Ёшлар — матонат майдонида
Жиззах вилоятида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида «Шунқорлар» ҳарбий-спорт мусобақасининг якуний босқичи ўтказилди. Иштирокчилар даст¬лаб Жиззах шаҳридаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйиб, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртидаги таълим жараёни ҳамда ҳарбий техникалар билан танишди.
Мусобақа жараёнларини кузатиб, юртимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати негизида ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғ¬лом, ҳеч кимдан кам бўлмаган, Ватанимиз тақдири ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган баркамол авлодни тарбиялашдек устувор мақсад мужассамлигини илғаш қийин эмас.
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги, Жиззах вилоят ҳокимлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Мудофаа вазирлигининг Фахрийлар ишлари бўйича кенгаши аъзолари, ҳарбий хизматчилар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этган тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди.
«Шунқорлар» ҳарбий-спорт мусобақасининг якуний босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 14 жамоа саф, ҳарбий топография, ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий тайёргарлик, югуриш, турникда тортилиш, граната улоқтириш, тўсиқлар йўлагидан ўтиш, автоматни қисм¬ларга ажратиш ва йиғиш, пневматик қуролдан нишонга отиш, хорижий тил билимдони каби шартлар бўйича куч синашди.
Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази мутахассислари томонидан ўтказилган «тимбилдинг» («team building» — жамоа тузиш) жамоавий ўйинлари ёшларнинг қизиқишини янада оширди.
Якунда Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги Транспорт ва саноат касб-ҳунар коллежининг “Соҳибқирон” жамоаси 3-ўринни қўлга киритди. Самарқанд вилояти Тайлоқ туманидаги тадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежининг “Ёш десантчилар” жамоаси эса 2-ўриндан жой олди. Ниҳоят, ғолиблик Фарғона туманидаги компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежининг “Жалолиддин Мангуберди” жамоасига насиб этди.
Ҳарбий-спорт мусобақаларининг якуний босқичида юқори шахсий кўрсаткичи билан тенгдошларига намуна бўлганлар, хусусан, граната улоқтиришда Ойбек Исломов (50 м, Жиззах), узоқ масофага югуришда Исфандиёр Ҳамроқулов (2,37 дақиқа; Фарғона), турникда тортилишда Файрузбек Зарипов (39 марта; Хоразм), мерганлик бобида Сирожиддин Каримов (39 очко, Андижон) ўз жамоаси ғалабасига катта ҳисса қўшди.
Мусобақа ғолиблари, турли номинация соҳиблари, совриндорларига диплом ва медаллар, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари ҳамда бебаҳо хазина — китоблар тўплами топширилди.
Азиз НОРҚУЛОВ