Ёшларимизнинг теран тафаккури
Илм-фан — мамлакат тараққиётининг асосидир. Ёшларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш, инновацион ғояларини амалиётга татбиқ этиш орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, иқтисодиётни ривожлантиришга эришилади.
Мана шу мақсадга қаратилган “XXI аср — интеллектуал авлод асри” шиори остидаги илмий-амалий конференция мамлакатимиз ёшларининг илмий салоҳияти юқорилиги, тафаккур уфқлари кенглигини намойиш этди. Тошкент молия институтида бўлиб ўтган тадбирнинг очилиш маросимида навқирон авлодни интеллектуал салоҳиятли, зукко қилиб тарбиялашнинг аҳамияти юқорилиги таъкидланди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармаси, Фанлар академияси, Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Ўзбекистон “Камолот” ЁИҲ ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур конференциянинг ҳудудий босқичлари республикамизнинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси олий таълим муассасаларида бўлиб ўтди.
Анжуманда ижтимоий-гуманитар, табиий, аниқ, техника фанлари йўналишларида қарийб 1600 нафар ёш иқтидорли олим ва талабалар қатнашди. Иштирокчиларнинг илмий мақолалари 11 жилдлик тўплам ҳолида чоп этилиб, таълим муассасаларига тарқатилди.
Республика босқичида ҳудудий конференцияларда ғолиб деб топилган 122 нафар ёш олим ва талабалар илмий маърузалари билан қатнашди. Энг муҳими, конференция шўъбаларидаги муҳокамаларда илм-фан ва таълим тизимининг етакчи намояндалари — академиклар модераторлик вазифасини бажаришди. Бундан кўзланган асосий мақсад устозларнинг илмий ва ҳаётий тажрибаларидан самарали фойдаланиш, айни пайтда авлодлар ўртасидаги ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашдан иборатдир.
— Анжуманнинг ялпи йиғилишида “Математикани ўқитишда Шарқ алломаларининг меросидан фойдаланишнинг ўзига хослиги” мавзусидаги маърузам билан қатнашдим, — дейди Андижон давлат университети талабаси Н.Абдуллаева. — Математикани ўқитиш жараёнида аждодларимизнинг бой илмий меросидан фойдаланиш ўқувчиларнинг математикага қизиқишини янада орттириш, уларни юксак маънавиятли этиб тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Масалан, иррационал сонлар мавзусини ўтишда ўқитувчи Абу Райҳон Беруний айлана узунлигининг ўз диаметрига нисбати иррационал сон эканини таъкидлагани, функция тушунчасини ўрганишда эркли ўзгарувчи ва эрксиз ўзгарувчиларнинг ўзгариш оралиқлари, функциянинг ишоралари, энг катта ва энг кичик қийматлари таърифларини келтиргани, синуслар ва тангенслар жадвалини берганини айтиб ўтиши керак.
Анжуманда “Ананас ўсимлиги ва уни ўстириш йўллари”, “Оператив функционал ҳимоя кўзойнаги”, “Физика фанида масала ечишнинг янги 3+6 технологияси”, “Органик чиқиндиларни термо-кимёвий қайта ишлаш учун пиролиз қурилмаси” каби маърузалар барчанинг қизиқишига сабаб бўлди. Энг яхши илмий тадқиқотлар муаллифлари Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.
Санобар ЖУМАНОВА,
“Ma’rifat” мухбири