Ёш тадбиркорга имтиёзли кредит берилади
Шаҳрисабздаги Оқсарой мажмуасини айланиб юрган сайёҳлар попопчилик буюмлари дўконида анча қолиб кетди. Саёҳатчилар миллий нақш¬лар туширилган оёқ кийим, дўппи, нимча, ҳамён ва либосларни завқ билан томоша қилишди. Кўпчилиги сержило нақшлар билан безатилган буюмларни харид қилганидан мамнун...
Шаҳрисабз педагогика ва дизайн касб-ҳунар коллежида таълим олган Мафтуна Қурбонова қўлидаги миллий нақш билан жилоланган буюмлар нафақат Оқсаройда, балки Самарқанд, Бухоро, Хивадаги муқаддас қадамжоларда ҳам эътирофга сазовор бўлган. Мафтуна миллий каштачилик тури — попопчиликни янада ривожлантириш мақсадида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ташкил этилган “Менинг бизнес ғоям” танловида қатнашиб вилоят босқичида ғолиб бўлди. У айни пайтда Бўстонлиқ туманидаги “Камолот” ёшлар оромгоҳида ўтказилаётган ушбу кўрик-танловнинг якуний босқичи иштирокчисидир.
— Касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей битирувчилари бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган ушбу лойиҳа иштирокчилари сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда, — дейди “Камолот” ЁИҲ қошидаги республика ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази директори Феруз Аблаяров. — Танловнинг жорий йилги республика босқичида 150 нафар ёш тадбиркор иштирок этди. Иштирокчилар ўз бизнес ғояларини тақдим этиши баробарида турли тадбир ва семинарларда қатнашиб, тадбиркорлик фаолияти бўйича билим ва кўникмасини бойитиш имконига эга бўлди.
Қатнашчилар 5 кун мобайнида тажрибали мутахассислардан тадбиркорлик фаолияти бўйича қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида атрофлича маълумот олди. Маҳорат дарслари ёш тадбиркорларнинг тажрибасини бойитишда асқотди.
— Болалигимдан гўзаллик шайдосиман. Хотин-қизлар ораста ва мафтункор юришини истайман. Шу боис, Қўрғонтепа туманида гўзаллик салони очишга қарор қилдим, — дейди Андижон давлат университети қошидаги 4-академик лицей ўқувчиси Ситорабону Мамадалиева. — Тенгдошларим билан фикр алмашдим, кўп нарса ўргандим. “Бизнес режа тузиш талаблари”, “Кичик бизнесда бухгалтерия юритиш асослари”, “Маркетинг стратегиясини ишлаб чиқиш”, “Бозорни ўрганиш ва сегментлаш”, “Тижорат банкларининг кредит сиёсати”, “Тадбиркорлик психологияси”, “Бизнес режаларни тақдимот қилиш маҳорати” каби мавзуларда ўтказилган маҳорат дарслари менда катта таассурот қолдирди.
Ёш тадбиркорларнинг гуручдан чипс ишлаб чиқариш, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари тайёрлаш, терига қайта ишлов бериш, замонавийлик уйғунлашган миллий кашталар тўқиш каби бизнес лойиҳаларини ҳакамлар ҳайъати алоҳида эътироф этишди.
Танловнинг республика босқичи ғолибларига имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификат топширилди.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири