Туркий тарбия бўстони (МТМ тарбиячилари ва бошланғич синф ўқитувчиларига ёрдам)
Боболардан қолган ҳикматлар
Фольклорда халқнинг фарзанд тарбияси, одоб, ахлоқи, умуман, халқ педагогикасига тегишли фикр-мулоҳазалари ҳар бир жанр намуналарида ўзига хос равишда намоён бўлади. Илмий-маърифий асарлардан фарқли фольклорда таълим-тарбия, одоб, ахлоқ ғоялари образларда бадиий ифода топади. Оилада фарзанднинг туғилишидан унинг улғайиб, катталар қаторига қўшилгунигача кечувчи даврнинг ҳар бир бўғинига доир халқона тарбия усуллари мавжуд. Халқ авлод тарбияси бевосита миллат тарбиясига дахлдор ўта масъулиятли вазифа эканлигини доимо уқтириб келади.
Аждодлардан мерос қадриятларни фарзанд дунёга келган кундан бошлаб унинг руҳига сингдириш анъанаси маросимлар кўринишини олган. Оилавий маросимлар, улар таркибидаги айтим, қўшиқлар ва барча фольклор намуналари тарбиявий вазифага ҳам эга. Чунки инсоннинг болалик даври унинг бутун келажак ҳаёти учун пойдевор вазифасини ўтайди. Бу даврда эгалланган билим, олинган тарбия, урф-одатлар ҳар бир шахс ҳаётида ўчмас из қолдиради.
Болалар фольклори деб болалар ёки улар учун катталар томонидан яратилган халқ ижоди намуналарига айтилади. Ўзбек болалар фольклори алла, эртак, эрмаклар, тез айтиш, топишмоқ, болалар ўйин қўшиқлари, эркалама, масхаралама ва бошқаларни ўз ичига қамраб олган.
Болалар фольклори боланинг тинглашига, айтиб юришига, ўйинига, қўшиғига мосланган бўлади.
Бола бешикка илк беланганда уни ўраб турган олам, атроф-муҳит билан таништириш вазифасини ушбу айтим бажаради:
Шамол турса қўрқмагин:
Шамол бобонг бўлади.
Ёмғир ёғса, йиғлама:
Ёруғ кунинг бўлади.
Ой кўринса, чўчима:
У чучмомонг бўлади.
Офтоб кўрсанг, ҳайиқма:
Нурафшонинг бўлади.
Ёхуд гўдак ҳар сафар бешикка беланган чоғда эса шундай дейилади:
Эгалари кирсин,
Бобовлари чиқсин.
Тахтида ётсин,
Вақтида турсин.
Болага айтилувчи бу хил айтим ва қўшиқлар, турли жисмоний ҳаракатлар унинг руҳи, танининг чиниқишига хизмат қилади. “Бешик боласи — бек боласи”, дейилади. Гўдак бешикда тинч, бехавотир ётади, роҳат олиб, узоқ ухлайди, тани озода, қуруқ бўлади, ҳадеб йўргак алмаштирилмайди, бу эса уни шамоллашдан асрайди. Бу даврда тарбия масъулияти, аввало, она зиммасида бўлади. Она ва бола ўртасидаги узвий муносабат — табиий эҳтиёжлар орасида энг муҳими ҳисобланади. Бола она меҳри, ғамхўрлиги остида ўсади. Бола улғаяр экан, ундаги ҳар бир ўзгариш даврига мос айтимлар куйланади. Жумладан, чақалоқ беш кунлик бўлганда:
Бешдан ўтди, тошдан ўтди,
Эски тегирмондан ўтди.
Чориқ кечиб, чўлдан ўтди.
Онасининг кўзмунчоғи,
Отасининг овунчоғи, —
деб куйланса; чақалоқ тўққиз кунлик бўлганда, унинг илк бор тиши кўринганда, биринчи марта ўтирганда, оёқ чиқарганда, той-тойлаганда, янги кийим кийдирилганда, қизалоқнинг сочини илк бор ювиб-тараганда ва бола овқатлантирилганда айтилувчи махсус айтим-қўшиқлар куйланади. Бу хил айтимлар, айниқса, болага она томонидан куйланувчи аллалар фақат гўдакни овутиб эркаламайди, балки бола онгига миллий оҳангларни сингдиради. Аллаларда онанинг болага бўлган муҳаббати, у билан боғлиқ орзу-умидлари, панду насиҳатлари акс этади.
Алла айтиб ухлатаман,
Алла, қўзим, алла.
Қандай сени юпатаман,
Алла, болам, алла.
Кичкинасан, лоласан,
Алла, болам, алла.
Қачон катта бўласан,
Алла, болам, алла...
Она болани “қўзим” деб суяди. “Гуноҳи йўқ нораста”, ундан “гул иси” келишини айтиб, болани алқайди.
Алла, болам, алла-ё,
Тоғ юраклим, алла-ё,
Арслон билаклим, алла-ё,
Холис тилаклим, алла-ё.
Халқ болани подшо деб сифатлайди. Бола беш ёшга киргунгача унга подшодек муносабатда бўлиш талаб этилади. Бу жараёнда болага айтилувчи эркалама, овутмачоқ, топишмоқларнинг ўрни беқиёс.
Эркалама ва овутмачоқлар ҳам асрлар давомида бизгача етиб келган бебаҳо маънавий мерос ҳисобланади. Бу дурдоналар неча-неча авлодларнинг турмуш тажрибалари, ақлу тафаккурининг ҳосиласи. Эркалама ва овутмачоқларда болага энг яқин кишининг меҳр-муҳаббати ифодаланади. Эркалама, овутмачоқлар соддалиги, халқона тилда яратилганлиги билан ажралиб туради. Бу хил айтимлар фақат гўдаккагина эмас, ижрочининг ўзига ҳам завқ-шавқ бағишлайди. Эркалама ва овутмачоқларнинг оҳанги, ҳар бир сўз ва товуш болани юпатиш баробарида ижрочининг хатти-ҳаракатига мос келади. Эркалама ва овутмачоқларга куйловчининг чексиз эзгу туйғулари сингдирилган. Гўдак онаси, бувиси, отаси, қариндош-яқинларидан айтимлар, эркалама ва овутмачоқларни эшитар экан, тарбиявий жараён узлуксиз давом этади. Бола руҳи, аввало, нафосат оламига ошно бўлади, унда гўзалликдан, фикрий теранликдан завқланиш ҳисси уйғонади. Сўз ва товушлар қулоғига кириб, нутқи ривожланиб, луғат бойлиги ортади. Болада шеърий оҳангга кўникма ҳосил бўлиб, образли фикрлаш малакаси шакллана бошлайди.
Эркаламаларда гўдак эъзозланиб, куйловчининг унга бўлган ҳис-туйғулари, меҳру муҳаббати майин оҳангда, қуйма шеърий шаклда ифодаланиб, боланинг кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилинади:
Ило, илоли,
Ўн беш килоли.
Мана шунга қаранглар:
Бунча чиройли.
Ёки:
Ўзим айланай,
Ҳеч ким билмасин.
Элакда элай,
Гарди қолмасин.
Гарди қолсаям,
Дарди қолмасин!
Бу ўринда эркалама оҳангига мос эркаловчининг болани кўтариб турли ҳаракатларни бажариши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бола фақат қўшиқ тингламайди, балки у жисмоний машқларни ҳам бажариб жисми чиниқади, кайфияти кўтарилиб, руҳи яйрайди.
Шугина жоним Ҳадия,
Сув келтирсин кадида,
Кадининг боғи узилса,
Келин бўлиб сузилса,
Ўша куни ўзим бўлсам,
Сузилганини кўрсам.
Одатда, овутмачоқ ва эркаламалар бола уч ёшга етгунигача айтилади. Муайян маънода овутмачоқлар эркаламалардан кейинги босқичда туради.
Овутмачоқлар бевосита гўдакни овутишга хизмат қилади. Ижрочи айтимнинг сеҳрли оҳанги, қофияланиб келган сўзларнинг жаранги, ижро жараёнидаги ўз ҳаракатлари билан боланинг диққатини ром этишга интилади. Болани нима биландир машғул этишга, бирор ишга эътиборини тортишга кўмаклашади. Уни теварак-атроф билан таништириб, нутқини ривожлантиришга, тафаккурини ўстиришга хизмат қилади. Овутмачоқлардан болани бешикка белашда, чўмилтиришда, кийинтиришда, ухлатишда, соч ва тирноғини олиш жараёнларида кенг фойдаланилади.
Обла, ҳув,
Обдастада сув.
Нодиржоннинг юзларини юв.
Обдаста — сув солинувчи идиш, ижрочи болага бу идиш номини айтиб, унинг юзини, қўлини ювар экан, унга озор бермай овутган ҳолда бу юмушни бажаради.
Ататов, ататов-а,
Бататов, бататов-а,
Нодиржон, ататов-а!
Аккор, аккор-а,
Аккор, аккора,
Нодиржон шаккор-а!
Бу айтимда бир қатор тақлидий сўзлар: ататов, бататов, аккор ўзаро қофияланиб, такрорланиб овутмачоқ оҳангини ҳосил қилмоқда. Болага сифат бўлаётган шакар сўзи ҳам қофия ва оҳанг талабида “шаккор” тарзида ўзгартириб талаффуз этилмоқда. Натижада овутмачоқ гўзал оҳанг системасини ҳосил этмоқда.
Гўдак бўйнини тутиб, сўзлар маъносини илғай бошласа, унинг бошини у ён-бу ён қаратиб “сарак-сарак” қилдирилади ва бу ҳаракатга мос овутмачоқ айтилади:
Сарай, сарай, сарай(к),
Сарай кимга керай(к).
Онасига керай(к),
Дадасига керай(к).
Овутмачоқлар боланинг турли ҳолати, ҳаракатига мос куйланиши билан ҳам диққатга молик. Масалан, бола йиғлаганда:
Айланайин бошидан,
Кўзи билан қошидан.
Онагинаси ўргилсин,
Кўзгинасининг ёшидан... —
деб овутмачоқ айтилса, бир қанча намуналар бевосита онанинг ҳаёти, ички кечинма ва туйғуларининг ифодаси сифатида намоён бўлади. Жумладан, она фарзандининг сафарга кетган отасини кутиб турганини, соғинчини шундай куйлаган:
Кўз ёшлари кўл, дарё,
Дарёлар кечиб келинг, адажониси.
Чақалоққа чакмонча,
Олиб келинг, адажониси.
Овутмачоқларда боланинг оилада қандай фарзанд эканлиги, унга бошқаларнинг муносабати ҳам акс этади:
Игнанинг учгинаси,
Пистанинг пучгинаси.
Мунча ҳам ширин бўлар,
Қизларнинг кичкинаси.
Бола хархаша қилиб йиғлаганда унга турли воқеабанд овутмачоқлар айтиш анъанаси ҳам мавжуд. Бу хил овутмачоқларда қизиқарли воқеалар, набототу ҳайвонот оламининг вакиллари билан боғлиқ ғайритабиий ҳолатлар куйланади:
Йиғлама-ей, йиғлама,
Илик чақиб бераман.
Қурвақанинг оёғига
Мунчоқ тақиб бераман.
Қурвақа туяга минди,
Туя қулоғим деди.
Болажоним баттар йиғлаб
Унга қалпоғим деди.
Йиғлама-ей, йиғлама.
Бу тур овутмачоқлар куйланганда айтувчи болага овутмачоқда тилга олинган мавжудотларнинг хатти-ҳаракатларини кўрсатиб, уларнинг овозига тақлид қилиб айтимни ижро этади, кўрсатади. Бу эса бола дунёқарашининг ўсишига, тасаввур оламининг кенгайишига хизмат қилади.
Боланинг тили чиқиб, ўзи мустақил ҳаракат қила бошлар экан, янги босқич – ўйин жараёнига ўтилади. Ўйинлар — боланинг ақлий ва жисмоний камолотида таълим ва тарбиянинг муҳим ҳалқаси. Ўйинлар моҳият эътибори билан халқ санъатининг муҳим турларидан ҳисобланади. Айни пайтда, ўйин билан асосан болалар машғул бўлишини инобатга олсак, улар ёш авлодни ахлоқий, эстетик, меҳнатсеварлик, уддабуронлик руҳида тарбиялаш вазифасини ҳам бажаради. Ўйиннинг энг бетакрор тарбиявий фазилати, биринчи галда болаларни бирлаштириб — кўпчиликни якдил қилиш хусусиятини қайд этиш лозим. Иккинчидан, ўйинларда кичкинтойларнинг яширин ижодий қобилиятини ҳеч қандай тазйиқсиз уйғота олиш хислати мавжуд. Учинчидан, болалар хаёлотини ёлқинлантириб, ижодий қувватини ошира олиш имкониятига, улардаги бадиий қудратни фаоллаштириш хусусиятига эгалигидир. Ҳар бир болада оламни санъаткорона кўриб, ифодалаш имкони бор. Лекин бор қобилият ҳамиша ҳам юзага чиқавермайди. Уни тарбия, тинимсиз меҳнат, устоз бебаҳо нақдинага айлантира олади. Ўйинлар ана шундай ихтиёрий меҳнат, ҳаракат, бетакрор устоз миссиясини бажаради. Бола ва ўйин тушунчалари эту тирноқдай ажралмас ноёб ҳодисадир. Бола ўйин жараёнида шаклланади. Тарбия жараёнида қуруқ насиҳатдан кўра, ўйиннинг ҳиссаси кўпроқ бўлади. Ўйинлар боланинг ҳаёт ҳақидаги тасаввурини бойитади, унинг келажак турмушига амалий замин ҳозирлайди.
Одатда, ҳар қандай ўйин болалар тўпининг икки қарама-қарши гуруҳга ажралиши ёки ўйиннинг ўтиш тартибига кўра, бир боланинг бошқаларга қарши туришини аниқлаб олиш билан бошланади. Ўйинда болаларнинг қайси гуруҳда бўлиши ёки бир ўзи қолиши адолатли йўл билан ҳал этилади. Масалан, “бекинмачоқ” ўйналганда, маррага пойлоқчилик қилувчи бола ҳам анъанавий “санама” орқали аниқланади. Жўрабоши ёки онабоши ўйин иштирокчиларини бир сафга тизиб, қуйидаги санамани айтади:
Бир олма,
Икки олма,
Уч олма,
Тўрт олма,
Беш олма,
Олти олма,
Етти олма,
Саккиз олма,
Тўққиз олма,
Шўр олма!
Жўрабоши ёки онабоши кимни “шўр олма” деб санаса, ўша бола маррада пойлоқчилик қилади. Қолганлар бекинишади. Бу хил ажратиш болаларда ҳар бир ҳолатда адолат билан тадбир қилиш шарт эканлиги ҳақидаги ахлоқий ақида кўникмасини шакллантиради. Халқда “Чекингга тушса чекчайма”, деган мақол бор. Маррада қолувчининг санама орқали аниқланиб, ўйиннинг бошланиши ва давом этиши ушбу ҳикматга амал қилиш адолатдан эканлигини кўрсатади. Умуман олганда, халқ ўйинларининг барча турлари ва шаклларида бу хил тарбиявий хатти-ҳаракатларни учратамиз. Ўйинлар болаларни жамоа бўлиб яшашга, жамиятга аралашиб, ундан муносиб ўрнини топишга ўргатади. Халқ ўйинлари туганмас бир хазина. Баъзи ўйинлар меҳнат жараёнини ифодалаш билан бирга унда ижро этилувчи айтимлар бола нутқининг равон бўлишига хизмат қилади.
Болалар ҳамиша катталарга тақлид қилади, ҳар соҳада улардан ибрат олади. Кўпчилик болалар ўйинлари тарихий асосига кўра халқ маросимларига бориб боғланади. Ҳатто шундай ҳолатлар мавжудки, узоқ муддатлар ўтиб халқ орасида унутилган маросим ёки уларнинг муайян узвлари болалар ўртасида ўйин ёки бирор айтим кўринишида сақланиб қолади. Бу ҳолатларга мисол тариқасида ўзбек болалар ўйинларидан “Оқ теракми, кўк терак”(варианти “Ой терак ва Кун терак”), “Оқ суяк, кўк суяк” каби ўйинларни келтириш мумкин. “Оқ теракми, кўк терак”(варианти “Ой терак ва Кун терак”) ўйини қадимда Йилбоши — Наврўз мавсумий маросимининг таркибий қисмида турган ва уни балоғат ёшига етган ўғил-қизлар ижро этишган.
Болалар ўйинлари халқнинг диний-эътиқодий дунёқарашлари, инончлари, удум ва маросимларини ҳам болалар онгига сингдирган. Мисол тариқасида қиз болаларнинг қўғирчоғига – “боласи”га ўйин жараёнида айтувчи эркаламаларини келтириш мумкин:
Қизбола:
– Қўғирчоғим, қўғирчоқ,
Ўттиз улли,
Қирқ қизли,
Ҳалиям кўрсанг
Келинчак, —
деб овутар экан, унга сув, овқат берганда, ичиб-емаса, айтади:
– Бердим, бердим емадинг,
У дунёда қийнама.
Бола тилидан айтилувчи бу эркалама мағзида катталарнинг савоб ва гуноҳнинг қиёматда ўз жавоби борлиги ҳақидаги тасаввурлари турибди.
Болаларимиз севиб тинглайдиган эртаклар қадимда асосан кечқурунлари айтилган. Аждодларимиз кечқурун айтилган қўшиқ, эртак, достон хонадонни ёвуз руҳлардан ҳимоя қилишига ишонган. Халқ инончига кўра, кечалари ёвуз руҳлар авж олади. Эртак ва достон ижроси эса уларни одамларга яқинлаштирмайди.
Фақат ҳайвонлар ҳақидаги эмас, балки сеҳрли, фантастик, ҳаётий эртаклар ҳам болалар тарбияси, уларнинг ҳаётий сабоқ олишларига, эзгу фазилатларни ўзлаштиришларига, ақлий ривожига таъсир этади. Бу ўринда “Кенжа ботир”, “Уч оғайни ботирлар”, “Ур, тўқмоқ” каби эртакларни санаб ўтиш жоиз бўлади. Бу хил эртаклар ёш авлодни ҳалол меҳнат ва унинг орқасидан келадиган роҳат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Жаббор ЭШОНҚУЛ,
филология фанлари доктори