Бухорода “Ёшлар маркази” фойдаланишга топширилди
Мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, ижтимоий фаол бўлиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Бухоро вилояти “Ёшлар маркази” очилишига бағишланган тадбирда бу алоҳида таъкидланди.
Бухоро вилояти аҳолисининг 48 фоизи ёки салкам 900 минг нафари 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳаётда ўз ўринни топиши, муносиб турмуш кечириши учун шароит яратиш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Тадбирда жорий йилда кўплаб таълим муассасалари реконструкция қилингани ва мукаммал таъмирлангани, ижтимоий соҳа объектлари барпо этилгани, турли соҳаларда ташаббускорлиги билан ўрнак бўлаётган ёш оилаларнинг 94 тасига Бухоро ва Когон шаҳарларида қурилган “Ёшлар уйи” калити топширилгани қайд этилди.
Кейинги йилларда фойдаланиш талабларига жавоб бермай қолган илгариги Маданият саройининг катта маблағ эвазига мукаммал таъмирланиб, “Ёшлар маркази”га айлантирилган уч қаватли биноси мутлақо замонавий қиёфа касб этди.
– Эндиликда марказда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти кенгаши ҳам фаолият кўрсатади, – дейди кенгаш раиси З.Комилов. – Бинода замонавий жиҳозланган 808 ўринли томоша зали ва 280 ўринли кинозал ёшларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, оммавий-маданий тадбирларни ўтказиш учун жуда қулай. Тадбирларга аҳолининг уюшмаган қатламини ҳам жалб этиш борасидаги режаларни изчил амалга оширамиз.
Масканда инглиз ва рус тиллари, шахмат-шашка, стол тенниси, ёш актёрлар, қизларни оилага тайёрлаш, ёшлар туризми, мактабгача таълим, инклюзив таълим, тасвирий санъат, тикувчилик каби 20 дан зиёд тўгарак, руҳшунос-маслаҳат маркази фаолият кўрсатади.
– Бугунги ёшлар нафақат муайян касб эгаси, балки қизиқувчан, дунёқараши кенг бўлиши керак, – дейди Бухоро банк коллежи ўқувчиси Азима Муҳаммадиева. – Мен бадиий ижод билан ҳам шуғулланаман. Чет тилига қизиқишим катта. Шу боис дарсдан сўнг «Ёшлар маркази»даги инглиз тили тўгарагига қатнашмоқчиман. Марказдаги кутубхона ёшлар учун бой маънавий хазинага айланади.
Бугунги кунда жамиятнинг ривожланиши ахборот-комуникация технологиялари билан ҳам жуда боғлиқ. «Ёшлар маркази»да бу соҳага қизиқувчилар учун ҳам кенг шароитлар кўзда тутилган.
Тадбирда Президент совғаси сифатида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти кенгашига “Gentra” русумли замонавий енгил автомашина топширилди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.
uza.uz