маданий ва ижтимоий бинолар бунёд этиш режалаштирилган. 15 лойиҳани ўзида жамлаган мазкур танлов ғолибларига саккиз минг АҚШ долларидан мукофот белгиланганди.
— Шу йил 26 октябрь — 25 ноябрь кунлари бўлиб ўтган танловда иштирокчилардан бир ой давомида 15 номинация бўйича ўз ижод намуналарини онлайн жўнатиш талаб этилди, — дейди Тахмина Турдиалиева. — Эскизларда Туркистоннинг қадимий маданияти билан бирга, архитектуранинг энг замонавий технологиялари ва самарали ечимларини кўзда тутувчи ғоялар акс этиши, қурилажак бинолар кўриниш жиҳатидан ҳам туристлар эътиборини жалб қилиши зарур эди. Қатнашчиларга исталганча номинация бўйича лойиҳа жўнатиш имкони берилди. Ҳакамлар ҳайъати танлов якунида 10 та лойиҳани ғолибликка муносиб деб топди.
Ўзбекистонлик иқтидорли архитектор Тахмина Турдиалиева тақдим этган "Ёшлар саройи" дизайн лойиҳаси кўпчиликда катта таассурот қолдирди. Мазкур иншоотнинг қурилиш майдони 5 минг квадрат метрни ташкил этиб, бино дизайни энг замонавий шаклга эга. Ташкилотчилар мазкур "Ёшлар саройи" бунёд этилса, Туркистон шаҳри янада гўзал қиёфага киришини таъкидлади.
— Ўсиш, интилиш, шижоат — булар бари ёшларга хос хусусият. Шу маънода "Ёшлар саройи"ни ўсиб бораётган ҳаракатга ўхшатиш мумкин, — дейди архитектор. — Лойиҳамни 3D кўринишда тасвирлашга ҳаракат қилдим. 4 та корпус, пойдевор, 1 та фасад, 1 та том билан уланиб, ташқи кўринишидан умумий бинони ташкил этади. Фасад қисми ёғочли "парда" билан ўралган. Ёғочлар бежирим ўймакорлик намуналари билан безатилган. 4 та корпус орасида очиқ майдончалар бор. Улар том таги ва ёғочли парда ортида бўлиб, ёшлар у майдончаларда турли томошалар ўтказиши мумкин. Шунингдек, томга чиқиб сайр қилиш, тепаликдан табиат манзарасини томоша қилса ҳам бўлади.
Танловда дунёдаги йирик архитектура корхоналарининг иқтидорли мутахассислари ўз лойиҳалари билан иштирок этишди. Тахмина ҳам улардан қолишмаслигини исботлади.
Аброр УМАРҚУЛОВ