Менинг овозим – ватаним келажаги
Термизда шундай мавзуда ёшлар форуми бўлиб ўтди.
"Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати Сурхондарё вилояти кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси вакиллари, Термиз давлат университети талабалари, сайловда биринчи марта овоз берадиган ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Видеомулоқот тарзида ўтказилган форумда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиши учун замонавий шароитлар яратилгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида вилоятда 1 миллион 581 минг 214 сайловчи иштирок этиши кутилмоқда. Уларнинг 38 мингга яқини сайловларда биринчи марта овоз берадиган ёшлардир.
– Бу йил 18 ёшга тўлдим, Конституциямизда белгилаб қўйилган сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга бўлдим, – дейди Термиз шаҳридаги 2-академик лицей ўқувчиси Д.Ортиқов. – Биз, ёшлар учун ташкил этилаётган бундай тадбирларда ҳар бир сайловчи бир овозга эга экани ва ушбу овознинг ҳар бири давлат, жамият қурилишида муҳим аҳамият касб этишини янада теран англамоқдамиз. Мамлакатимизда юз бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга дахлдорлик туйғуси юксалмоқда. Барча тенгдошларим қатори мен ҳам сайлов куни тинч, обод ва фаровон Ватанимиз келажаги учун овоз бераман.
Форумда миллий сайлов қонунчилигимиз, уларга киритилган сўнгги ўзгартириш ва қўшимчалар, фуқароларнинг давлат ва жамият қурилишида бевосита ҳамда вакиллари орқали иштирок этишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар мазмун-моҳияти хусусида фикр алмашилди.
Х.МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири