Ўзбекистон ёшларининг навбатдаги ютуғи
Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг ҳаётга изчил татбиқ этилиши туфайли узлуксиз таълим тизими тубдан янгиланиб, такомиллашмоқда. Жумладан, таълим-тарбия жараёнига янги стандартлар, илғор педагогик ва ахборот технологиялари жорий этилиб, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, хусусан, олий таълим муассасалари қошидаги академик лицейларда тегишли фанлар бўйича чуқур билим беришга алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Ёшларимиз бундай ғамхўрлик ва эътиборга муносиб бўлиш мақсадида турли халқаро мусобақаларда мамлакатимиз нуфузини янада юқори кўтаришга интилишмоқда. Чунончи, 2000 — 2016 йилларда юртимиздаги умумий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг 273 нафар ўқувчиси турли халқаро фан олимпиадаларида муваффақиятли қатнашиб, 6 та олтин, 31 та кумуш, 82 та бронза медални қўлга киритгани фикримиз далилидир.
Шу йилнинг 12—18 январь кунлари Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида ўқувчилар ўртасида бўлиб ўтган математика, физика, информатика фанларидан 13-халқаро Жаутиков олимпиадасида ҳам юртимиз вакиллари зафар қучишди. Бухоро давлат университети қошидаги 3-академик лицей ўқувчилари — Абдумалик Абдуқаюмов (математика) кумуш, Сирожиддин Нўъмонов (физика) бронза ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университети қошидаги 2-академик лицей ўқувчиси Темурбек Хўжақулов (информатика) бронза медални қўлга киритиб, медаллар шодасини кўпайтиришга муваффақ бўлди. Куни кеча ғолиблар Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
— Икки кунлик беллашув давомида масалалар ечими “соддадан — мураккабга” шаклида қийинлашиб борди. Дастлабки кун учта, иккинчи кун ҳам учта мураккаб масала ечими устида жиддий тер тўкишимизга тўғри келди, — дейди БухДУ қошидаги 3-академик лицей ўқувчиси Абдумалик Абдуқаюмов. — Юрт шаъни, устозларимиз ўгитини ёдда тутган ҳолда бутун билим ва иқтидоримизни, ўзига хос масала ечиш усулларини ишга солиб, Ватанимизга ёруғ юз билан қайтдик.
— Беллашув якунида олимпиада натижаларидан бошимиз осмон қадар юксалди, — дейди терма жамоа раҳбари, ЎзМУ қошидаги С.Сирожиддинов номидаги академик лицей ўқитувчиси Умид Раҳмонов. — ¡н саккиз давлатдан келган 182 нафар ўқувчи баҳс олиб борган мусобақада уч нафар ўқувчимиз ғолиблик шоҳсупасидан ўрин эгаллагани барчамизни мамнун этди.
— Ўғлим Абдумаликнинг халқаро олимпиададаги ютуғи устозларини, яқинларини хушнуд этди, — дейди Низом Каримов. — Бу муваффақиятнинг бош омилини юртимиздаги тинчлик-осойишталик ва ёшларнинг ўқиб-изланиши учун яратилаётган шарт-шароитларда, деб биламан. Шу маънода, фар¬занд¬ларимизнинг ўз иқтидор ва истеъдодини намоён этиши, муттасил ривожлантириб боришига зарур шароитлар яратиб бераётган мамлакатимиз Президентига миннатдорлик билдираман.
Қурбонбой МАТҚУРБОНОВ,
“Ma’rifat” мухбири