Ёш олимлар машварати
Термиз давлат университетида Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури доирасида “Ёш олимлар конференцияси – 2016” республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, катта илмий ходимлари, амалиётчи-тадқиқотчилар, магистр ва талабалар, ўрта махсус, касб-ҳунар ва халқ таълими муассасалари ўқитувчилари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида жисмонан соғлом, маънан етук авлодни тарбиялаш, уларнинг онги ва қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини юксалтириш, иқтидорли, изланувчан ёшларни қўллаб-қувватлаш ва муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ёш авлод камолотига қаратилаётган бундай ғамхўрлик ўғил-қизларимизда Ватан тинчлиги ва юрт равнақига масъуллик туйғусини мустаҳкамлаб, уларни янги марралар сари интилишга ундаётир. Мустақиллик йилларида тубдан янгиланиб, замонавий қиёфада қад ростлаган Термиз давлат университети фаолияти бунга яққол мисол бўла олади.
Сурхондарё вилоятидаги ягона олий таълим муассасасида замонавий ўқув корпуслари ва бошқа иншоотлар қурилиб, жаҳон андозаларига мос жиҳозланаётир. Мавжуд бинолар реконструкция қилинмоқда. Мультимедиа ва компьютер воситалари билан жиҳозланган кенг, шинам аудиториялар, лингафон ва лаборатория хоналари, 169 минг китоб фондига эга замонавий ахборот-ресурс маркази, спорт ва бошқа иншоотлар ёшларнинг етук мутахассис бўлиб улғайишига хизмат қилмоқда.
– Навқирон авлоднинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта ўзлаштириши учун яратилаётган шароитлар уларнинг иқтидор ва салоҳиятини намоён этишига кенг йўл очмоқда, – дейди Термиз давлат университети ёш олимлар кенгаши раиси, иқтисод фанлари номзоди Маҳмуд Гадайшоев. – Ана шундай эзгу мақсадда изланиш олиб бораётган кўплаб ёшларимиз ижтимоий-гуманитар, табиий ва аниқ фанларда салмоқли ютуқларга эришаётир. Бунинг самарасида фан, таълим ва ишлаб чиқаришда интеграция жараёнлари чуқурлашиб, юртимиз тараққиётига хизмат қилмоқда.
Конференцияда мамлакатимиздаги 40 дан ортиқ таълим муассасасида фаолият юритаётган ёш илмий тадқиқотчилар ўзбек, рус, инглиз, немис ва бошқа тилларда ижтимоий-гуманитар, табиий ва аниқ фанларга оид 2 мингга яқин назарий ҳамда амалий тавсияларга эга материаллари билан иштирок этди. Уларда Ўзбекистонда иқтисодиёт тармоқларини инновацион ривожлантириш орқали юқори кўрсаткичларга эришиш, инновацион ривожланиш асосида миллий иқтисодиётимизни модернизация қилиш йўллари, аҳоли бандлигини ошириш истиқболларига кенг ўрин берилган. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинган. Таълим-тарбия жараёнларини янада ривожлантириш юзасидан назарий ва амалий тавсиялар ёритилган. Суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, фуқаролик масъулиятини ошириш борасидаги изчил ислоҳотлар кенг ўрганилиб, амалий аҳамиятга молик фикрлар илгари сурилган. Глобаллашув даврида миллий ва умуминсоний қадриятлар, ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, бой тарихимиз ва миллий қадриятларимизни, буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш жараёнида тўпланган қизиқарли манбалар ва бошқа мавзуларга алоҳида эътибор қаратилган.
– Бугунги илмий анжуманда “Сўфи Оллоёр шогирдлари” деб номланган маърузам билан иштирок этдим, – дейди Самарқанд вилоятидаги Тайлоқ иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи директорининг ўринбосари, ёш тарихчи-тадқиқотчи Меҳрожиддин Омонов. – Ушбу мавзуни ўрганиш жараёнида шоир ҳаёти ва ижодининг янги қирраларини очиш, қадимги устоз–шогирд анъаналарини чуқур таҳлил қилишга интилаяпман. Анжуман айниқса, биз, ёш тадқиқотчилар учун жуда фойдали бўлди. Турли мавзуларда ўзаро фикр алмашиш, илмий баҳс-мунозарага киришиш имконини берди.
Илмий-амалий анжуманнинг ялпи ва шўъба йиғилишларида ёш олимлар олиб бораётган илмий-тадқиқот ишлари юзасидан фикр алмашилди, соҳалардаги ютуқ ва муаммолар атрофлича таҳлил қилинди, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Х.МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири
Фарҳод АБДУРАСУЛОВ ( ЎзА) олган суратлар .