Маънавият ривожи йўлидаги муҳим қадам
Донишманд халқимиз азалдан адабиётни кўнгил мулки, моҳир тарбиячи дея таърифлайди. Шунданми, элнинг дардини куйлаган, битикларида эзгуликни тараннум этган ижодкорларга халқ меҳри бўлакча.
Асарлари билан миллат маънавиятини бойитиб, юртни дунёга танитган етук ижодкорларга эҳтиром кўрсатиш, уларнинг тажрибасини, бой ижодий лабораториясини ўрганиш, навқирон авлодни уларга муносиб издош этиб тарбиялаш мақсадида бир қатор самарали ишлар қилинаётир.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 июндаги «Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори ва унинг ижроси сифатида ушбу таълим муассасасининг бадиий ижодга ҳавасманд ўғил-қизларга туҳфа этилиши айни эҳтиромнинг амалий ифодаси бўлди. Замонавий ўқув биносида сифатли таълим олиш учун барча шароитлар яратилган. 150 ўринга мўлжалланган ижод масканида ҳозир 120 нафар ўқувчи билим олмоқда. 100 ўринли ётоқхона, шинам кутубхона, сунъий қопламали футбол майдончаси ёшлар ихтиёрида.
— Мактаб худди мен орзу қилгандек: замонавий, шинам ва қулай. Айниқса, ижодкор тенгқурларимнинг борлиги, улар билан адабиёт, ижод завқи, сўз сеҳри ҳақида фикр алмашиш имкони мавжудлиги мени беҳад қувонтирди, — дейди ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиси Холида Бобоева. — Илк нас¬рий уринишларим, ижодий машқларимни юрак ютиб бировга кўрсатишга ийманардим. Бу ерга келиб, ўзимни анча эркин ҳис қиляпман. Синфдошларимга, ўқитувчиларимга ҳикояларимни кўрсатиб, уларнинг фикрларини эшитаман. Устозларимнинг йўл-йўриқлари, маслаҳатлари асосида ҳикоямнинг янада «чеҳраси очилиб» бораётганини кўриш жуда завқли.
Ёшларни ижодий изланишларга рағбатлантириш, уларнинг адабиётга, сўзга бўлган муносабатини, масъулиятини ошириш, мутолаани кундалик юмуш сифатида кун тартибига қатъий киритиш ўқитувчиларнинг диққат марказида. Фан, спорт тўгараклари, бадиий адабиётнинг наср ва назмдаги маҳорат дарслари, замонавий адабиётнинг катта авлод вакиллари билан ижодий учрашувлар ўқувчиларга ўз имкониятини юзага чиқаришда кўмак бўлаётир. Адабий давраларда, мушоираларда шеърдан-шеърга пишиб, соз назмий асарларга қўли келиб қолган бир неча ёш қаламкашларнинг биринчи китоби чоп этилди. Мактабнинг 6-синф ўқувчиси Висола Турсунованинг «Камалак юлдузлари» ҳамда 8-синфдаги Гулсанам Баҳриддинованинг «Лолақизғалдоқ» номли шеърий тўпламлари шулар жумласидандир.
Таълим даргоҳи ўқувчиларининг ҳам маънан, ҳам жисмонан камол топишини кўзлаб, қолаверса, ўқувчилар орасида соғлом турмуш тарзини тар¬ғиб этиш мақсадида турли спорт мусобақалари, беллашувлар ҳам ўтказиш анъанага айланиб боряпти. Ёш истеъдод эгаларининг спорт мусобақаларидаги фаоллигидан ота-оналар ҳам мамнун. Таэквондо бўйича ўз вазн тоифасида мамлакат очиқ чемпионатида икки карра ғолибликни қўлга киритган 5-синф ўқувчиси Самандар Олимов каби интилувчан ўғил-қизлар мактабда талайгина. Уларнинг аксари «Умид ниҳоллари» спорт ўйинларининг республика босқичи иштирокчиси.
Таълим масканида ҳар жиҳатдан иқтидорли, илмга чанқоқ ўқувчиларга истеъдодини юзага чиқариш, ижодий изланишларига тўғри йўналиш бериш педагоглар жамоасининг асосий мақсадидир. Барча саъй-ҳаракатлар юксак салоҳиятли кадрларни тайёрлаш, миллий адабиётимизнинг мутафаккир давомчиларини тарбиялашга қаратилган.
— Устозларимизнинг китобни танлаб ўқиш, ўзбек ва жаҳон адабиёти тарихини мукаммал ўрганиш борасидаги маслаҳатлари мен учун айни муддао бўлди. Мутолаа ижодкорнинг адабий дидини тарбиялашини билиб олдим, — дейди 8-синф ўқувчиси Шаҳноза Мамирова. — Соғлом ижодий муҳит, ижобий маънодаги рақобат ижодкорнинг шаклланишидаги муҳим омилдир. Ўқитувчиларимиз буни бизга тез-тез таъкидлаб туришади. Мактабимиз ҳаёти, ўқувчиларнинг ижодини ёритиб борувчи «Ижод» номли деворий газетамиз чиқиб турибди. Синфдошларимиз билан унинг ҳар сонида фаол бўлишга ҳаракат қиляпмиз. Билим олишимиз, ижод қилишимиз учун яратиб берилган шароит ва имкониятларга келгусида савияли, яхши бадиий асарларимиз, ўзбек адабиёти ривожи йўлидаги меҳнатимиз билан жавоб бермоқчимиз.
Абдусаттор СОДИҚОВ,
«Ma’rifat» мухбири