Эзгуликка йўғрилган фестиваль
Қашқадарёда “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ўтказилган фестиваль вилоят ёшлари қалбида Ватанга содиқлик туйғусини жўш урдирди. Ташкил этилган турли тадбирлардан ҳеч ким четда қолмади. Лойиҳалар қайси мавзуда бўлмасин, ёшлар қалбидаги юртга садоқат, тинчликнинг қадрига етиш, огоҳ ва сергак туриш, ёт ва ёвуз ғояларга қарши курашиш, аждодларимизга муносиб фарзанд бўлиш, она диёримизнинг янада гуллаб-яшнашига ўз ҳиссасини қўшишдек юксак инсоний туйғуларни янада мустаҳкамлади, юксалтирди.
Ким эдигу ким бўлдик?
Тинчлик, осойишталик — муқаддас неъмат. Уни асраб-авайлаш, қадрига етиш ҳар биримизнинг бурчимиз, вазифамиздир. Ўзини шу азиз Ватаннинг фарзандиман, деган ҳар бир инсон доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаши, бугунги фаровон ҳаётимизни кўз қорачиғидек асраши зарур.
Китоб тумани ҳокимлигида ўтказилган “Ҳоким ва ёшлар” лойиҳаси иштирокчилари ана шундай шукроналик туйғуларини билдиришди. Тадбирда узоқ ўтмишга, яқин тарихимизга назар солиб, буюк алломаларимиз, Президентимизнинг асарларини мутолаа қилиш, кеча ким эдиг-у, бугун ким бўлганимизни янада теранроқ англашимиз хусусида сўз борди. Истиқлол йилларида бутун республикамиз шаҳару қишлоқлари таниб бўлмас даражада ўзгарди, аҳоли турмуш тарзи тубдан яхшиланди. Бу фикрнинг исботини Китоб шаҳрининг аввалги ва бугунги қиёфасини таққослаб, рўй бераётган ўзгаришлар мисолида кўришимиз мумкин. Эришилган ютуқларни санаб адо қилиб бўлмайди. Мулоқотда иштирок этган ёшлар Ватанимиз келажаги, тараққиёти учун бор билим ва тажрибаларини сафарбар этиб, юртимиз фаровонлигига ўз ҳиссаларини қўшишини таъкидладилар.
“Китоб” сўзининг маъноси нима?
” Камолот кутубхонаси” лойиҳаси “Китоб тумани нега шундай аталган?”, “Юртимиздаги энг баланд чўққи қаерда жойлашган?”, “Республикамизнинг энг сувли ва чўлли ҳудуди қайси?” каби географияга оид қизиқарли савол-жавоблар билан бошланди. Тумандаги 4-умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирда Республика фанлар академияси геология-геофизика институти ўқитувчиси, геология-минералогия фанлари номзоди Булат Султонов ёшларнинг салоҳиятини синаш баробарида ўз тажрибалари ҳақида сўзлади.
— Туманимиз сувот ва табиий иқлимнинг мўътадиллиги боис, шундай номланган, — дейди мактабнинг 6-синф ўқувчиси Азиза Абдивалиева. — Қадимда олимлар ер ва унинг қатламини пухта ўрганиш мақсадида шу ерга келган ва ўзларини ўйлантирган саволларга жавоб топган экан. Шунинг учун ҳам бу сўлим маскан “Китоб” деб аталган.
Ўтмишда Китоб туманидан ҳам бир қанча қомусий олимлар етишиб чиққан. Жумладан, Муҳаммад Вахшиворий, Ҳазрати Султон, Саид Аҳмад Башир, Шайх Абу Бакр Китобий дунёвий ва диний илмлар ривожига катта ҳисса қўшган.
Тадбирда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши томонидан фаол ўқувчилар ва мактаб кутубхонасига бадиий асарлар тақдим этилди.
Меҳрга лиммо-лим диллар
Тумандаги 5-меҳрибонлик уйида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” лойиҳаси доирасида санъаткорлар билан учрашув ташкил этилди. Тадбир болажонлар қалбига бир олам завқ бағишлади. Ўқувчилар шоира Зебо Мирзаева шеърларидан баҳра олиб, “Ниҳол” мукофоти совриндори Отабек Муталхўжаевнинг қўшиқларини тинглашди.
— Санъаткорлар билан учрашиб, улар билан суҳбатлашиб, кайфиятимиз кўтарилди, — дейди меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Наргиза Раҳмонова. — Келажакда санъаткор бўлиш орзусидаман. Астойдил ўқиб-ўрганишим керак. Бунинг учун муассасамизда барча шарт-шароитлар мавжуд.
Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига тарғибот гуруҳи аъзолари ва туман ҳокимлиги томонидан турли совғалар улашилди.
Тинчлик — олий бахт
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти қошидаги 3-академик лицейда “Одам савдоси — давр муаммоси”, “Диний экстремизм ва терроризм — ёшлар келажагига таҳдид” мавзуларида тадбир ўтказилиб, унда ўқувчиларнинг мустақил фикри ва тафаккурини шакллантириш, уларга диний экстремизм ва унинг салбий оқибатлари ҳақидаги кенг тушунча берилди.
— Мен учун энг олий бахт бу — тинчликдир, — дейди ота-оналардан бири Рустам Шайидов. — Тинчлик бор жойда фаровонлик, эзгулик ҳукм суради. Фарзандларимизнинг яхши таълим-тарбия олиши, хоҳлаган касб-ҳунарини эгаллаши учун барча имкониятни яратиб бераётган Юртбошимизга, ҳукуматимизга раҳмат. Айрим ёшларнинг чет элларга бориб, сарсон-саргардон бўлиб қайтаётганини оммавий ахборот воситаларида кузатиб бораяпмиз. Бизнинг болаларимиз ҳам шу аҳволга тушиб қолмаслиги учун биз ота-оналар фарзандлар таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратишимиз керак.
Яшил шаҳар, яшнаётган шаҳар
Шаҳрисабзга йўлингиз тушса, шаҳарни танимай қоласиз. Шаҳар марказидаги Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали, Оқсарой меъморий иншооти, қатор тарихий обидалар, хиёбонларни кўрган, яшилликка бурканган масканларни айланган кишининг баҳри-дили очилади.
Шаҳардаги марказий ўйингоҳда ўтказилган “Ёшлар — жонли ижро тарафдори” лойиҳаси катта байрамга айланиб кетди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон, эстрада хонандалари Аслиддин Дўстов, Алижон Исоқов, Шаҳзода, Отабек Муталхўжаевнинг қўшиқлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Оқиртмадаги унутилмас учрашув
“Оқиртма” деган қишлоқни эшитганмисиз? Собиқ иттифоқ даврида энг қолоқ ҳудудлар сирасига кирган Деҳқонободда жойлашган. Мустақиллик йилларида бу туман мисли кўрилмаган даражада ривожланди. Дунёнинг ўнлаб мамлакатларига минглаб тонна калийли ўғит экспорт қиладиган заводнинг шу ерда қурилиши фикримизнинг ёрқин исботидир.
Бир томони арчазорга бурканган қорли тоғларга туташ, иккинчи томони кўм-кўк қиру адирликларга пайванд Оқиртма қишлоғидаги 4-умумтаълим мактабида ўтказилган “Бу — менинг Ватаним!” лойиҳаси ўқувчиларга ёрқин лаҳзаларни туҳфа этди. Тадбирга Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комиловнинг ташриф буюриши унутилмас воқеа бўлди.
— Матодан тикилган папка. Папкада бор-йўғи сиёҳдон ва битта қалам. Бу ўқув қуроллари опам иккимиз учун. Куннинг биринчи ярмида мен, тушдан сўнг эса опам ундан фойдаланардик. Уст-бошимиз ҳам юпунгина. Бу менинг болалигимдан лавҳа. Сиз бунга ишонмаслигингиз мумкин, чунки истиқлол фарзандлари учун бутунлай бошқача имкониятлар яратилган. Сиз юртимиз гуллаб-яшнаётган даврда таълим-тарбия олаяпсиз. Мактабингизга ҳавасим келди, яратилган шароитлардан кўз қамашади. Бундан фақат унумли фойдаланиш керак ва ғамхўрликнинг қадрига етинг, — дея мулоҳаза билдирган Эркин Комиловни ўқувчилар олқишлаб юборишди.
Деҳқонободлик Қаҳҳор бахшининг термалари, Пардахол момо Раҳмонованинг чанқовузда чалган куйлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Файзнинг қўшиқлари тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Меҳнатсиз яшаш жуда зерикарли
“Нуронийлар эъзозимизда” лойиҳаси доирасида фестиваль иштирокчилари Қарши туманидаги “Бунёдкор” маҳалласида истиқомат қилувчи Шомурод бобо Нормуродовнинг хонадонига ташриф буюришди. Отахоннинг қўлида асбоб-ускуна.
— Хуш келибсиз, азиз меҳмонлар, — дея бизга пешвоз чиқди Шомурод бобо.
Отахон қўлидаги асбоб-ускуналарга ажабланиб қараб турганимизни сезиб, яна сўз қотди:
— Меҳнатсиз яшаш жуда зерикарли. Мусиқа асбоблари ясайман.
У киши ясаган ижод намуналарини бирма-бир кўздан кечирамиз.
— Даромад қалай? — дея ҳазил-мутойиба қилди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаров.
— Мақсад пул топиш эмас, мусиқа асбобига эҳтиёжи борларнинг талабини қондириш, — дейди отахон камтарлик билан.
Отахон билан гурунгимиз анча қизиди. Турғун Бекназаров Шомурод бобо ясаган торда “Хоразм сегоҳи” куйини чалиб, ҳаммани сеҳрлагандек бўлди.
Шунингдек, Амир Темур кўчасида яшовчи Мая опа Магаметова хонадонига бориб, онахон билан ҳам дилдан суҳбатлашилди.
“Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз”
Чироқчи спорт-педагогика коллежида ўтган тадбир ана шундай номланди. Тадбирда соғлом турмуш тарзига риоя этишда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ўқувчилар Алишер Узоқов, Масрур Усмонов, Асқар Ҳикматов каби актёр ва хонандаларни ўртага олиб, саволга тутишди. Фаол ёшлар ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
...Уч кун давом этган “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остидаги ёшлар фестивали Қарши шаҳридаги “Насаф” стадионида гала-концерт билан якунланди.
Ўктам МЕЙЛИЕВ,
“Ma’rifat” мухбири