Қизилсувда қувнаётган болалар
Бўстонлиқ туманидаги Қизилсув қишлоғида сўлим ва соя-салқин оромгоҳлар бор. Кўм-кўк арчазор, пурвиқор тоғлар бағрида жойлашган “Меҳрибонлик” болалар соғломлаштириш оромгоҳи ўғил-қизларни яна ўз бағрига олди.
Оромгоҳнинг тантанали очилиш маросимида Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари, ички ишлар органлари ходимлари, меҳрибонлик уйлари раҳбарлари, тарбиячи ва тарбияланувчилар иштирок этди. Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев сўзга чиқиб, ўқувчиларга таътилни мароқли ўтказиши, янги ўқув мавсумигача мазмунли ва фойдали ҳордиқ чиқаришини тилади.
— Оромгоҳ пурвиқор тоғлар, ястаниб ётган далаю даштлар, “Чорвоқ” сув
омборидан таралаётган сал¬қин ҳавоси билан ўзига оҳанрабодек тортади. Унинг манзарасидан баҳраманд бўлган бола бепоён юртимизни, унинг табиий бойликларини севиб, кўз қорачиғидек асрайди, — дейди оромгоҳ бош тарбиячиси Салима Шарипова. — Ётоқxона, ошxона, маънавият ва маърифат зали, тиббиёт бўлими, спорт майдончалари, чўмилиш ҳавзаси, айвончалар, амфитеатр, турли тўгараклар болажонлар ихтиёрида. Ўқувчиларнинг тафаккур оламини бойитиш мақсадида Республика болалар кутубхонаси ҳамда илмий педагогик кутубхона фондидан китоб, газета ва журналлар оромгоҳга келтирилди.
Тарбияланувчиларнинг кун тартиби тўгараклар, спорт машғулотлари ва кўнгилочар тадбирлар билан мазмунли ўтиши таъминланди.
Оромгоҳда болаларнинг қизиқиши бўйича бадиий, техник-ижодиёт, ўлкашунослик ва экология, фан тўгараклари фаолият кўрсатади. Тўгараклар самарали ва мазмунли фаолият юритиши учун “Баркамол авлод” марказларидан малакали мутахассислар ташрифи уюштирилади. Севимли шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат арбоблари билан ижодий учрашувлар, тарбияланувчилар орасида турли интеллектуал ўйин, кўрик-танлов ва спорт мусобақаларини ташкил этиш режалаштирилган.
— 2013 йилдан буён таътилни мазкур оромгоҳда ўтказаман, — дейди Тошкент шаҳридаги 22-меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Малика Ашурова. — Барчаси кўнгилдагидек, тўгараклар биз учун, кўм-кўк бассейнда сузиб, офтобда тобланамиз. “Юмшоқ ўйинчоқлар” тўгараги аъзосиман. “Квиллинг” тўгарагида тенгдошларимнинг қоғоз парчаларидан ясаган турли нарса-буюмлари мени ҳам қизиқтириб қўйгани боис, аъзо бўлдим.
Оромгоҳда 10 июндан 25 августгача, 4 мавсум Самарқанд, Бухоро, Навоий, Андижон, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ҳамда пойтахтимиздаги меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг дам олиши режалаштирилган. Биринчи мавсумга 260 нафар бола қабул қилинди.
Ҳ.МЎМИНОВ