«Санъат мактаби» илҳомлари
Ёшлар ижод саройида “Санъат мактаби” телевизион фестивали ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур фестиваль мамлакатимиздаги истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар ўз ижодий қирраларини рўёбга чиқариши учун имконият бериш, Ватанга муҳаббат, мустақиллик ғояларига садоқат ва фидойилик руҳида тарбиялаш каби мақсадларни ўзида қамраб олди.
Эстрада, анъанавий ва академик хонандалик, чолғу ижрочилиги, рақс санъати йўналишларида ўтказилган фестивалнинг ҳудудий босқичларида 1 минг 200дан зиёд ёш ижрочи иштирок этди. Улар орасидан энг муносиблари якуний босқичда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
— Тақдирланганлар қаторида менинг номим ҳам тилга олинганидан хурсандман, — дейди Ўзбекистон давлат консерваторияси 1-курс талабаси Диёра Мамазияева. — Айнан шундай ташаббуслар биз ёшларга ижод заҳматини англатиб, зиммамизга масъулият юклайди, ўзимизга ишончни оширади.
Ғолиблар “Энг намунали эстрада мактаби”, “Энг намунали анъанавий ашула мактаби”, “Энг намунали мусиқа ижрочилиги мактаби”, “Энг намунали опера ижрочилиги мактаби”, “Энг намунали устоз-шогирд мактаби вакили” каби номинациялар бўйича диплом, фаол иштироки учун фахрий ёрлиқ ва совғалар билан тақдирланди.
Акмал ЖУМАМУРОДОВ,
“Ma’rifat” мухбири
ЎзА суратлари.