Ёшларимизнинг яна бир зафари
Ҳар йили мактаб ва академик лицей ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабаларидан иборат вакилларимиз халқаро фан олимпиадаларида қатнашиб, медаллар билан ортга қайтишади. Бу йил ҳам иқтидорли ёшларимиз анъанага содиқ қолишди ва фахрланишга арзигулик натижаларни қўлга киритишмоқда.
Масалан, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими босқичида таълим олаётган ўқувчилардан иборат Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари шу йилнинг 2—7 май кунлари Россиянинг Москва шаҳрида ўқувчилар ўртасида бўлиб ўтган кимё фани бўйича 50-Халқаро Менделеев олимпиадасида иштирок этиб, 1та кумуш, 2та бронза медалга сазовор бўлган эди, 2016 йилнинг 9—16 июль кунлари математика фани бўйича Гонконгда ўтказилган 57-Халқаро олимпиадада бронза медаль қўлга киритилди.
Шу йилнинг 23—31 июль кунлари Тбилиси шаҳрида кимё фани бўйича ўтказилган 48-Бутунжаҳон олимпиадасидан вакилларимиз 1та кумуш, 2та бронза билан қайтишди. Мазкур интеллектуал беллашувда етмиш беш давлатдан уч юзга яқин ўқувчи қатнашди. Олимпиадада Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги Юнусобод академик лицейи ўқувчиси Сарвар Шоюнусов кумуш, Самарқанд давлат тиббиёт институти қошидаги 1-академик лицей ўқувчиси Жаҳонгир Фахриев ва Тошкент тиббиёт академияси қошидаги академик лицей ўқувчиси Чарос Омонова бронза медалини қўлга киритди. Эътиборлиси, улар жорий йилнинг май ойида Россияда ўтказилган кимё фани бўйича 50-Халқаро Менделеев олимпиадасида ҳам совриндорлар сафидан жой олган ва худди шундай натижа кўрсатган эди.
— Давлатимиз раҳбарининг биз ёшларга қаратаётган юксак эътибори, таълим олиш учун яратилган қулай шароит ва имкониятлар илм-фанга меҳримизни тобламоқда, халқаро мусобақа ва олимпиадаларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишимизга туртки бўлмоқда, — дейди Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги Юнусобод академик лицейи ўқувчиси Сарвар Шоюнусов. — Масалан, таълим муассасамизда “Олимпиадачилар мактаби” тўгараги ташкил этилган бўлиб, шу кунга қадар турли олимпиадаларда ютуқларга эришган собиқ ўқувчиларимиз уларнинг ортидан келаётган йигит-қизларга назарий ва амалий жиҳатдан фан сирларини ўргатишмоқда.
Айтиш жоизки, бугун ўқувчиларнинг иқтидорини юксалтириш, истеъдодини рўёбга чиқаришда академик лицейларнинг ўрни беқиёс бўлаётир. Мустақиллик йилларида ушбу таълим муассасалари янгидан ташкил этилиб, барча шарт-шароитларга эга ўқув бинолари қурилди. Кимё, физика ва биология ҳамда чет тили фанлари хоналари лаборатория жиҳозлари, замонавий мультимедиа ва компьютер воситалари билан таъминланиши, ёшларнинг етук билим олиши, илм-фанда юксак марраларни забт этишида муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги Юнусобод академик лицейида ҳам бу каби шароитлар муҳайё. Айнан кимё фани бўйича ўтказилаётган турли халқаро олимпиадаларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган иштирокчилар орасида ушбу таълим муассасасида таълим олган ўқувчилар талайгина. Чунки, кимё фани бўйича Хал¬қаро Менделеев олимпиадасида илк бор олтин медални қўлга киритган Анвар Мақсудхўжаев(2008 йил, 42-Халқаро Менделеев олимпиадаси) ҳам, кимё фани бўйича жаҳон олимпиадасида биринчилардан бўлиб олтин медалга сазовор бўлган Бегзод Болтаев(2013 йил, кимё фани бўйича 45-жаҳон олимпиадаси) ҳам мазкур академик лицей ўқувчиларидир.
Аброр УМАРҚУЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири