Буюк юртнинг бахтиёр болалари
«Биз – буюк юрт фарзандларимиз!». Юртимиз ёшларини эзгу мақсад йўлида бирлаштирган мазкур фестивалда маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар, демократик ўзгаришлар, миллий ва умуминсоний қадриятлар, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги, юрт тинчлигига йўғрилган йирик лойиҳалар амалга оширилди.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллигини кенг нишонлаш, ўтган давр мобайнида қўлга киритилган ютуқлар, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ёшларга тушунтириш, улар ўртасида маънавий-маърифий тарғибот ишларини самарали ва таъсирчан услубда амалга ошириш мақсадида ташкил этилган ёшлар фестивали республикамизнинг барча ҳудудларида юксак савияда ўтди. Пойтахтимизда ўтказилган фестиваль ҳам ёрқин лаҳзаларга бой бўлди.
Бу — менинг Ватаним!
Мирзо Улуғбек туманидаги ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида ўтказилган “Бу — менинг Ватаним!” лойиҳаси ўғил-қизларда катта таассурот қолдирди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон, хонандалар Фирдавс Фазлиддинов, Дилором Абдуазимова, киноактёр Умид Шодмоновнинг ёшларга яратилган кенг имкониятлар хусусидаги фикр-мулоҳазалари йигит-қизларни руҳлантирди, десак янглишмаймиз.
— Ёшлар юз-кўзидаги шодликни кўриб, ўзимнинг ҳам қувончим ичимга сиғмай кетаяпти. Айни дамда улардан бахтли инсон бўлмаса керак. Бундай ло¬йиҳалар ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат туйғусини кучайтириб, ўз юрти билан фахрланиш ҳиссини юксалтиради. «Биз — буюк юрт фарзандларимиз!» шиорини нафақат фестиваль, балки жамиятимизда кечаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг тарғиботи сифатида қабул қилсак, асло хато бўлмайди, — дейди Сардор Раҳимхон.
Диний экстремизм – ёшлар келажагига таҳдид
Тошкент шаҳридаги И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети қошидаги академик лицейда ўтказилган тадбир ана шундай номланди. Тадбир иштирокчилари диний экстремизм ва унинг салбий оқибатлари, фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя билан тура оладиган, мафкуравий иммунитети мустаҳкам авлодни тарбиялаш борасида сўз юритди.
— Кайфиятлар аъло! Яқин орада бунақа оммавий тадбирда қатнашмагандим, — дейди республика телевидение ва радио коллежи ўқувчиси Маҳлиё Тўрабоева. — Ҳақиқатан, биз — буюк юрт фарзандларимиз! Биз ёшлар учун яратилаётган шарт-шароитларни ҳар қанча эътироф этсак-да, оз. Мен ҳам бундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, билимимни бойитмоқдаман. Жорий йилда “Камолот” ЁИҲнинг “Йил сардори” кўрик-танлови ҳамда Республика Маънавият тарғибот маркази томонидан ташкил этилган “Юксак маънавиятли авлод” интеллектуал беллашувининг республика босқичига йўлланма олдим. Ҳудудий босқичларда тенгдошларимдан кўп нарса ўргандим. Бугунги ёшлар фестивали тафаккуримни бойитиб, келажакка ишонч уй¬ғотмоқда. Биз ёшлар билим ва салоҳиятимизни амалда қўллаб, Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшишимиз керак.
Ёшлар жонли ижро тарафдори
Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказилган тадбир номига яраша куй-қўшиқларга бой бўлди. Таниқли хонанда ва ёш санъаткорлар томонидан жонли ижрода куйланган қўшиқлар томошабинларга жўшқинлик улашди.
— Томошабин куй-қўшиқдан эстетик завқ олиши, чинакам санъат сеҳрини сезиши учун жонли ижрони тинглаши зарур, — дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги 3-академик лицей ўқувчиси Жавоҳир Усмонов. — Йилдан йилга фонограмма оммалашиб бораётган бир пайтда бундай лойиҳалар санъат шинавандаларини хурсанд қилиши, шубҳасиз. Биз бугун жонли ижродан баҳраманд бўлдик. Айниқса, болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг ижод намуналари ҳамма қатори бизни ҳам ҳайратга солди. Юртимизда шундай соҳировоз соҳиблари улғаяётганидан мамнун бўлдик.
Ҳоким ва ёшлар учрашуви
Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўтказилган тадбирда Юнусобод тумани ҳокимлиги масъуллари ёшлар бандлиги, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш масалалари борасида фикр билдирди. Тадбир иштирокчиларининг саволларига Юнусобод тумани ҳокими Шавкат Азимжонов, туман ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ниғматилла Ҳайдаров, туман солиқ инспекцияси бошлиғи Улуғбек Аҳмедов ҳамда “Камолот” ЁИҲ туман бўлими кенгаши раиси Ҳокимжон Норбоев атрофлича жавоб берди.
— Тадбиркор бўлмоқчиман. Бунинг учун юртимизда барча имкониятлар мавжуд. Бугунги учрашув тадбиркорлик фаолиятимни бошлашимда мени ўйлантираётган муаммоларга ечим топишим учун айни муддао бўлди. Бизнес режам ҳақида гапириб бердим. Туман мутасаддилари тадбиркорлик фаолиятимни бошлаш учун имтиёзли кредит олишимга кўмаклашадиган бўлди. Биз ёш¬ларни қўллаб-қувватлайдиган, орзу-умидларимизга қанот бўладиган бундай лойиҳалар кўпаяверсин, — дейди Юнусобод иқтисодиёт коллежи ўқувчиси Иброҳим Омонқулов.
Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз
Сергели туманида фестиваль доирасида ташкил этилган югуриш марафонида таниқли актёр, режиссёр ва хонандалар – Толиб Мўминов, Шуҳрат Нуралиев, Шаҳриёр, Гулнора Мелиқулова, Озод Шамс, Бахтиёр Мамадалиев ёшлар билан бир сафда туриб, соғлом турмуш тарзини тар¬ғиб қилдилар.
— Ҳар куни эрталаб югуришни одат қилганман, — дейди марафон ғолиби Сергели туманидаги 104-умумтаълим мактаби ўқувчиси Рустам Бектемиров. — Югурсам кун бўйи ўзимни тетик ҳис этаман. Бугунги марафондаги муваффақиятимнинг асосий сабаби эрта тонгда бажарадиган жисмоний машқлардир.
Нуронийлар — эъзозимизда
Ушбу лойиҳа доирасида нуроний отахон ва онахонлар ҳолидан хабар олиниб, дилдан суҳбатлашиб, уларнинг дуоси олинди. Юнусобод маҳалласида истиқомат қилувчи 101 ёшни қаршилаган Исроил бобо Исмоилов хонадонига ташриф отахонга бир олам шодлик улашди.
— Замонамиз тинч, турмушимиз фаровон. Дориломон кунларимизга, тинчлик-хотиржамлигимизга, фарзандларимизнинг порлоқ келажагига кўз тегмасин. Турли бало-қазолардан Яратганнинг ўзи асрасин. Ёшларни бирлаштирган, бир мақсад сари бошлаган бундай тадбирлар кўпаяверсин. Бу каби саъй-ҳаракатларга бош-қош бўлаётган Президентимиз омон бўлсин, — дея Исроил бобо қўлини дуога очди.
“Камолот” кутубхонаси
Тошкент давлат техника университети қошидаги компьютер технологиялари академик лицейида ўтказилган китобхонлик байрами Олмазор тумани ёшларига завқ бағишлаши билан бирга турли викториналар орқали билим ва салоҳиятини синовдан ўтказиш имконини берди. Ўз топқирлиги билан эътирофга сазовор бўлган ёшлар таниқли санъаткорларнинг дастхати туширилган китобларни қабул қилиб олди.
— Мутолаа жону дилим, — дейди Р.Глиэр номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ўқувчиси Илҳом Расулов. — Мумтоз адабиётларни севиб ўқийман. Ёдлаган ғазалларимни куйга солиб, хиргойи қиламан. “Камолот” кутубхонаси” лойиҳаси доирасида ўтказилган ижодий беллашувдан бир олам маънавий озуқа олдим. Биз — буюк юрт фарзанди эканмиз, бу номга муносиб бўлишимиз керак. Бунинг учун эса кўп ўқиш, изланиш, астойдил ҳаракат қилиб, эл-юртга наф келтиришимиз лозим.
Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин
Чилонзор туманидаги 22-меҳрибонлик уйига ташриф буюрган тарғибот гуруҳи аъзоларини болажонлар Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар билан қарши олди. Муассаса тарбияланувчилари таниқли санъаткорлар билан кўришиб, улар билан дилдан суҳбатлашди.
— Келажакда орзуим санъаткор бўлиб, миллий куй-қўшиқларимизни жаҳон саҳналарида куйлаш, — дейди меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Шерхон Исаев. — Таниқли санъаткорлар билан учрашганим айни муддао бўлди. Ўзимни қизиқтирган кўплаб саволларга батафсил жавоб олдим. Тадбирда айтган ашулам уларга манзур бўлди. Бундай эътибор ва ғамхўрликлар биз ёшларни янада изланишга, танлаган касб-ҳунаримизни мукаммал ўзлаштиришга чорлайди.
Виждонли сотувчи
Мазкур лойиҳа доирасида Сергели туманидаги “Kasbino” супермаркетида махсус рейд ўтказилди. Тар¬ғибот гуруҳи аъзолари сотувчиларни синовдан ўтказди. Рейд мутахассислари супермаркет сотувчиларининг ҳалол ва виждонли сотувчи эканлигини алоҳида таъкидлашди.
— Сотувчининг харидор билан муносабатини кузатиб, улар ўртасида “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижроси бўйича тегишли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориб, ижобий ҳолатнинг гувоҳи бўлдик. Лойиҳа ўтказилганидан сотувчию харидорларнинг барчаси мамнун бўлди, — дейди Сергели тумани савдо департаменти бошлиғи А.Арипов.
Гала-концертдаги ёрқин лаҳзалар
“Туркистон” саройининг ёзги майдони. Барчанинг юз-кўзида табассум. Йигит-қизлар “Биз – буюк юрт болаларимиз!” дея жўр бўлиб, куйламоқда. Саҳнага бирин-кетин таниқли санъаткорлар чиқиб, ёшларни дилтортар куй-қўшиқлар билан қутлади. Фестиваль давомида фаол иштирок этган ўғил-қизлар “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири