Салоҳият ва имкониятлар намойиши
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Таълим ва мутахассислик» халқаро кўргазмаси жорий йилда ҳам уюшқоқлик билан ўтказилди. Ёшларни мамлакатимиз ҳамда хориждаги етакчи олий таълим муассасаларида мавжуд мутахассисликлар билан яқиндан таништириш, мавжуд иш ўринлари тўғрисида маълумотлар бериш, юртимизда таълим соҳасида эришилган ютуқларни кенг тарғиб қилишга қаратилган мазкур тадбирда республикамиздаги барча олий ўқув юртлари, хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, таълим ва мутахассисликка йўналтирилган ўқув марказлари, хорижда таълим олишга кўмаклашувчи ташкилотлар ҳамда бандликка кўмаклашувчи марказлар иштирок этди.
XVI Халқаро кўргазма Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Меҳнат вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда “Expocontakt” МЧЖ билан ҳамкорликда ташкил этилди. Очилиш маросимида сўзга чиққанлар юртимиз таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида ёшлар замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаётганини таъкидлади.
Тақдимотларда ёшларнинг менежмент, иқтисодиёт, туризм, ахборот технологиялари йўналишидаги мутахассисликларга катта қизиқиш билдираётганининг гувоҳи бўлиш мумкин. Асосийси, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари хорижлик меҳмонлар билан инглиз тилида мулоқот қилишнинг уддасидан чиқиб, ўзларига зарур маълумотларни ҳеч бир қийинчиликсиз олди.
— Бугун ҳар бир соҳа, жумладан, банк-молия тизими тараққиёти ҳам ахборот технологиялари билан бевосита боғлиқ, — дейди Тошкент молия институти битирувчиси Асрор Тоҳиров. — Ахборот технологияларини банк тизимига кенг татбиқ этиш, шунингдек, бу борада жаҳон тажрибасини чуқур ўрганиш талаб этилмоқда. Шунинг учун ҳам хорижий давлатлар университетларида ахборот тизимлари менежери йўналишида магистратура таҳсилини олишни мўлжаллаяпман.
Белосток политехника университети (Польша) таълим ва халқаро муносабатлар бўйича проректори Марта Кослор Элдор Абдумуталиповга ўзи фаолият олиб бораётган университет ҳақида батафсил маълумот бераётгани эътиборимизни тортди.
— Университетимиз нафақат Польшада, шунингдек, халқаро
миқёсда ҳам эътироф этилган таълим муассасасидир, — дейди хорижлик меҳмон. — Университетда таҳсил олишни ихтиёр қилганларга ландшафт архитектураси, шаҳарсозлик, атроф-муҳит инженерияси, механика, электротехника ва менежмент каби йўналишларда чуқур билим берилади. У ерда дарс берувчи ўқитувчиларнинг кўпчилиги Польша академияси аъзоси.
Чехия коллежи вакили ҳам ёшларга бир неча замонавий касб¬лар ҳақида маълумот берди. Коллеж маъмурияти бошлиғи Филипп Янковкийнинг айтишича, ҳозирги кунда кўпгина мамлакатларда аудиовизуал медиасанъат, бизнес психологияси, электрон бизнес, реклама менежменти ва жамоатчилик билан алоқалар каби бакалавриат ихтисосликлари, соғ¬лиқни сақлаш соҳаси бошқарувчиси магистр мутахассисларига талаб ошиб бораётир. Ушбу соҳани танлаган йигит-қизларнинг келажаги албатта ёрқин бўлади.
Аксарият йигит-қизлар Малайзия, АҚШ, Хитой, Латвия, Англия, Венгрия, Австралия, Россия, Белоруссия, Швейцария, Корея, Япония каби давлатлардан қатнашаётган халқаро миқёсдаги олий ўқув юртларига ҳам катта қизиқиш билдирдилар.
— Хорижий олий таълим муассасалари тўғрисида маълумотлар кўп бўлса-да, юртимиздаги университетлар эътиборимизни торт¬ди, — дейди ЎзМУ қошидаги Сирожиддинов номидаги академик лицейнинг 3-босқич ўқувчиси Исломбек Каримов. — Кўргазма замонавий мутахассисликлар бўйича тўла маълумот олишимизга имкон берди. Бу эса хаёлий орзуларимизни ойдинлаштириб, муайян таълим муассасасини танлаш бўйича қарорларимизни қатъийлаштирди. Мен Тошкент молия институтига ҳужжат топширишга қарор қилдим.
— Юртимиздаги кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ўқувчиларнинг архитектура ва қурилиш соҳасига бўлган қизиқиши ортганини кўрсатди, — дейди ТАҚИ вакили Нигора Раҳматуллаева. — Иштирокчилар шаҳарсозлик ва қишлоқ аҳоли яшаш жойларини комплекс қуриш, ландшафт архитектураси, кўчмас мулкни баҳолаш ва бошқариш мутахассисликлари бўйича кўплаб саволлар билан мурожаат қилмоқда.
Кўргазма ёшларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда икки йўналишда ташкил қилинган бўлиб, иккинчи йўналишда ходимларни танлаш, кадрлар агентликлари, меҳнат биржаси, касбга йўналтириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш марказлари иш олиб бормоқда.
— Туманимиздаги юздан ортиқ ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш корхона ва ташкилотлари бўш иш ўрнини таклиф этаётир, — дейди Сергели тумани бандликка кўмаклашиш маркази мутахассиси Шоҳруз Содиқов. — Олий, ўрта махсус маълумотли кадрларга эҳтиёж бор. Белгиланган тартибда кадрларни ишга қабул қилиш имкониятимиз мавжуд. Қувонарлиси, коллеж битирувчилари кўпроқ енгил саноат, тиббиёт соҳаларидаги бўш иш ўринлари учун резюмелар қолдиришмоқда.
Пойтахтимиздаги “Civil textile” масъулияти чекланган жамияти ходимлар бўйича мутахассиси Шаҳноза Маматмуродовани ёшлар билан мулоқот қилаётган чоғида учратдик. У корхонага тикувчи, маҳсулот сифати технологик жараёни назоратчиси, ишлаб чиқариш ҳисобчиси, ишлаб чиқариш муҳандиси, муҳандис-конструктор, электрик, дизайнер, таъминот бўйича мутахассис кадрлар зарурлиги ва уларни иш жойида кутиб қолишини таъкидлади.
Шунингдек, тадбир доирасида ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга кўмаклашиш мақсади кўзланган лойиҳалар тақдимотлари ўтказилди, фильмлар намойиш этилди.
Аброр УМАРҚУЛОВ,
“Ma’rifat” мухбири