Иқтидор ва маҳорат танлови
Ёшлар ижод саройида Асосий қонунимиз қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишлаб умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ташкил этилган “Конституциямиз – бахтимиз пойдевори” кўрик-танловининг мамлакат босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Танлов Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ва Адлия вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири ўринбосари Д.Кенжаев, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси И.Латипов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ёш авлоднинг ҳуқуқий билим ва маданиятини ошириш, ҳуқуқий таълимни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган йигит-қизларни вояга етказиш, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда уларнинг фаол иштирокини таъминлашда Конституциямиз асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 9 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма уч йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ “Конституциямиз – ҳуқуқ ва эркинлигимиз кафолати” шиори остида ҳуқуқий, маданий-маърифий тадбирлар ойлиги эълон қилинган эди. Ойлик доирасида барча умумтаълим мактабларида Конституцияни ўрганиш, унинг мазмун-моҳиятини ўқувчилар онгига чуқур сингдиришга қаратилган кўрик-танловлар, семинарлар, мулоқотлар, давра суҳбатлари ўтказилди. Бош қомусимизда белгиланган асосий принцип ва қоидаларнинг мазмун-моҳиятини ўқувчиларга етказишда, улар ўз ҳуқуқ ва бурчларини теран англаган авлод бўлиб вояга етишида “Конституциямиз – бахтимиз пойдевори” кўрик-танлови катта аҳамият касб этмоқда.
Ўқувчиларнинг Асосий қонунимизда белгиланган инсонпарвар, демократик тамойилларни иншо, тасвирий санъат асарларида эркин ифодалаш қобилиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаоллигини кучайтириш мақсади кўзланган танловнинг қуйи босқичларида 4 миллиондан зиёд ўғил-қиз қатнашди.
Танловда Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги 1-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ўқувчиси Хумора Сайдуллаева иншо йўналиши бўйича биринчи ўринни қўлга киритди. Наманган туманидаги 22-умумтаълим мактаби ўқувчиси Зарифа Ўринбоева ва Навоий шаҳридаги 3-умумтаълим мактаби ўқувчиси Озода Ўроқова кейинги ўринларни эгаллади.
Тасвирий санъат йўналиши бўйича Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги 1-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ўқувчиси Дилдора Абдусалимова биринчи ўринга, Бухоро шаҳридаги 34-умумтаълим мактаби ўқувчиси Шерзод Зоиров иккинчи, Хоразм вилоятининг Хонқа туманидаги 16-умумтаълим мактаби ўқувчиси Хосият Ҳайитбоева учинчи ўринга сазовор бўлди. Ғолиблар ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Азима ҚИЁСОВА
ЎзА.
В.ГРАНКИН олган суратлар.