Мукофот муборак бўлсин!
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида Президентимизнинг 2016 йил 1 мартдаги қарорига мувофиқ аъло хулқи, ноёб истеъдоди, ташаббускорлиги, ўқишдаги муваффақиятлари ва адабиёт, маданият, санъат, таълим ва спорт соҳасидаги алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган қизлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари мукофот соҳибаларини табриклаб, мамлакатимизда қизларнинг соғлом ва баркамол улғайиши, касб-ҳунар эгаллаши учун барча шароитлар яратиб берилаётганини таъкидлади.
— Мукофотга муносиб деб топилганим, менга ишонч билдирилганидан мамнунман. Ушбу мукофот мени янги-янги марралар сари чорлайди, зиммамга катта масъулият юклайди, — дейди мукофот соҳибаларидан бири, Жиззах давлат педагогика институти қошидаги 2-академик лицей ўқувчиси Моҳигул Раимқулова. — Эҳтимол, ижод намуналарим ҳали эътироф этиш даражасида эмасдир, лекин давлатимизнинг адабиётга, маънавиятга қаратаётган эътибори, ғамхўрлиги биз каби ёш ижодкорларни, қалам аҳлини қувватлантириши, рағбатлантириши шубҳасиз.
Тадбирда Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган умидли қизларнинг эришган ютуқлари, ижодий ишларига оид тақдимотлар намойиш этилди. Иқтидорли қизлар иштирокидаги концерт дастури тадбирга файз бағишлади.
Чарос НИЗОМИДДИНОВА,
“Ma’rifat” мухбири