Қашқадарёда ёшлар фестивали
Баҳор борлиққа ранго-ранг сепини ёйган шукуҳли кунларда Қашқадарё вилояти фасллар келинчагига ҳамоҳанг тарзда байрамона тус олган. Вилоятда Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остидаги ёшлар фестивали бошланди.
Дастлаб фестиваль доирасида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда оммавий ахборот воситалари ходимларига фестивални ўтказишдан асосий мақсад, тадбир ва лойиҳалар ўтадиган муассасалар, иштирокчилар ва бошқа зарур маълумотлар берилди. Ташкилотчилар жорий йилги фестивалда янги ташкил этилган лойиҳалар бўйича атрофлича фикр юритишди. Жумладан, “Бу менинг Ватаним!” лойиҳаси доирасида Президентимизнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” асарининг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган тақдимотлар, “Кичик фильмдан катта кинога”, “Талабалар театр студиялари”, “Ёшлар жонли ижро тарафдори” каби лойиҳалар ёш авлоднинг онгу тафаккурини бойитишига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Ёшлар фестивалининг биринчи кунида “Депутат ва ёшлар” лойиҳаси бўлиб ўтди. Миришкор тумани ҳокимлигида ўтказилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдиғани Умиров бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ёшларга яратилган имкониятлар ҳақида сўз юритди.
Миришкор туманидаги 3-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган “Сиз севган қаҳрамонлар” мавзусидаги тадбирда таниқли санъаткорлар, кино ва театр ижодкорлари, ёзувчи ва шоирлар, эстрада хонандалари иштирок этди. Ёшлар Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов, санъаткорлар Аслиддин Дўстов, Алишер Файз, Наргиза Абдуллаева билан дилдан суҳбатлашиб, уларнинг ижод намуналаридан баҳраманд бўлди. Эркин Комиловнинг аввалги давр ва бугунги кун таълим муассасалари ўртасидаги тафовутлар ҳақидаги фикрлари ўқувчиларда бир олам таассурот қолдирди.
— Турли соҳа вакиллари, таниқли санъаткорлар билан юзма-юз кўришиб, гурунглашишга нима етсин, — дейди таълим муассасаси директори Ҳанифа Тиловова. — Бундай лойиҳалардан бир олам завқ олаётган ўқувчиларнинг хурсандлигини кўрсангиз эди?! Санъат гулшанига энди қадам қўяётган ўғил-қизларимиз учун бундай учрашувлар муҳим аҳамиятга эга.
Фестиваль иштирокчилари “Нуронийлар эъзозимизда” лойиҳаси доирасида Миришкор туманидаги “Гулистон” маҳалласида истиқомат қилувчи, “Шуҳрат” медали соҳибаси Гулсанам ая Ҳамроева хонадонида бўлди. Санъаткорлар билан дийдорлашган онахон эзгу ишларга бош-қош бўлаётган барча-барчани дуо қилди.
— Уйимизга санъаткорлар келади, деб ҳеч ўйламагандим. Билганимда бошқача тайёргарлик кўрардим, — дейди Гулсанам ая. — Бундай дориломон кунларга етказганига шукур! Халққа бош-қош, юрт фаровонлигида жонкуяр бўлаётган Президентимиз омон бўлсин. Юртимиз бундан-да гуллаб-яшнасин, болаларимизнинг бахту камолини берсин.
Ёшлар фестивали вилоятнинг барча туманларида қизғин давом этмоқда.
Ўктам МЕЙЛИЕВ,
«Ma’rifat» мухбири