«Биринчи китобим»нинг тақдимоти
Истеъдод ниҳол каби эътибор ва ғамхўрликдан янада яшнайди, барқ уриб, чуқур илдиз отади. Кун келиб, мева беради.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида ёш истеъдод эгаларининг илк тўпламлари нашр этилиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ва рағбатлантирилаётгани замирида ана шундай эзгу мақсад мужассам.
Мазкур лойиҳа доирасида эълон қилинган тўпламларнинг тақдимот маросимида ижод аҳлига, хусусан, ёш ижодкорларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик эртага ўз мевасини бериши таъкидланди.
— Бугун қалам аҳлига ҳукуматимиз томонидан юксак эътибор қаратиляпти. Ижодкорларни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан рағбатлантириш, уларга муносиб турмуш шароитини яратиш борасида олиб борилаётган ишлар барчамизни қувонтирмоқда, — дейди Ёзувчилар уюшмаси адабий маслаҳатчиси Фароғат Худойқулова. — Зоминда анъанавий ёш ижодкорлар семинарининг қайта ташкил этилиши адабиётимизнинг турли йўналишларида қалам тебратаётган ёшларни бир даврага жамлаши, ўзаро соғлом ижодий рақобатга киришишига замин бўлди. Бундан ташқари, ҳар йили “Дўрмон” ижодкорлар боғида ўтказиладиган “Истеъдод мактаби” республика семинари янги-янги истеъдодларни кашф этмоқда.
Айни кунга қадар ушбу лойиҳа доирасида 75 нафар ёш ижодкорнинг илк тўпламлари ҳар бири 20 минг нусхада чоп этилиб, юртимиздаги таълим муассасалари кутубхоналарига етказиб берилди. Жорий йил ижодга иштиёқманд иқтидор соҳибларидан 21 нафарининг 19 номдаги тўплами дунё юзини кўрди. Дилмурод Дўстбековнинг “Кўксимдаги қуш”, Шоҳсанам Нишонованинг “Иқрор”, Мансур Жумаевнинг “Оқ орзуларим”, Элёр Муродовнинг “Тириклик қўшиғи”, Отабек Манглиевнинг “Кўнг¬линг менинг Ватаним”, Гулрух Худоёрованинг “Сен ҳақингда сўз айтсам”, Абдуманноб Мансуровнинг “Кўнглим харитаси”, Ҳумоюн Қувондиқовнинг “Юлдузлар шивири”, Сайфиддин Окановнинг “Энг чиройли уй”, Шоҳиста Эргашеванинг “Ўн саккизим”, Аслиддин Сабриддиновнинг “Тонг”, Аллаёр Дарменовнинг “Ой дўст” шеърий тўпламлари, Нодирахон Иброҳимованинг “Ёнингдаги бахт”, Манзура Абдуллаеванинг “Қум¬ғон”, Байрамали Қўлдошевнинг “Куз ёмғирлари” каби насрий китоблари, Сирожиддин Рустамовнинг “Катта танаффус”, Сардорбек Ҳамроевнинг “Баҳодир” драматик асарлари, Зилола Намозованинг “Кўзгуга айланган кўнгил” номли адабий-танқидий мақолалар тўплами ва Дилфуза Қурбонова, Мунира Менглиева ҳамда Вазира Мирзаеванинг таржималари жамланган “Парвоз” номли китоби ҳар бири ўн минг нусхада нашрдан чиқиб, адабиёт ихлосмандлари эътиборига ҳавола этилди.
— Болаликдаги энг катта орзуларимдан бирига эришдим, — дейди Шоҳсанам Нишонова. — Илк китобимни қўлимга олгач, мана шундай юксак ишонч ва эътироф улкан масъулият юклаганини ҳис қилдим. Бу эътибор мен ва ижод оламига кириб келаётган барча ёшларни янги марралар сари рағбатлантиради.
Сардор МУСТАФОЕВ,
ЎзДЖТУ талабаси