«Биз — буюк юрт фарзандларимиз!»
Ёшлар ижод саройида “Камолот” ЁИҲ томонидан мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ўтказиладиган ёшлар фестивалига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маданият ва санъат арбоблари, шоир ва ёзувчилар, эстрада хонандалари, опера ижрочилари, актёрлар, ёш олимлар, давлат мукофоти ва «Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони совриндорлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил март-май ойларида ўтказиладиган ёшлар фестивалида 18та лойиҳа ташкил этилиб, уч миллиондан ортиқ ёшларнинг иштироки таъминланиши кўзда тутилган.
“Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши раиси Баҳодир Ғаниев ёшлар фестивалини юқори савияда ўтказиш учун ҳудудларда тарғибот гуруҳлари тузилганини таъкидлаб ўтди. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар ҳамда иқтидорли ёшлар гуруҳларга бириктирилади. Фестивални ҳар бир таълим муассасаси, ҳарбий қисмлар, маданият ва истироҳат боғлари, аҳоли дам олиш масканлари, спорт майдонлари ва маҳаллаларда ўтказиш режалаштирилган.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири