«Эртанги кун бизники, марра бизники!»
Жорий йилнинг 16—22 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида «Эртанги кун бизники, марра бизники!» шиори остида «Ёшлар ҳафталиги» бўлиб ўтади. Ёшлар ижод саройида илк бор ташкил этилаётган мазкур ҳафталикка бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
«Камолот» ЁИҲ, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Ўзбекистон Бадиий академияси, «Ўзбекнаво» миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш «Истеъдод» жамғармаси томонидан ташкил этилаётган «Ёшлар ҳафталиги»да фан, таълим, маданият ва санъат йўналишида таҳсил олаётган иқтидорли талабалар, давлат мукофоти ва стипендиялари соҳиблари, санъат ва маданият намояндалари, таниқли илм-фан арбоблари, кино ва мода йўналиши мутахассислари иштирок этади. Ҳафталик доирасида қисқа метражли фильмлар, мода ва дизайн, талабалар театр студиялари фестиваллари, «Қувноқлар ва зукколар» кўрик-танлови, «Тафаккур синовлари» беллашувининг финал босқичи, «XXI аср — интеллектуал авлод асри» шиори остида илмий-амалий конференция ҳамда «Янги нигоҳ» видеороликлар танлови совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилиши режалаштирилган.
— Ушбу йирик лойиҳадан кўзланган асосий мақсад ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини ривожлантириб, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини бойитишдир, — дейди «Камолот» ЁИҲ Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова. — Ҳафталикда талабалар етти йўналишда ўз иқтидор ва маҳоратини намойиш этиш имконига эга бўлади. Жумладан, кинематография соҳасига қизиққан йигит-қизлар жаҳон адабиётининг энг сара асарлари асосида спектакль саҳналаштириши, ўзи ишлаган қисқа метражли фильм ва видеоролик тақдим этиши мумкин. Шунингдек, мода ва дизайн фестивали ҳам ҳафталикнинг энг йирик ва кўп қиррали лойиҳаларидан биридир. Интеллектуал беллашув илмий-амалий конференциялар «Ёшлар ҳафталиги»нинг янада мазмунли ўтишини таъминлайди.
Анжуманда ҳафталик доирасида ўтказиладиган тадбирлар ҳақидаги саволларга ташкилотчилар атрофлича жавоб берди.
Ҳасан МЎМИНОВ,
«Ma’rifat» мухбири