Илҳомбахш семинар
Зомин. Мусаффо табиати, ям-яшил арчазорлари, бир-бирига елка тутиб турган пурвиқор тоғлари, мангу баҳор қўшиғини куйлаётган шўх сойларию бу қувноқ куйга рақс тушаётган турфа дарахтлари билан бизни ҳамиша ўзига мафтун этган замин. Чиндан, Зомин — илҳомбахш гўша.
Тонглар юзин ювган булоқларингдан,
Тиниқлик сўқмоғи — ирмоқларингдан.
Ўзбекистон бўйлаб сафарга чиқар,
Кўклам ранг юқтириб қучоқларингдан.
...Йигирма йил аввал Зомин бағридаги “Ўриклисой” оромгоҳида ёш ижодкорларнинг Зомин семинари иш бошлаган. Юртимизнинг турли ҳудудларида яшаб, ижод қилаётган истеъдодли ёшларнинг бошини бириктирган, уларни юксак ижодий марралар сари илҳомлантирган ушбу нафис мажлис замонавий ўзбек адабиётига кўплаб шоир-ёзувчиларни, мунаққиду мутаржимларни саралаб бергани ҳеч кимга сир эмас.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 27 апрелида Жиззах вилоятига ташрифи чоғида Зомин туманида шоир-ёзувчилар иштирокида мунтазам ўтказиладиган ёш ижодкорлар семинарини қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифи барча ижодкорларни, хусусан, ёш истеъдод эгаларини мамнун этди.
Ижодкорларнинг бу йилги йиғилиши 5–7 июль кунларига белгиланиб, айни шу вақтда Зоминда мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидан адабиётга ҳавасманд йигит-қизлар, таниқли ёзувчи-шоирлар, адабиётшунослар, таржимон ва публицистлар жам бўлди.
Анжуманнинг очилиш маросимида Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Узоқов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али ва ёзувчи-шоирлар ёш ижодкорларни нуфузли семинардаги иштироки билан қизғин қутлаб, уларга ижодий парвозлар тилади.
Зомин семинари вилоятлардаги қалами ўткир ёшларнинг кучини бирлаштираётгани, уларга янги имкониятлар эшигини очаётгани қувонарли. “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида бирлашган иқтидорли ўғил-қизларнинг руҳиятидаги кўтаринкилик, ғайрат-шижоатини кўрган киши уларга ҳавас қилиши тайин.
Семинарнинг иккинчи кунида шўъбалар иш бошлади. Шеърият, наср, драматургия, адабий тан¬қид, бадиий таржима, болалар адабиёти ҳамда бадиий публицистика йўналишларида қалам тебратаётган ёшлар таниқли устозлардан ижод сирлари, маҳорат сабоқларини ўрганишга киришди. Назм шўъбаларининг бирида шеърларини иштирокчилар эътиборига ҳавола этган семинар қатнашчиси Шоҳинур Усмоновани суҳбатга тортдик:
— Шеърий машқларим билан Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг танишиб чиққани, ёзганларим ҳақида фикр билдиргани, маслаҳат ва тавсияларини айтгани мени беҳад қувонтирди. Тенгдошларимнинг ҳам қимматли фикрлари менга қанот бағишлади. Устоз ижодкорларнинг ҳар бир ёш ижодига индивидуал ёндашгани, керакли йўл-йўриқларни бергани — адабиётга, сўзга муносабатимизни бар¬қарорлаштираётир. Яратилган шароитлар, кўрсатилаётган юксак ғамхўрликларга бадиий жиҳатдан пишиқ ва пухта асарларимиз билан жавоб қайтаришга, келажакда ўзбек адабиётини дунёга олиб чиқишга бор куч-ғайратимизни бағишлаймиз.
Табиат қўйнида кечган мушоиралар, баҳс-мунозараларга бой адабий давралар, Зомин шаршарасига саёҳат, ҳудуд табиати билан яқиндан танишиш, устоз ёзувчи-шоирлар билан дилдан суҳбат... буларнинг бари семинар иштирокчилари кўнглида ижодга муҳаббат учқунларини алангалатиб юборди.
Семинарда иштирокчиларнинг барчасига Президент совғаси сифатида планшет тақдим этилди. Шунингдек, уларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг махсус сертификати, турфа бадиий адабиётлар ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлигининг пул мукофотлари ҳам топширилди.
Кўплаб ёш ижодкорларнинг ёзганлари “Биринчи китобим” лойиҳасида китоб ҳолида чоп этишга тавсия қилинди. Иштирокчиларнинг ижод намуналари жамланиб, ёшлар баёзи нашр этиладиган бўлди.
Дилмурод ДЎСТБЕКОВ,
“Ma’rifat” мухбири