Ҳуқуқ билимдонлари аниқланди
Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус, Адлия вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамкорлигида умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ўртасида ўтказилиб келинаётган “Ҳуқуқ билимдонлари” кўрик-танловининг якуний босқичи Юнусобод туманидаги 9-умумтаълим мактабида ташкил этилди. Танловда ўқувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлиги билан бирга ён атрофимизда рўй бераётган воқеалардан тўғри хулоса чиқара олиши, ҳозиржавоблиги ҳам синовдан ўтказилди. 14 та ҳудуддан келган жамоалар давлат ва ҳуқуқ асослари фани бўйича беллашдилар.
Танлов низомига мувофиқ, ҳар бир жамоанинг давлат ва ҳуқуқ асослари фани бўйича эгаллаган билим, кўникма ва малакалари уч шарт асосида синовдан ўтказилди. Биринчи шартда жамоалар ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тест саволларига жавоб берган бўлса, кейинги синовда ҳуқуқий билимдонлик 3 та саволга жавоб бериш орқали намойиш этилди. “Эркин саҳна” кўринишида иштирокчилар жамиятда учрайдиган турли ҳуқуқбузарликларни образли тарзда кўрсатиб бердилар. Саҳнада ҳаётий воқеаларнинг жонли ва таъсирли кўрсатилиши, ўқувчиларнинг актёр ва актриса қиёфасига кириши, хулосани эса томошабин ҳукмига қолдириши беллашув таъсир доирасини янада оширгандек бўлди. Ҳар учала шарт бўйича тўпланган балл жамоаларнинг давлат ва ҳуқуқ асослари фани бўйича эгаллаган билимлари қай даражада эканлигини кўрсатди. Шунингдек, билимдонлар баҳси ғолибларини тақдирлаш жараёнига қадар томошабинлар ҳукмига ҳавола этилган “Ўзингни намоён эт” дастурида иқтидорли ва истеъдодли ўқувчилардан бир гуруҳининг шеър ва қўшиқлари тингланди. Айниқса, Юнусобод туманидаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактаби тарбияланувчиларининг куй-қўшиқлари самимий олқишланди.
— “Ҳуқуқ билимдонлари” кўрик-танлови мактаб партасида таълим олиб, мустақил ҳаётга тайёрланаётган фарзандларимиз билимини янада мустаҳкамлайди, — дейди Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси ижтимоий фанлари методисти Шерали Ҳожиев. — “Ҳидоя” жамоасини шакллантиришда асосан, Жиззах шаҳридаги намунали мактаб ўқувчиларидан бир гуруҳи танлаб олинди. Юридик касб-ҳунар коллежи ўқитувчилари кўмагида ёш ҳуқуқшунослар билимини ҳар жиҳатдан такомиллаштирдик. 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳақида ҳам ўқувчиларимизга тушунча бериб бордик. Билимдонлар баҳсида тобланган вакилларимиз келгусида ушбу фан бўйича олган билимларини ҳаётда қўллашда қийналмайдилар.
Ҳаяжонли дақиқалар етиб келди: ғолиблик қайси жамоаларга насиб этар экан? Ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг хулосасига кўра, Тошкент шаҳрининг “Ёш ҳуқуқшунослар” жамоаси биринчи, Самарқанд вилоятининг “Фемида” жамоаси иккинчи, Тошкент вилоятининг “Истиқлол” жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлди. Ғолиблар қаторида бир нечта номинация эгалари ҳам аниқланиб, ташкилотчиларнинг диплом, қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди. Ҳар бир иштирокчига ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва ҳуқуқий адабиётлар тўплами ҳам топширилди.
Ҳулкар ТЎЙМАНОВА,
“Ma’rifat” мухбири