239 жамоа ичида 2-ўрин!
Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида ўқувчилар ўртасида информатика ва дастурлаш бўйича ўтказилган IX Евроосиё олимпиадасининг финал босқичида юртимиз ёшлари муносиб қатнашиб, 239 жамоа орасида иккинчи ўринни эгаллади.
Жумладан, Тошкент ахборот технологиялари университети қошидаги академик лицей ўқувчилари — Темурбек Хўжаев, Улуғбек Абдуманнопов ҳамда Сардор Собиров берилган 10 та мураккаб масаладан 7 тасига аниқ жавоб топди.
— Математика, физика, кимё фанидан ўтказиладиган халқаро беллашувларда юртимиз ёшлари доим етакчилик қилади.
Сўнгги йилларда информатика ва ахборот технологиялари соҳасига қаратилаётган юксак эътибор натижасида ёшларимиз мазкур йўналиш бўйича ҳам маҳоратини намойиш этмоқда, — дейди академик лицей директори Шавкат Ўроқов. — Алмати шаҳрида ўтказилган фан олимпиадасида ўқувчиларимиз белгиланган шартларни қийинчиликсиз бажариб, чет тилида эркин мулоқот қилиб, кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Ёшларимиз том маънода Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний каби алломалар юртидан эканини яна бир бор исботлади.
Мазкур академик лицей намунали таълим муассасаларидан бири бўлиб, ўқувчиларнинг чуқур билим олиши, иқтидор ва маҳоратини намойиш этиши учун барча зарур шарт-шароитлар мавжуд. Жумладан, таълим муассасасида “Ёш дастурчилар” тўгараги ташкил этилгани ўқувчиларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги сўнгги янгиликлардан хабардор бўлишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
— Таълим муассасамизда ўқиб-ўрганишимиз учун барча шароит муҳайё. 2016 йилдан буён лицейимиз ўқувчилари информатика ва ахборот технологиялари фанидан халқаро олимпиадаларда мунтазам иштирок этяпти. Мен ҳам мазкур нуфузли беллашувда қатнашиб, тажрибамни бойитиш имконига эга бўлдим, — дейди фан олимпиадаси совриндори Темурбек Хўжаев. — Алматидаги олимпиадада жамоамиз билан топшириқларни тез ва сифатли бажаришга ҳаракат қилдик. Берилган маълумотларни математик моделлаштириб, самарали дастурлар яратдик. Бундай ютуқлар бизни янада фаолликка чорлайди.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири