Йилнинг энг ёш ихтирочиси аниқланди
“Баркамол авлод” республика болалар техник ижодиёт маркази томонидан ташкил этилган “Йилнинг энг ёш ихтирочиси” республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.
Танловда ўқувчилар техник ижодкорлик йўналишидаги автомобиль, ракетамодел, робототехника ва электрон ўйинчоқлар тўгаракларида олган билимларининг натижалари сифатида ўзларининг ижодий ишлари — макет ва моделлари билан иштирок этди.
Тошкент давлат техника университети, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Тошкент ахборот технологиялари университети мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳар бир иштирокчи яратган моделнинг бугунги кундаги аҳамияти, дизайни, техник талабларга жавоб беришига алоҳида эътибор қаратишди.
— Бугунги танловда ўзим яратган овоз тўлқинлари ор¬қали ишлайдиган ўйинчоқ билан қатнашдим, — дейди Ғузор тумани “Баркамол авлод” болалар маркази аъзоси Дилнигор Очилова. — Ҳайъат аъзоларига мен яратган ўйинчоқ маъқул келди. Болалигимдан техника воситалари, соҳадаги янгиликларга қизиқишим кучли бўлгани учун шу йўналишдаги тўгарак аъзосиман. Бугунги муваффақиятимдан илҳомланиб, келажакда янги-янги ихтироларга қўл уришни ўйлаяпман.
Танлов сўнгида ғолиб ва иштирокчилар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Асолат АҲМАДҚУЛОВА