Иқтидорли ўқувчиларнинг ихтиролари
Ўзбекистон Бадиий академиясида Халқ таълими вазирлиги томонидан «Болаларнинг техник ижодкорлиги» фестиваль-танловининг якуний босқичи ўтказилди. Унда кўплаб иқтидорли ўқувчиларнинг техника йўналишидаги ижодий ишлари намойиш этилди.
Тадбирда сўзга чиққан Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев ва бошқалар мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган улкан эътибор, уларнинг таълим-тарбия олиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Ўқувчи қобилияти ва ижодий салоҳиятини кашф этиш, истеъдодни тўғри йўналтириш мақсадида ташкил этилган мазкур ижодий беллашув ёш авлоднинг қизиқиш ва интилишини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
— Юртимизда ўқувчиларнинг мактабдан ташқари бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида «Баркамол авлод» болалар марказлари фаолияти йўлга қўйилган, — дейди Халқ таълими вазирлигининг “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолиятини ташкил этиш шўъбаси мудири Зокир Товбоев. — Ўқувчиларнинг ижодий қобилиятини шакллантириш, қизиқиш ва интилишини ривожлантириш, касб-ҳунарнинг бошланғич сирларини ўргатишда ушбу марказларнинг аҳамияти катта. «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида илк марта ўтказилган «Болаларнинг техник ижодкорлиги» фестивали болаларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларига қизиқишларини янада оширади.
Ижодий беллашувда Гулистон туманидаги 2-мактаб ўқувчиси Шоҳрух Турдиқуловнинг транспорт воситаларини тартибга солувчи ва турли йўл ҳодисаларининг олдини олувчи роботи, Норин туманидаги 40-мактаб ўқувчиси Раҳматилла Маҳмудов ясаган мўъжаз чангюткич, навоийлик Фирдавс Шомуродовнинг мураккаб саноат ҳудуди ва кон объектларини тасвирга туширадиган минироботи, андижонлик ўқувчи Латиф Маннопов ясаган сенсор клавиатурали мусиқа асбоби иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Танловда «Баркамол авлод» болалар марказларининг кўплаб тарбияланувчилари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири