Китоб ўқиган «Spark» минади
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилган “Ёш китобхон” танловининг мамлакат босқичида Қўқон давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультети 3-курс талабаси Шарофатхон Исмоилова биринчи ўринни эгаллаб, Президент совғаси – “Spark” автомобили билан тақдирланди.
Китоб инсоннинг маънавий оламини бойитадиган, дунёқарашини шакллантирадиган буюк устоздир. Юртимизда китобхонлик маданиятини янада юксалтириш, ёш авлодни мутолаага ундаш каби вазифалар олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан китобхон ёшларни рағбатлантиришнинг янгича усули бугунги кунда барчани беҳад мамнун этмоқда.
Шарофат Исмоилова Олтиариқ тумани Бўрбонлиқ қишлоғида туғилган. Дадаси Салимжон ака – она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, онаси Ёдгора опа уй бекаси. Оилада 5 нафар фарзанд бўлиб, Шарофат энг кенжа қиз. Унинг биринчи устози – дадаси. Дадаси фарзандларига жуда кўплаб китобларни ўқиб берарди. Шунинг учун ҳам у ёшлигидан китобга меҳр қўйди. Кечагидек ёдида 2-синфда ўқиб юрганида Андерсеннинг “Жаҳон халқ эртаклари” китобини ўқиб тугатганди. У шеъриятга ҳам ошно бўлиб, шеър ёзишни машқ қила бошлади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими қошидаги “Олтин қалам” тўгарагига аъзо бўлиб, устозлар қўлида ижоди янада чархланди.
2015 йилда Қўқон давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетига тест синовларидан юқори балл тўплаб, талабаликка қабул қилинди. Шарофат барча тадбирларда доимо фаол иштирок этади. У бугунги кунда мумтоз адабиёт сирларини қунт билан ўрганиб келмоқда ва келажакда шу асосда илмий изланиш олиб бориш ниятида. Иқтидорли бу қиз Саид Аҳмад, Ўткир Ҳошимов, Ўлмас Умарбеков, Абдусаид Кўчимов, Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам каби ёзувчиларнинг асарларига жуда ҳам қизиқади. “Ёш китобхон” танловининг мамлакат босқичида ғолиб бўлиш хаёлига келмаган оддий қишлоқ қизи барча шартларни юқори даражада уддалаб, танлов ғолиби бўлди.
– Болалигимдан китобга меҳрим бўлакча, китоблар ичида катта бўлганман, – дейди Ш.Исмоилова. – Дадам ўқитувчи бўлгани учун ҳаммамизнинг зиёли, ўқимишли бўлишимизни истайди. Оила даврасида ҳам ким қайси китобни мутолаа қилаётганини сўрайди. Суҳбатимиз ўз-ўзидан баҳс-мунозарага айланиб кетади. Китобга дўст бўлган одам ҳаётда ҳеч қачон қоқилмайди. Ростини айтсам, ҳаётимда ўзим ўқиган китоблар қаҳрамонлари ҳаётидаги сингари кутилмаган, бахтли воқеалар содир бўлишини жуда хоҳлардим. Танловда ғолиб бўлганим ҳам менинг ҳаётимда бахтли кун бўлди. Бу рағбат катта орзуларимга қанот бўлди.
Ҳа, танлов ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам ҳар бир иштирокчини изланишга, ўқиб-ўрганишга ундаш. Бирор машғулот билан банд бўлган инсон вақтини беҳуда сарфламайди, бекор юрмайди. Ўзи учун белгилаб олган марра сари илдамлар экан, албатта, эзгу, бунёдкор ғоя ва ташаббуслар қуршовида бўлади. Шарофат Исмоилованинг ниятлари янада улкан. У Алишер Навоий лирикасини чуқурроқ ўрганиш мақсадида бобомизнинг асарларини ўқиб ўрганмоқда.
Қўқон давлат педагогика институти ва Олтиариқ туманида бўлиб ўтган тадбирларда Ш.Исмоилованинг қўлга киритган ютуғи яна бир бор эътироф этилди. Китоб ўқиганнинг “Spark” автомашинасига эга бўлганини кўрган тенгдошлари ҳам унга ҳавас қилмоқда.
www.uza.uz