"Иш ўринлари яратиш ниятидаман"
Ўзбек хонадонига келган меҳмон борки, албатта, ош билан сийланади. Яқин дўстлар йиғиладиган бўлса ҳам палов пиширилади. Ош ўзбекларнинг энг севимли ва хушхўр таоми ҳисобланади. Даврлар силсиласида инсонларни яқинлаштирадиган, бирлаштирадиган ижтимоий ҳодисага айланган бу таом кўплаб мамлакатларда, хусусан, Шарқий Туркистон, Россия, Қозоғистон, Ғарбий Европа, Ҳиндистон, Арманистон, Грузия, Озарбойжон, Тожикистонда ҳам севиб тановул қилинади.
Ўзбек паловини тайёрлашнинг мураккаб технологияси ва хилма-хил рецепти жаҳон пазандачилигидаги гуручли овқатлардан кескин фарқ қилади. Масаллиқларни қовуриш, қайнатиш ва дамлаш, умуман, ош пишириш ўзига хос истеъдодни талаб этади. Палов пиширишни санъат даражасига кўтараётган ошпазларни аниқлаш, устоз-шогирд анъанасини муносиб давом эттириш мақсадида Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Халқаро ўзбек пазандачилик санъати маркази ташаббуси билан ўтказилган "Олтин пичоқ" республика кўрик-танловида Қарши тумани сервис ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежи ўқувчилари Аброр Хушвақтов, Фар¬ҳод Каримов юқори ўринларни эгаллаб, диплом билан тақдирланди.
— Танловда Россия, Озарбойжон, Молдова ҳамда Руминия каби давлатлар вакиллари, шунингдек, юртимиздаги таниқли ошпаз ва қандолатчилар, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари беллашди, — дейди Аброр Хушвақтов. — Ҳакамлар ҳайъати биз тайёрлаган ошга юқори баҳо берди. Бу натижага эришишим ота касбини пухта эгаллаганим, коллежда яратилган шарт-шароитлар самарасидир.
— Коллежимизда назария ва амалиёт уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилади, — дейди директорнинг ўқув-ишлаб чиқариш таълими бўйича ўринбосари Неъмат Муродов. — Жараённи юқори савияда ташкил этиш мақсадида биргина ошпазлик йўналишининг амалиёт хонаси 70 миллион сўмлик 15 номдаги замонавий пишириш, хамир қориш, кўпиртириш, совитиш ускуналари билан жиҳозланди. Амалиёт дарслари хомашёлар билан мунтазам таъминланди. Бунинг учун ўтган йили 3 миллион 836 минг сўм ажратилди.
Касб-ҳунар коллежи ўқувчилари амалиёт пайтида ўзининг тиришқоқлиги, чаққонлиги, энг муҳими, қўли ширинлиги туфайли иш берувчи ташкилот вакилларининг эътиборини қозонаяпти. Битирувчилардан Шаҳризода Қурбонова, Дурдона Қаюмова, Маҳмуд Санақулов, Ботир Бўриев, Шоҳрух Зарипов, Шаҳзода Тешаева каби иқтидорли ёшлар ўзлари ишлаётган жамоа фахрига айланган.
Коллежда иқтидорли ўқувчилар кўп бўлиб, улар турли соҳаларда юқори ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Жумладан, ўқувчи Шаҳноза Эркинова "Энг намунали бошланғич хотин-қизлар қўмитаси" кўрик-танловининг республика босқичида 2-даражали диплом билан тақдирланди. Гулҳаё Одилова "Маҳалланинг энг ораста қизлари" кўрик-танловининг "Энг назокатли жамоа" номинацияси ғолиби бўлди. Истеъдодли ўқувчилардан яна бири Шаҳбоз Жўраев "Юксак маънавиятли авлод" фестивалининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллаб, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига давлат гранти асосида ўқишга кирди.
— Амалиёт дарсларида Европа мамлакатлари таомларини ҳам чуқур ўрганаяпмиз, — дейди Фарҳод Каримов. — Кўҳна Кешга ташриф буюрган меҳмонлар вилоятимиз марказига ҳам келиши аниқ. Шу боис чет элликларнинг таом пишириш технологиясини пухта ўзлаштириб, ресторан очиш ва иш ўринлари яратиш ниятидаман.
Ҳулкар ФАРМОН қизи