Ислом Каримов асарларини ўрганамиз
Мустақил Ўзбекистон давлати асосчиси, буюк сиёсатчи, халқимизнинг улуғ ва ардоқли фарзанди, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ўзининг серқирра фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирди. Ислом Каримов асарларининг умумтаълим муассасаларида ўрганилиши ўқувчилар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириб, уларда ватанпарварлик туйғусини шакллантирмоқда. Халқ таълими вазирлиги томонидан умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ўртасида ўтказиб келинаётган “Ислом Каримов асарлари билимдони” республика кўрик-танлови ёш авлоднинг сиёсий билимини бойитишда муҳим аҳамиятга эга.
Тўрт босқичда ташкил этилган ушбу танловнинг якуний босқичи Республика таълим марказида ўтказилди. Унда ҳудудий босқичлардан сараланган 14 нафар ўқувчи ғолиблик учун ўзаро беллашди. Иштирокчилар ўз ижодий ишларида Биринчи Президентимиз асарларида ёритилган мамлакатимизнинг давлат мустақиллигини қўлга киритишгача ва ундан кейинги йилларда олиб борилган кенг кўламли ишлар ҳақида ҳикоя қилишган. Улар белгиланган шартлар бўйича ўзбек шоирларининг “Мустақиллик”, “Ватан” ҳақидаги шеърларини ифодали ўқиб, Биринчи Президентимиз асарлари, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва истиқлол йилларидаги ислоҳотлар ҳақида тузилган тест саволларига жавоб беришди.
Бағдод туманидаги 11-мактаб ўқувчиси Халилбек Йўлдошевнинг “Биринчи Президентимиз Ислом Каримов — Ўзбекистоннинг янги миллий давлатчилиги асосчиси” мавзусидаги ҳамда Қоракўл туманидаги 6-мактаб ўқувчиси Наврўз Тангриевнинг “Юксак маънавиятсиз келажак йўқ” деб номланган тақдимоти кўпчиликда катта таассурот қолдирди. Хўжайли туманидаги 27-мактаб ўқувчиси Дилафрўз Алимхўжаева Абдуназар Худойназаровнинг “Ким эдигу, ким бўлдик?” шеърини ифодали айтиб, барчанинг олқишига сазовор бўлди.
— Беллашув ўқиш ва ишларимда, ҳаёт йўлимни танлашда катта мактаб бўлди, — дейди кўрик-танлов ғолиби, Навоий шаҳридаги 11-мактаб ўқувчиси Азиза Ботиралиева. — Танловда кўплаб тенгдошларим билан танишдим ва фикр-мулоҳаза алмашдим. Тайёргарлик жараёнида Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч”, “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида”, “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодат” асарларини ўқиб чиққаним бесамар кетмади.
Танловда 2-ўринга Юқори Чирчиқ туманидаги 10-мактаб ўқувчиси Жасмина Серикбаева сазовор бўлди. 3-ўринни Хўжайли туманидаги 27-мактаб ўқувчиси Дилафрўз Алимхўжаева ҳамда Шароф Рашидов туманидаги 14-мактаб ўқувчиси Соҳиба Исомиддинова қўлга киритди. Ғолибларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири