Ёшлар — келажак бунёдкори
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида қатор ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида ёш тадбиркорлар, ҳунарманд ва фермерлар ишлаб чиқарган маҳсулотларнинг I республика кўргазма савдоси ташкил этилди. «Ёшлар — келажак бунёдкори» шиори остида ўтказилган тадбирда республикамизнинг барча ҳудудидан келган икки юздан зиёд ишлаб чиқарувчилар иштирок этди.
— Кўргазма тадбиркорликка қадам қўяётган ёшларни бирлаштириш, соҳадаги янгиликлардан хабардор қилишда муҳим аҳамият касб этади. Уни ташкил этишдан асосий мақсад йигит-қизларнинг ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, шунингдек, улар ўртасида кооперацион алоқани мустаҳкамлаш ҳамда ишлаб чиқараётган маҳсулотларини оммалаштиришга қаратилган, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги «Ёш тадбиркор» консультатив маркази бизнес тренери Юсуф Зокиржонов. — Айни пайтда ёш тадбиркорлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш долзарб вазифалар сирасига киради. Чунки юртимизнинг чекка ҳудудларида фаолият олиб бораётган ёшларнинг аксарияти ишлаб чиқараётган маҳсулотини оммага намоён этишда муаммога дуч келади. Аслида улар ишлаб чиқариб, сотишга қийналаётган хомашё бошқа бир ҳудуддаги ишбилармоннинг фаолияти учун жуда муҳим бўлиши мумкин.
Тадбирда ёш тадбиркорларнинг ўзаро ҳамкорлик ўрнатиши учун қулай муҳит яратилди. Айниқса, экспорт салоҳияти юқори корхоналар вакилларининг ёшлар билан учрашиб, тегишли йўл-йўриқлар кўрсатгани ҳар жиҳатдан манфаатли бўлди.
— Малакали мутахассислар ўтказган маҳорат дарслари жуда мароқли ва мазмунли кечди, — дейди жиззахлик миллий чолғу асбоблари ясовчи тадбиркор Раббим Саъдуллаев. — Ёғочдан санъат асарларини яратишга қизиқиш олти-етти ёшлигимда бошланган. Бобом оддий чархда турли жиҳозлар ясаётганда ҳайратланиб томоша қилардим. Бобомнинг ҳунарини отам давом эттириб, кўп йиллик тут, ёнғоқ дарахтларидан миллий мусиқа асбобларини ясай бошлади. Ҳунар сирларини менга ҳам қунт билан ўргатди. Айни пайт¬да дутор, рубоб, доира, танбур сингари чолғуларни ясаяпмиз.
Нуроталик Насиба Файзиева тикаётган ранг-баранг сўзанаю ёстиқ жилдлари, келин-куёвларга мўлжалланган тўн ва халатлар ҳам момомерос каштачилик санъати намуналаридан. Ҳунарманднинг нияти азалдан маш¬ҳур бўлган Нурота каштачилик мактабининг унутилаётган қирраларини тиклаш ва тенгдошларига ўргатишдир.
Кўргазма расталарини айланар эканмиз, кулолчилик, гиламдўзлик, атласу адраслар, қоракўл терилари, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган, асаларичилик ва қандолатчиликни ривожлантиришга бел боғлаган ҳамда бошқа йўналишларда иқтидорларини намоён этаётган ёшларнинг меҳнати маҳсули намуналари билан танишиб, чиндан-да ёшлар келажак бунёдкори эканига амин бўлдик.
Тадбир сўнгида бир гуруҳ фаол ёшларга имтиёзли микрокредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
Ойбуви ОЧИЛОВА,
«Ma’rifat» мухбири