«Биз — буюк юрт фарзандларимиз!»
Ёшларни эзгу мақсад йўлида бирлаштирган ушбу фестивалда миллий ва умуминсоний қадриятлар, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги, юрт тинчлигига йўғрилган йирик лойиҳалар асосида оммавий тадбирлар ўтказилмоқда.
2011 йилдан буён “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари билан ҳамкорликда анъанавий равишда ўтказиб келинаётган ёшлар фестивали географияси йилдан-йилга кенгайиб, таъсирчанлиги ортиб бормоқда. Фестиваль ташкил этилган биринчи йили тадбирларга 200 нафар тарғиботчи жалб этилган бўлса, жорий йили тарғибот-ташвиқот лойиҳаларида 800 нафардан ортиқ (Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маданият ва санъат арбоблари, шоир ва ёзувчилар, эстрада хонандалари, опера ижрочилари, актёрлар, ёш олимлар, давлат мукофоти ва «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони совриндорлари, спортчилар) турли соҳа вакиллари қатнашаяпти.
— Ёшлар фестивалини ўтказишдан асосий мақсад — мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигини кенг нишонлаш, ўтган давр мобайнида қўлга киритилган ютуқлар, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ёшларга тушунтириш, улар ўртасида маънавий-маърифий тарғибот ишларини самарали ва таъсирчан услубда амалга оширишдир, — дейди “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши раиси Баҳодир Ғаниев. — Фестиваль ҳар бир ҳудудда белгиланган дастур асосида ўтказилиб, унда «Бу — менинг Ватаним!», «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин», «Оммавий маданият» ва ёшлар маънавияти», «Депутат ва ёшлар», «Замонамиз қаҳрамонлари», «Камолот» кутубхонаси”, “Биз — соғлом турмуш тарафдоримиз”, “Диний экстремизм ва терроризм — ёшлар келажагига таҳдид” каби мавзуларда жами 18та лойиҳа доирасида оммавий тадбирлар ўтказилади. Ёзувчи ва шоирлар, кино ва театр актёрлари билан учрашувлар, китобхонликни кенг тарғиб қилишга қаратилган тадбирлар, интеллектуал беллашув ва спорт мусобақалари фестиваль иштирокчиларида ёрқин таассурот қолдириши, шубҳасиз.
«Биз — буюк юрт фарзандларимиз!» шиори остидаги ёшлар фестивали 23—25 март кунлари жанубий воҳа — Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтди. Алпомиш ва Барчиной юрти йигит-қизлари тадбирларда фаоллик кўрсатиб, фестивалнинг янада мазмунли, унутилмас воқеаларга бой бўлиши учун ўз ҳиссаларини қўшишди.
Ёшлар — жонли ижро тарафдори
Бойсун туманидаги 6-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган тадбир ана шундай номланди. Бу қизиқарли лойиҳада куй-қўшиқлар жонли ижро этилди. Ўқувчилар фестиваль меҳмонларини кутиб олиш чоғидаёқ, оркестр жўрлигида Ватанни мадҳ этувчи қўшиқ куйлаб, ҳаммани ҳайратга солди.
— Мухлис куй-қўшиқдан эстетик завқ олиши, чинакам санъат сеҳрини сезиши учун жонли ижро тинглаши зарур, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шоҳида Исмоилова. — Биз ҳам жажжи ўғил-қизларимизнинг ёқимли овозини эшитиб, завқландик. Фонограмма оммалашиб бораётган айни пайтда ёшларнинг жонли ижро тарафдори эканини кўриб, хурсанд бўлдик.
Тадбирда миллий қадриятларимизни улуғловчи, фольклор йўналишидаги куй-қўшиқлар ижро этиб, эътирофга сазовор бўлган ўқувчилар “Камолот” кутубхонаси”нинг сара адабиётлари билан тақдирланди.
Олтинсойдаги олтин лаҳзалар
Пурвиқор тоғларию ширин узумлари билан машҳур бўлган Олтинсой туманидаги дастлабки тадбир 15-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилди. «Одам савдоси — давр муаммоси» лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган мавзу ҳақида атрофлича фикр-мулоҳаза юритилди. Бундай иллатлар таъсирига тушиб қолмаслик учун қунт билан билим олиш, ўз мустақил фикрича эга бўлиш, спорт билан мунтазам шуғулланиш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш зарурлиги қайд этилди.
Олтинсой қурилиш касб-ҳунар коллежида ўтказилган “Камолот” кутубхонаси” лойиҳаси иштирокчиларга завқ-шавқ бағишлаб, турли викториналар орқали билим ва салоҳиятини синовдан ўтказиш имконини берди. Ўз топқирлиги билан эътирофга сазовор бўлган ёшлар таниқли санъаткорларнинг дастхати битилган китоблар билан тақдирланди.
— Бадиий асарларни севиб мутолаа қилганим ижодий беллашувда қўл келди, — дейди коллеж ўқувчиси Сарвиноз Амиралиева. — Биз буюк юрт фарзанди эканмиз, бу номга муносиб бўлишимиз керак. Бунинг учун эса кўп ўқиш, изланиш, астойдил ҳаракат қилиб, эл-юртга наф келтиришимиз лозим.
Тумандаги қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида «Замонамиз қаҳрамонлари” лойиҳаси ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Ўзбекистон халқ ҳофизи Ўктамжон Аҳмедов, халқ артисти Маҳмуд Намозов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гавҳар Зокирова, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Меҳриноз Аббосова каби меҳмонларнинг ижод намуналари олтинсойлик ёшларга бир олам завқ бағишлади.
— Замонамиз қаҳрамонлари билан учрашиб, дилдан суҳбатлашиб, роҳатландик. Халқимизнинг севимли санъаткорлари билан юзма-юз учрашиш биз ёшларни руҳлантириб юборди. Юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшаётган ҳар қандай кишининг Ватани ва халқига фойдаси тегиши зарур. Зеро, ватанпарварлик туйғуси билан яшаш, эл корига камарбаста бўлишнинг ўзи ҳам бир қаҳрамонликдир, — деди тадбир қатнашчиси Дилрабо Ўрозова.
Чўнтошда байрам давом этмоқда
Чўнтош адирлиги Сурхон элига яхши таниш. Ҳали Наврўз сайли ҳовури сўнмаган адир яна байрамона кўринишга кирди. Беш мингга яқин деновлик ўғил-қизни жамлаган адирликда фестивалнинг «Биз — соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” лойиҳаси ўтказилди. Тадбирга таниқли актёр ва режиссёрлар, хонанда ва шоирлар ташриф буюрди. Тадбирнинг биринчи қисмида соғлом турмуш тарзининг аҳамияти ва салбий иллатлар — гиёҳвандлик, диний экстремизм, терроризм, “оммавий маданият”нинг зарарли таъсирлари ҳақида фикр алмашилди. Иккинчи қисмда ёшлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова, режиссёр Ҳилол Насимов, олим Рихсивой Каримов, хонандалар Сардор Мамадалиев ва Ойбек Халилов билан гурунглашди, уларнинг ижод намуналаридан баҳраманд бўлди.
— Қувончим ичимга сиғмай кетаяпти! Яқин орада бунақа тадбирда қатнашмаганман. Ҳақиқатан ҳам, биз — буюк юрт фарзандларимиз! Ёшлар учун яратилган имкониятларни қаранг?! Мен ўзбекистонлик бахтли ёшлардан бириман. Ўтган йили Россияда ёш мусиқачилар ўртасида ўтказилган “Янги номлар” ижодий фестивалида иштирок этдим. Турли миллатга мансуб тенгдошларимдан ўрганганларимни амалда қўллаб, юртимиз анъанавий хонандалиги ривожига ўз ҳиссамни кўшмоқчиман, — дейди Денов туманидаги 14-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Абдуҳаким Ҳамроев.
Болалар шодлиги оламни тутсин
Қумқўрғон туманидаги 11-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган “Бу — менинг Ватаним!” лойиҳаси ўқувчиларга ёрқин лаҳзаларни туҳфа этди. Муассаса ўқувчиларининг кўргазмали чиқишлари, ижод намуналари Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари фестиваль шукуҳини янада оширди. Нодирбек Қулмаматовнинг фортепианода чалган куйи санъат намояндаларининг эътирофига сазовор бўлди.
— Болалар юз-кўзидаги шодликни кўраяпсизми?! Улар «Биз — буюк юрт фарзандларимиз!» шиорини нафақат фестиваль, балки ўз ҳаёт шиорига, шамчироғига айлантирган. “Камолот” ЁИҲнинг лойиҳалари ўқувчиларимизнинг ўз иқтидорини намоён этишида муҳим аҳамият касб этмоқда, — дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Насиба Соҳибова.
Ҳоким ёшлар билан учрашди
Қизириқ тумани ҳокимлигида ўтказилган учрашув ёшлар бандлиги, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш масалаларига бағишланди. Ёшлар туман мутасаддиларига ижтимоий-иқтисодий йўналишларда ўзларини қизиқтирган савол, таклиф ва фикр-мулоҳазалари билан мурожаат қилди.
— Ўтган йили фестиваль доирасидаги «Ҳоким ва ёшлар” учрашувида туман ҳокимига банкдан имтиёзли кредит олиш масаласида мурожаат қилгандим, — дейди ёш тадбиркор Назокат Собирова. — Ҳокимликнинг саъй-ҳаракати билан ниятим амалга ошди. Ҳозир якка тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаяпман. Биз ёшларни қўллаб-қувватлайдиган, орзу-умидларимизга қанот бўладиган бундай лойиҳалар кўпаяверсин.
Ангор, Музработ туманларида ўтказилган «Ҳоким ва ёшлар” лойиҳасида ҳам ёшларга кенг имконият берувчи таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Ёшлар маънавияти — муҳим масала
Шеробод маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида “Оммавий маданият” ва ёшлар маънавияти” мавзусида ташкил этилган тадбирда иштирок этган санъаткорлар, ёзувчи ва шоирлар, педагоглар ёш авлодни турли маънавий хавф ва таҳдидлардан огоҳ қилиш, уларни миллий ғоя атрофида жипслаштириш, ўқувчилар онгу шуурига эзгу фазилатларни сингдириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири эканини алоҳида таъкидлашди.
Ҳарбий қисмлардан бирида «Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!» лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилиб, халқимиз севган санъаткорлар дилтортар тароналари билан Ватанимиз тинчлиги йўлида хизмат қилаётган посбонларимизни қутлашди.
Даврада 90 ёшли отахонлар
Ёшлар фестивали тарғибот гуруҳи аъзолари нафақат ёшлар, балки нуронийлар билан ҳам учрашиб, уларнинг дуосини олишга интилмоқда. Жарқўрғон туманидаги Кенжа бобо ҳамда 92 ёшли Шердон бобо хонадонига қилинган ташриф мезбонларга бир олам шодлик улашди. Отахонлар даврани гир айланиб рақсга тушгани ҳаммасидан ажойиб бўлди. Кексалар қўлини дуога очиб, “Замонамиз тинч, турмушимиз фаровон бўлсин, бундай дориломон кунларимизга, тинчлик-хотиржамлигимизга, фарзандларимизнинг порлоқ келажагига кўз тегмасин. Турли бало-қазолардан Яратганнинг ўзи асрасин”, дея яхши ниятлар қилди.
Фестиваль вилоят ёшларини бир мақсад йўлида жипслаштирди. Фестиваль Термиз шаҳридаги “Сурхон” спорт мажмуасида таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокидаги гала-концерт билан якунланди.
Фестиваль бошқа ҳудудларда давом этади.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири