Ўргатиш 25-30 фоизга осонлашди
Маълумотлар кўриш (видео) асосида қабул қилинса, ахборотни хотирада сақлаб қолиш 25—30 фоизга осонлашади.
Ўқув материаллари аудио, видео ва графика кўринишида мужассамлашган ҳолда берилса, янада яхши. Шу боис мактабимизда ўғил-қизларнинг компьютер саводхонлигини ошириш учун Power Point, Maсromedia Flash, 3D MAX, Corel Draw каби дастурий таъминотлар ҳамда z iyonet.uz таълим портали, педагогик фаолиятга мўлжалланган ижтимоий тармоқ материалларидан самарали фойдаланамиз. Янги мавзуга оид слайдлар ёки анимацион жараённи лойиҳалашда бевосита синфдаги муҳитни, жумладан, ўқувчиларнинг, мактаб ва унга ёндош ҳудудлар — кўча, завод, фабрика, дўкон, кутубхоналар тасвирини ифода этиш билан бойитамиз.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, бундай тажриба бир машғулотда 20—25 дақиқадан, турли фанлар кесимида бир кунда ўртача 85 дақиқагача давом этиши яхши самара беради. Мунтазам равишда мультимедиадан фойдаланиш натижасида янги мавзу баёни ва ўтилган мавзу бўйича билимларни ўзлаштириш самарадорлиги ўртача 15—20 фоизга ортади.
Сайёра ҲОЖИЕВА,
Чортоқ туманидаги 46-мактаб ўқитувчиси