Мустақил фикрли ўқувчи бўш ўзлаштирувчилар сафида қолмайди
Бошланғич синфларда ўқувчиларни зўриқиш ва турли психологик таъсирлардан асраш, қизиқарли ўйинлар орқали билимларини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади. Термиз шаҳридаги 15-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Насиба Иброҳимова кўп йиллик педагогик тажрибаси давомида бунга қатъий амал қилади. Муаллима ўқувчиларни зийраклик ва чаққонликка ҳамда фикрини тўғри ва аниқ ифода этишга ундовчи ўйинлардан фойдаланади. Масалан, “Ғойиб бўлганини топ” ўйинида турли геометрик шакллар ёзув тахтаси ёки магнитли доскага тартибсиз жойлаштирилади.
Ўқувчилар шаклларни кўриб бўлгач, ўқитувчи “Тун”, дейди. Болалар кўзини юмади. Ўқитувчи шакллардан бир нечтасини олиб, яширади ва “Кун”, дейди. Ўқувчилар кўзини очиб, қайси шакллар ғойиб бўлганини айтиши керак.
— Бўш ўзлаштирувчи ўқувчиларни аниқлаш ва улар билан ишлаш ўқитувчидан алоҳида сабот ва масъулиятни талаб этади, — дейди муаллима. — Шу боис бу тоифа болалар билан шуғулланиш учун, аввало, яккама-якка суҳбат ўтказиб, уларнинг қизиқишларини аниқлаб оламан. Махсус журнал тутиб, болаларнинг ўзлаштиришини мунтазам мониторинг қилиб бораман. Ўқувчиларга қийналаётган фанидан алоҳида машғулотлар дафтари туттираман. Озгина ижобий ўзгариш кўрсам ҳам, болаларни рағбатлантираман. Ўзлаштиришда тенгдошларига етиб олгани учун ота-оналарига ташаккурномалар юбораман. Синф мажлисларида алоҳида эътироф этаман. Бу ўз самарасини беради.
Насиба Иброҳимова бўш ўзлаштирувчиларнинг фаоллигини ошириш учун уларнинг мустақил фикрлаш қобилиятини ҳамда нутқини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Бунинг учун турли эртаклардан фойдаланади.
— Бир дарёда уч балиқ аҳил-иноқ яшар экан. Улар ҳар доим бирга сузар, топганларини бирга баҳам кўраркан, — дея ҳикоясини бошлайди педагог. — Бир куни дарёга балиқчилар келибди. Тўр ва қармоқларини ҳозирлаб, балиқларни қандай овлаш ҳақида маслаҳатлаша бошлабди. Шу яқин атрофда сузиб юрган балиқлар бу суҳбатни эшитибди. Шунда улардан энг ақллиси...
Муаллима эртак шу ерга етганда тин олиб, болаларга юзланади:
— Хўш, балиқ нима дебди, болалар? Қани ким айтади?
Ўқувчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиради. Ўқитувчи имкон қадар диққати тез чалғийдиган ўқувчиларнинг эътиборини тортишга ҳаракат қилади. Жавобларни эшитгач, “Қани, эшитайлик-чи, ақлли балиқ дўстларига нима маслаҳат берибди”, деб эртакнинг давомини айтади:
— Дарҳол денгиз томон йўлга чиқайлик, энди бу ерда қолиш хавфли, — дебди ақлли балиқ.
Дўстлари унинг гапига эътибор бермай:
— Дарёда биздан бошқа балиқлар ҳам бор. Балиқчилар улар орасидан бизни қандай ҳам тутарди, — дебди беписандлик билан.
Ақлли балиқ дўстларини ўзи билан бирга кетишга ҳарчанд чорламасин, улар қайсарлик билан ўз гапида туриб олибди. Ноилож ёлғиз ўзи узоқ сафарга чиқибди ва эсон-омон денгизга етиб олибди...
Ўқитувчи яна тўхтаб, ўқувчиларга савол беради:
— Хўш болажонлар, қолган икки балиқнинг тақдири нима бўлибди?
Педагог ўқувчиларнинг фикрини диққат билан тинглайди. Қандай жавоб айтилмасин, болаларнинг шахсий нуқтаи назарини тўғри ёки нотўғрига ажратмайди. Аксинча, ҳар бир жавобдан сўнг “Раҳмат, бу сенинг фикринг”, “Фикрингни айтганинг учун миннатдорман”, деб болаларни рағбатлантириб туради. Ҳаммага ўз мулоҳазасини билдириши учун тенг имконият яратишга интилади. Жавоблардан сўнг:
— Эртакнинг давомини тинглайлик-чи, қолган икки балиқ тақдири қандай кечибди, — деб матн¬ни давом эттиради:
— Икковлон балиқчилардан ҳимояланиш учун ўзини бошқа балиқлар орасига урибди. Бироқ балиқчиларнинг кенг-мўл тўри ҳамма балиқларни бирваракайига ушлаб олибди. Шунда икки балиқ дўстининг айтганига қулоқ солмагани учун қаттиқ пушаймон бўлибди. Қиссадан ҳисса шуки, болажонлар, одам доимо ўзидан ақлли, тажрибали кишиларнинг сўзига, холис маслаҳатига амал қилиши лозим. Шунда тўрга илинган икки балиқ каби афсусланмайди.
Муаллима дарс ўтишда бошқа кўплаб усуллардан ҳам фойдаланади. Энг муҳими, улар самара беряпти.
МУХБИРИМИЗ