Энг фаол ёш журналистлар аниқланди
Ёшлар ижод саройида «Йилнинг энг фаол ёш журналисти» республика кўрик-танлови совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди.
«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Журналистлар ижодий уюшмаси, Миллий телерадиокомпания, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган танловда телевидение, радио, матбуот, фото ва интернет журналистикаси йўналишларида фаол ижод қилиб келаётган ёшлар эътироф этилиб, диплом, статуэтка ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
— Ижодий беллашувнинг сон ва савияси йил сайин ошиб бормоқда. Жорий йилги танловда 400дан зиёд ёш журналист 3 мингдан ортиқ ижодий ишлари билан иштирок этди. Улар орасидан «Энг яхши мақола», «Энг яхши фотоасар», «Энг яхши телекўрсатув», «Энг яхши радиоэшиттириш», «Энг яхши интернет мақола» ва илк бор «Ёшларга оид давлат сиёсатини ёритувчи энг яхши видеоролик» номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди.
Туркум таҳлилий, мулоҳазага бой мақолалари билан ўқувчиларга таниш бўлган Моҳларойим Қаюмова «Энг яхши мақола» йўналиши бўйича биринчи ўринга сазовор бўлди.
— Бу рағбат мени янада фаол ижод қилишга ундайди, — дейди ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети талабаси Моҳларойим Қаюмова. — Танловда иштирок этиш учун «Капалак эффекти» оқибатлари ёхуд ёшлар қадриятлари билан ҳисоблашиш керак (ми)?», «Ўсмирлик даври масъулияти», «Бетга айтганнинг заҳри борми?» каби ёшлар маънавиятига бағишланган туркум мақолалар тайёрладим. Ёзганларим эътироф этилганидан хурсандман. Журналист ижод қилишдан тўхтамаслиги керак. Шундагина биз ўз касбимизга муносиб бўламиз.
Тадбир ёш ижрочилар ва санъат усталари иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.
Ҳасан МЎМИНОВ,
«Ma’rifat» мухбири
ЎзА сурати