Ёшлар етакчисига вазифаларини бажаришда нима халал беряпти?
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 30 июнь куни “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида нутқ сўзлар экан, ўсиб келаётган фарзандларимизга катта умид ва ишонч билдириб, шундай деди: “Ўзбекистонимизнинг мана шундай ёруғ ва фаровон истиқболини бунёд этишдек масъулиятли вазифани ким ўз зиммасига олади? Албатта, фақат замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, доимо эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган сиз, азиз ёшларимиз майдонга дадил чиқиб, бугунги кунда ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган вазифаларни ҳал этишга қодирсиз”.
Қурултойда давлатимиз раҳбарининг таклиф ва ташаббуси билан янгидан ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи йигит-қизларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариб, уларга амалий ёрдам кўрсата оладиган ва ташаббусларини қўллаб-қувватлайдиган ташкилотга айланмоқда. Ёшлар қатламини бир мақсад-муддао йўлида бирлаштирадиган бу тузилманинг самарали фаолият юритиши, ўз ғоя ва лойиҳаларини амалга ошириши ёшлар етакчисининг саъй-ҳаракатига ҳам боғлиқ. Шу маънода, ўтган йилнинг август, сентябрь ойларидан бошлаб таълим муассасаларида етакчилик лавозимининг жорий этилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди.
“Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг умумий ўрта таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотлари тўғрисида низом”нинг V бўлимида белгилаб қўйилганидек, ушбу вазифага 35 ёшдан ошмаган, олий маълумотли, камида бир йиллик педагогик ёки ёшлар билан ишлаш амалиётига эга бўлган йигит-қизлар тайинланади. Етакчи қобилиятли, нотиқлик ва бошқарув маҳорати, ташаббускорлик, ташкилотчилик ва фидойилик сифатларигагина эга бўлиб қолмасдан, жамоатчилик билан ишлай олиши, ҳужжатларни тўғри юритиши, АКТни билиши керак. Ёшларга оид давлат сиёсати мазмун-моҳиятини англаб етадиган, фаолиятига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни биладиган ана шундай ёшлар Халқ таълими вазирлиги ва Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раҳбариятининг қўшма қарорига асосан ишга жалб этилмоқда. Ёшлар етакчиси фақат иш бажарувчи эмас, балки мактаб маъмуриятининг масъулиятли вакили сифатида ишлаб чиқариш ва педагогик кенгаш йиғилишларида ўз талаб-таклифларини билдириш ҳуқуқига эгадир.
Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 327-умумий ўрта таълим мактабида фаолият юритаётган ёшлар етакчиси Гулмира Ҳакимова икки йиллик педагогик тажрибага эга. Физика фанидан дарс беради. Ўқувчилар ўртасида “Физикада лирика”, “Энг фаол ўқувчилар” танловларини ўтказиб, ёшларни жипслашишга, бир мақсад йўлида олға интилишга ундаб, ҳақиқий етакчига хос хусусиятларини намоён эта олган Гулмира бугун вазифасини намунали бажармоқда.
Унга алоҳида хона ажратилган. Болалардаги яширин истеъдодни кўра билгани, эътироф эта олгани учун ўқувчилар ҳам унга талпинади. Мактабга борганимизда етакчини бир гуруҳ ўқувчилар қуршовида кўр¬дик. Болаларга “Истеъдодларни аниқлаймиз” танлови шартларини тушунтириш билан банд эди.
Бу танловда ҳеч бир ўқувчи эътибордан четда қолмади. Чунки Гулмира Ҳакимова ўтказган тадбирларда иккита 6-синф беллашдими, ғолиб жамоа
кейинги босқичга чиқадиган бўлса, мағлуб жамоадан ҳам иқтидорли, фаол ўқувчилар танлаб олинади. Қарабсизки, 6-синфнинг энг фаол ва иқтидорли болаларидан якдил жамоа шаклланади.
— 7-синфда “ичимдагини топ” дейдиган қиз бор эди. “Истеъдодларни аниқлаймиз” танловининг жонли овоз шартида унинг қўшиқ айтганини эшитиб, ҳайрон қолдим. Шунақа ширали овози бор эканки, ҳеч ким унинг бундай чиройли қўшиқ айтишини кутмаган эди. Боладаги яширин истеъдодни аниқлашга баъзан тажрибали педагоглар ҳам қийналишади, аммо биз етакчилар бунинг уддасидан чиқишимиз керак, — дейди Гулмира Ҳакимова.
“Ёшлар оромгоҳи”да ўтказилган семинар иштирокчиси Гулмира янги лойиҳа ҳақида эшитдию, тинчи йўқолди. Нима учун мактабда “Жонли шахмат” лойиҳасини амалга ошириш мумкин эмас? Бунинг учун хонага катта ўлчамдаги шахмат тахтаси чизилди. Оқ ва қора катаклар бўяб чиқилди. Ўқувчилар бу майдончада туриб, ўзаро шахмат ёки шашка ўйнаши мумкин. Ҳар бир “фигура” ўз “юриши” билан жамоани ғолибликка ёки мағлубиятга бошлайди, бунда сергаклик, ўйлаб иш тутиш ва шунга яраша қарор қабул қилиш талаб этилади. Ўқувчилар жамоавийликка ўрганиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаши зарурлигини ҳис этади.
Ёшлар етакчиси ука-сингилларининг дид ва эҳтиёжини зукколик билан англай олсагина саъй-ҳаракатлари ўз самарасини беради. Аммо барча таълим масканларида ҳам 327-умумтаълим мактабидаги сингари муҳитни кузатиш қийин. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассиси Элдор Аҳмедов етакчи, аслида, қандай фаолият кўрсатиши лозимлиги хусусида шундай фикр билдиради:
— Республикамиздаги мавжуд 9628 та мактабнинг барчасида ёшлар етакчиси фаолият кўрсатади. Уларга бириктирилган сардорлар эса бир миллион етти юз ўттиз уч мингдан ошади. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимига кирувчи 1548 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежида ҳам шунча ёшлар етакчиси борлигини ҳисобга олсак, иттифоқ аъзоларининг жуда катта куч эканлиги ойдинлашади. Етакчи низом ва йўриқномага таяниб иш тутади. У таълим даргоҳидаги барча ёшларни бир мақсад-муддао йўлида жипслаштира олиши керак. Афсуски, айрим вилоят ва туманларда бўлганимизда замонавий техника билан жиҳозланган, ўқув ва бадиий адабиётлар билан бойитилган китоб жавонига эга алоҳида хонаси бўлмаган етакчилар ҳам борлигига гувоҳ бўляпмиз. Бу эса айрим таълим даргоҳи раҳбарларининг давлат миқёсидаги масалага лоқайдлик билан қараётганидан далолат беради.
Дарҳақиқат, унга алоҳида хона ажратилмаса, техник имкониятлар яратилмаса, мактаб раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланмаса, аксинча, ўз вазифаси қолиб, “югур-югур” ишларга жалб этилаверса, етакчининг фаолияти кутилган самарани бермайди.
Ўтган ҳафтада Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши томонидан “Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва жонлантириш сафарбарлиги” эълон қи¬линди. Беш кун давомида “Тарғиботчилар” гуруҳлари шакллантирилди, улар томонидан умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари ўқувчи-талабаларига Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва “Камалак” болалар ташкилоти фаолияти бўйича кенг тушунчалар берилди. “Тарғиботчилар” гуруҳлари 5 168 та (24 фоиз) бошланғич ташкилотга бориб, аниқланган 6891 муаммодан 5368 таси (77 фоизи)ни бартараф этишга кўмаклашдилар.
Республикамизнинг барча ҳудудида вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари бошчилигида туман(шаҳар) ҳокимининг ўринбосари, туман(шаҳар) ички ишлар бўлими бошлиғининг ёшлар масаласи бўйича ўринбосари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман(шаҳар) кенгашлари раисининг ёшлар масаласи бўйича ўринбосари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман (шаҳар) кенгашлари раиси ва туман(шаҳар) “Камалак” болалар ташкилоти раиси иштирокида кенгайтирилган йиғилишлар ўтказилди.
Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши мутахассисларининг маълумот беришича, ушбу сафарбарлик тадбирларида айрим туман (шаҳар)лардан юқоридаги мутасаддилар ёки уларнинг вакили иштирок этмаган. Ёшлар иттифоқининг Нукус, Бухоро, Самарқанд шаҳарлари кенгашлари томонидан олий таълим муассасаларининг ёшлар ва факультет етакчилари билан учрашувлар ташкил этилмаган, уларни тинглаш ва ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилмаган. Жиззах вилоятининг Бахмал, Дўстлик, Қашқадарё вилоятининг Қарши, Китоб туманларидаги умумий ўрта таълим муассасаларининг “Иттифоқ” ва “Камалак” сардорлари ҳамда туман(шаҳар) сардорлар кенгаши аъзолари учун махсус ўқув-семинарлар ташкил этилмаган, маҳорат дарслари ўтказилмаган.
Режалаштирилган “Менинг мактабим (коллежим, лицейим, институтим, университетим) ҳуқуқ¬бузарликдан холи!” акцияси республика бўйича фақатгина Пайариқ туманида ташкил этилган...
Айрим ҳудудларда умумий ўрта таълим муассасалари сардорлар кенгашлари (касб-ҳунар таълими муассасалари етакчилар кенгашлари) ўртасида ўзаро тажриба алмашув жараёни йўлга қўйилмаган, “Ҳоким ва ёшлар” учрашувлари ўтказилмаган.
Бундан ташқари, деярли барча ҳудудларда ҳудудий ва маҳаллий “Камалак” болалар ташкилоти раислари ўзининг функционал вазифаларида бошланғич ташкилотлар билан тизимли ишлаши белгилаб қўйилган бўлса-да, кенгаш раислари ўзига тааллуқли бўлмаган юмушларга жалб этилиши кузатилмоқда. Мисол учун, “Камалак” болалар ташкилоти раислари маҳаллий ҳокимликнинг коммунал, қурилиш, ободонлаштириш ишларига бириктириб қўйилгани ёки турли дастурларнинг мониторинги билан банд этилгани, тадбирларни хўжакўрсинга ташкил этиш ҳолатлари маълум бўлмоқда. Натижада ёшлар ичига кириб бориш, улар билан ишлаш иккинчи даражали масалага айланиб қолмоқда.
Бу каби муаммоларга вақтида ечим излаш ёшларга оид давлат сиёсати борасида Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Назокат ХОЛМЕТОВА,
“Ma’rifat” мухбири