Салоҳият ва имкониятлар намойиши
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида XIV “Таълим ва мутахассислик” кўргазмаси бўлиб ўтди.
«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда “SSP-Expocontaсt” МЧЖ ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу кўргазмада юртимизда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари, хориждаги нуфузли олий ўқув юртлари ва уларнинг Ўзбекистондаги филиаллари, хорижда таълим олишга кўмаклашувчи ташкилотлар, ўқув курслари ҳамда бандликка кўмаклашувчи марказлар иштирок этди.
Кўргазманинг очилиш маросимида “Камолот” ЁИҲ марказий кенгаши раиси ўринбосари Сарвар Ашуров, Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Назира Дадахонова, шунингдек, Латвия Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Эдгарс Бондарс, АҚШ элчихонасининг маданият ва таълим масалалари бўйича атташеси Диане Дел Росарио ва бошқалар ¡збекистон таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида ёшлар замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаётганини алоҳида таъкидлашди.
— Кўргазмани ташкил этишдан асосий мақсад ёшларни Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар ўқув муассасалари билан таништириш, мутахассислиги бўйича иш топишига кўмаклашишдан иборат, — дейди “Камолот” ЁИҲ марказий кенгаши координатори Бахтиёр Мирзатов. — Бугунгача ўтказилган “Таълим ва мутахассислик” кўргазмаларида 160 мингдан ортиқ ёшлар қатнашди. Йигит-қизларимиз дунёнинг исталган давлатига бориб, танлаган йўналишида таълим олиш, малакасини ошириш, касб-ҳунар эгаллаш имконига эга. Кўргазма ёшларнинг бу борадаги интилишларини янада кенгроқ рўёбга чиқаришга имконият яратади.
Атрофга назар ташлаймиз. Кўплаб ёшлар ўзлари қизиққан, билим олишни истаган таълим муассасалари, улардаги йўналишлар билан яқиндан танишаяпти. Аниқ режа ва фаолиятини белгилаб олиш мақсадида ўқув муассасалари ҳамда марказларнинг масъул ходимларига саволлар билан мурожаат этишаяпти.
— Мен техникага жуда қизиқаман, — дейди пойтахтимиздаги 210-умумтаълим мактаби 9-синф ўқувчиси Отабек Лолашев. — Мактабда физика, математика фанларини чуқур ўрганаяпман. Мақсадим — бугунги замонавий ўйинчоқлар технологиясини чуқур ўзлаштириш ва шу соҳада янгиликлар яратиш. Бунга кичкиналигимдан қизиқиб келганман. Шу боис Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети қошидаги академик лицей йўналишлари билан яқиндан танишиб чиқдим.
Янги ташкил этилган ихтисослик ва мутахассисликлар, хусусан, Тошкент ирригация ва мелиорация институтидаги сув хўжалигини автоматизациялаштириш, Тошкент автомобиль-йўллар институтидаги логистика, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтидаги бизнес, молия, туризм ва маркетинг йўналишларига ҳам ёшлар катта қизиқиш билдиришди.
Аксарият йигит-қизлар Малайзия, АҚШ, Хитой, Латвия, Англия, Венгрия, Испания, Россия, Канада, Швейцария, Сингапур каби давлатлардан қатнашаётган хорижий олий ўқув юртлари вакиллари билан инглиз тилида мулоқотда бўлиб, улардан таълим муассасаларида яратилган шарт-шароитлар тўғрисида гапириб беришни сўрашяпти.
— Ўқув юртимизда ёшлар инглиз ва испан тилларида таълим олишлари мумкин, — дейди UCAM Espanol институти маркетинг менежери Каролина Каррилло хоним. — Бизнес, туризм, спорт бўйича инглиз тилида таҳсил олсалар, бошқа йўналишлар испан тилида ўқитилади. Институтимизнинг яна бир қулай томони ўқишга қабул қилинувчилар агар испан тилини ўрганишни истаса, аввал бир йил давомида тил ўрганадилар, сўнг ўзлари хоҳлаган йўналишда шу тилда таҳсил оладилар. Институтимиз Испаниянинг Урсия шаҳрида жойлашгани ҳам бутун дунёдан келган талабалар учун енгиллик туғдиради. Биз бу кўргазмада биринчи марта қатнашаяпмиз. Аммо ўзбекистонлик ёшларнинг катта қизиқиш билдириб, самимий муносабатда бўлаётганидан хурсандман. Юртингизда кенг миқёсда ўтказилаётган бундай кўргазмалар ёшларнинг таълим олиши ва ўз танлаган касби бўйича фаолият олиб бориши учун давлатингиз томонидан қаратилаётган юксак эътибор намунасидир.
Кўргазманинг иккинчи йўналишида кадрларни ишга жойлаштириш агентликлари, меҳнат биржаси, касбга йўналтириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш марказлари иш олиб бормоқда.
— Туманимиз бўйича 947 иш ўрни бор, — дейди Олмазор тумани бандликка кўмаклашиш маркази бош мутахассиси Лолахон Ҳайдарова. — Олий, ўрта махсус маълумотли кадрларни ишга таклиф қиляпмиз. Коллеж битирувчилари кўпроқ енгил саноат, тиббиёт соҳаларидаги бўш иш ўринлари билан қизиқишмоқда.
Тадбирда иштирок этаётган “Камолот” ЁИҲ марказий кенгаши қошидаги “Бизнес”, “Ахборот технологиялари”, “EnglishLife” клублари ҳам кўпчиликнинг диққатини тортди.
“Таълим ва мутахассислик” кўргазмаси доирасида ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга кўмаклашиш мақсадида лойиҳалар тақдимотлари, қизиқарли семинар-тренинг ва танловлар ўтказилди. Бу йилги XIV “Таълим ва мутахассислик” кўргазмаси ана шу каби жиҳатлари билан бошқа тадбирлардан яққол ажралиб турди.
Зилола МАДАТОВА,
«Ma’rifat» мухбири
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ олган суратлар.