Ўш математикларнинг навбатдаги туҳфаси
Бразилия пойтахти Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган 59-халқаро математика олимпиадасида юртимиздаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг беш нафар ўқувчисидан иборат терма жамоамиз ҳам муносиб иштирок этди.
Қизғин ва муросасиз кечган олимпиадада вакилларимиз 111 давлатдан келган 615 нафар энг билимдон тенгдоши билан беллашиб, ақл-заковатда улардан кам эмаслигини исботлади. Жумладан, Бухоро давлат университети қошидаги 3-академик лицей ўқувчиси Абдумалик Абдуқаюмов 21 балл тўплаб, кумуш медални қўлга киритди.
Икки кун давом этган мусобақада иштирокчиларга 4,5 соатда учтадан масала ечиш топшириғи берилди. Масалалар математиканинг алгебра, сонлар назарияси, геометрия, комбинаторика соҳаларидан олинган бўлиб, ностандарт ва ўта мураккаб характерга эгалиги боис иштирокчилардан анча тер тўкиш талаб этилди. Олимпиада низомига кўра кўпи билан қатнашчиларнинг 50 фоизи медаль билан тақдирланиши белгиланган бўлиб, бунда медаллар даражасига қараб 1:2:3 нисбатда тақсимланади. Шунингдек, бирор масалани тўлиқ ечган қатнашчилар рағбатлантирувчи диплом билан мукофотланиши кўзда тутилган.
Айтиш жоизки, Абдумалик Абдуқаюмов шу йил январь ойида Қозоғистон Республикасида бўлиб ўтган Халқаро Жаутиков олимпиадасида ҳам фаол иштирок этиб, кумуш медалга сазовор бўлганди.
Терма жамоамиз аъзоларининг барчаси геометриядан берилган масалаларни ечиш орқали юқори натижа кўрсатиб, рағбатлантирувчи диплом билан тақдирланди. Шундай қилиб, 2000 йилдан бери вакилларимиз халқаро математика олимпиадаларида 9 та кумуш, 26 та бронза медал ҳамда 30 та фахрий ёрлиқни қўлга киритди.
Муродхон ШОРАҲИМОВ