Намунавий мактаблар
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда ёшлар билан ишлаш бўйича намунавий мактаб лойиҳасини амалга оширмоқда.
Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 324-умумтаълим мактаби ҳам ана шундай намунавий мактабга айлантирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев, халқ таълими вазири ўринбосари А.Саъдуллаев ва бошқалар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармони мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиққанини алоҳида таъкидлади.
Айниқса, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, билим олиши, касб-ҳунар эгаллашини, қатъий ҳаётий позицияга эга, ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етишини таъминлаш, уюшмаган ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида кўмаклашиш, уларни касбга йўналтириб, бандлигини таъминлаш борасида кўплаб чоралар кўрилмоқда.
– Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ мамлакатимизнинг барча ҳудудларида биттадан мактаб саралаб олиниб, намунавий мактабга айлантирилмоқда, – дейди мактаб директори Б.Пўлатова. – Мактабимизнинг ана шундай намунавий мактабга айлантирилганидан хурсандмиз. Мазкур лойиҳа асосида мактабимизда «Заковат» интеллектуал ўйини, «Муваффақият мактаби», «Мунозара клуби», «Баркамол қизлар клуби» машғулотлари йўлга қўйилиб, бу лойиҳалар ўқувчи-ёшларнинг дунёқарашини бойитишга ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
Мазкур лойиҳадаги машғулотларни мактабнинг ёшлар етакчилари хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси ва клуб сардорлари билан ҳамкорликда олиб боради. Унда 6-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчилар бўш вақтларини мазмунли ўтказиш имконига эга бўлади.
Тадбир доирасида намунавий мактабларда жамоат кенгаши ва ўқувчи-ёшлар билан самарали иш олиб бориш бўйича мутахассислар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди.
Г.БОБОЕВА,
ЎзА мухбири