Нафис туйғулар
2015 йил 15 июль. Омонжон аканинг кўзи илинган экан, туйқус жиринглаган қўнғироқдан шошиб уйғонди. Алламаҳалда безовта қилаётган ким бўлса? Гўшакни кўтарган эди ҳамки, ўғли ўқиётган мактаб директорининг қувончли овози янгради:
– Алло, Омонжон, табрикланг! Нуруллоҳ Гран-прини олди!
Нуруллоҳ Носиров пойтахтимиздаги 18-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўқийди. У ўтган йили “Sun of Italy” халқаро танловида зўр муваффақиятни қўлга киритди. Маримба чолғусида мусиқа ижро этиб, мактаби номини жаҳон саҳнасигача олиб чиқди. Бундай пайтда устозлар, айниқса, ота севинчини ҳеч нимага қиёслаб бўлмайди. Эҳтимол, фарзанди туғилганида юракдан гупуриб келган ҳаяжонни яна бир бор ҳис қилди, дейиш мумкин.
Агар 1991 йили халқаро танловларда мамлакатимиздан атиги уч нафар ўқувчи иштирок этган бўлса, 2008 йили бу кўрсаткич 31 нафарни, ўтган йили эса 137 нафарни ташкил этди. Юртимиз ёшлари АҚШ, Франция, Италия, Испания, Германия, Буюк Британия, Япония, Руминия, Россия, Озарбойжон, Латвия каби давлатларда ўтказилган нуфузли халқаро танловларда ўз истеъдодини намоён этиб, совринли ўринларни қўлга киритмоқда.
Ҳа, бугун мусиқа ва санъат соҳасида кузатиб, гувоҳи бўлаётганимиз бу каби муваффақиятлар — юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг самарасидир. Президентимизнинг 2015 йил 20 ноябрдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016—2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори 2008 йил 8 июлда қабул қилинган қарорнинг мантиқий давоми экани билан биргаликда, ўқувчи-ёшларнинг истеъдод ва қобилиятини шакллантириш, миллий ва жаҳон мусиқалари, тасвирий санъат намуналаридан кенг баҳраманд бўлиш учун янада такомиллашган ва қулай шароит яратиш имконини берди. Халқ таълими вазирлиги томонидан Яккасарой туманидаги 18-болалар мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилган матбуот анжуманида бу борада амалга оширилаётган тизимли ишлар, келгуси режалар тўғрисида атрофлича фикр юритилди.
Таъкидлаш ўринлики, 2008 йил 8 июлда Юртбошимизнинг “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009—2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз мусиқа ва санъат таълим тизимида туб ўзгаришларни бошлаб берди. Давлат дастури доирасида асосан аҳоли зич ва умумтаълим мактаблари яқин бўлган жойларда 278та болалар мусиқа ва санъат мактабида қурилиш-тиклаш ишлари бажарилди. Уларнинг барчаси замонавий мусиқа чолғулари, овоз кучайтиргич, мебель ва ускуналар билан жиҳозланди.
— Мактабимиз 2010 йили янгидан барпо этилди, — дейди 18-БМСМ директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Одина Раҳимова. — Муассасамизда 326 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 50 нафар маҳоратли ва тажрибали ўқитувчи-педагог соҳа сирларини ўргатиб келмоқда.
Эътиборлиси, болалар мусиқа ва санъат мактабларида яратилган замонавий шарт-шароитлар натижасида ўқувчилар қамрови 1,5 баробарга ортди. 2008 йилда уларда республика бўйича жами 38 минг нафар ўқувчи таълим олган бўлса, ушбу кўрсаткич 2015 йилда 59 мингга етди. Ўқувчиларга 10 минг нафар педагог сабоқ бераётир. Ўтган йиллар мобайнида болалар мусиқа ва санъат мактаблари қарийб 20 минг нусха ўқув қўлланмаси, 40 мингга яқин ноталар тўплами, жаҳон ва юртимиз композиторларининг асарлари ёзилган мингдан зиёд СД диск, 556та кўргазмали материал билан таъминланди.
“Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016–2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилинишидан кўзланган асосий мақсад эса болалар мусиқа ва санъат мактабларини қуриш ва ҳудудий жиҳатдан мақбул жойлаштириш бўйича бошланган ишларни давом эттириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг умумий ўрта таълим олиши ва уларни ҳар томонлама маънавий-ахлоқий тарбиялашнинг бир-бирига боғланган яхлит тизимини шакллантириш, болаларнинг ижодий салоҳиятини янада кенг очиб бериш, мусиқа ва санъатнинг бошқа турларини чуқурроқ тушуниши ҳамда уларга нисбатан меҳр-муҳаббат уйғотиш, мусиқа ва санъат соҳаларида жаҳон меросини ўрганишлари учун шарт-шароитлар яратишдан иборат.
— Ушбу қарорга мувофиқ белгиланган йиллар мобайнида аҳоли зич яшовчи ҳудудларда жами 98та болалар мусиқа ва санъат мактабини барпо этиш кўзда тутилган, — деди Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов матбуот анжуманида. — Шундан жорий йилда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган 18та болалар мусиқа ва санъат мактабининг ҳудудлар бўйича манзилли дастури ишлаб чиқилди. Мавжуд 72 номдаги ўқув дастури хорижий тажрибалар, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида такомиллаштирилди. Ҳозир республика миқёсида танлаб олинган 30та таянч болалар мусиқа ва санъат мактабида ўқув дастурларини тажриба-синовдан ўтказиш ишлари давом этмоқда.
Шунингдек, такомиллаштирилган ўқув дастурлари асосида яратиладиган ўқув қўлланма, ноталар тўплами ва кўргазмали материаллар билан босқичма-босқич таъминлаш бўйича 2016—2020 йилларга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра ушбу йиллар давомида етмишдан зиёд ўқув қўлланма яратилиши ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактабларига етказиб берилиши назарда тутилган. Айни пайтда эса 15 номдаги ўқув қўлланма ишлаб чиқилди. Бах, Шопен, Бетховен, Моцарт, Чайковский каби жаҳон композиторларининг машҳур асарлари жамланган 5 номдаги ноталар тўплами яратилди.
Яна бир муҳим жиҳат, янги қарорга мувофиқ ота-оналарга қулайлик яратиш, болалар мусиқа ва санъат мактабларига болалар қамровини ошириш мақсадида тўлов тизими такомиллаштирилди. Эндиликда Тошкент шаҳрида битта бола учун бадал пули энг кам ойлик иш ҳақининг 75 фоизи миқдорида тўланадиган бўлди. Вилоят марказларида 50, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа аҳоли пунктларида 30 фоиз этиб белгиланди. Агар битта оиладан икки ёки ундан ортиқ фарзанд болалар мусиқа ва санъат мактабида ўқийдиган бўлса, уларнинг бир нафаридан бадал пули олинади, холос. Мамлакат ва халқаро танловлар ғолиблари бир йил бепул ўқитилади.
Бундан ташқари, дастур доирасида амалга оширилган ишлар натижасида мусиқа ва санъат мактабларининг қамров қувватини барча ҳудудларда умумтаълим мактаблари ўқувчилари контингентига нисбатан камида 1,5 фоизга чиқариш мўлжалланган. Натижада эса болалар мусиқа ва санъат мактаблари тизими кенгайиб, барча туман, шаҳар ва қишлоқларда ўқувчиларнинг мусиқий меросимиз билан бирга, жаҳон мумтоз композиторлари ва рассомларининг ижодини ўрганишга қизиқиши ошади. Янги дастурга асосан иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, болаларнинг ижрочилик салоҳиятини ошириш, ўқувчиларни рағбатлантириш ва уларнинг ижодини кенг тарғиб этиш мақсадида турли танлов ва фестивалларни ўтказиш режалаштирилган.
Энди мақола аввалига – мактаб директорининг Омонжон акага қўнғироқ қилган ҳолатига қайтсак. Бундан ҳам олдин диққатингизни ушбу маълумотга қаратсак: бугун мамлакатимизда 283та болалар мусиқа ва санъат мактабида 59 минг нафар ўқувчи таҳсил олмоқда! Нуруллоҳ ана шу эллик тўққиз мингдан биттаси. Қарийб олтмиш минг ўқувчининг барчаси чинакам маънода санъат ичида улғаяётир. Сўзсиз, болалар мусиқа ва санъат мактабида ўқиётган ўғил-қизларнинг барчаси ота-онасига бир хабарни айтишга ошиқади:
— Ғолиб бўлдим!!!
Президентимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда, “Ана шундай ёшларга эга бўлган, ўз олдига юксак ва улуғ мақсадлар қўйиб яшаётган халқни ўз йўлидан асло тўхтатиб бўлмайди, у ўз мақсад-муддаоларига албатта эришади”.
Акмал ЖУМАМУРОДОВ,
“Ma’rifat” мухбири
В.ГРАНКИН олган суратлар.