Таклиф қоғозда қолмасин!
Юртимизда мутолаага, китобхонлик маданиятини оширишга кўмаклашадиган қатор тадбирлар ўқув муассасалари, маҳаллалар ҳамкорлигида ўтказилмоқда. Китобхонлар оиласи, зукко китобсеварлар, билимга чанқоқ ўқувчилар аниқланяптию, аммо чинакам китобхонлик кўлами сустдек, гўё. Хўш, мутолаага ундаш қачондан бошлангани маъқул? Боланинг китобга меҳр қўйишида нималарга эътибор беришимиз, қандай тадбирларни қўллашимиз самара беради?
Назаримда, болани китобга яқинлаштиришда ўқитувчи ота-она билан ҳамкор бўлиш баробарида таълим жараёнининг ўзида бир неча тадбирларни қўллагани дуруст:
— аввало, дарс жадвалини тузишда мутаносибликни таъминлаш;
— уй вазифаларига қўшимча ахлоқий-таълимий, маърифий мазмундаги бадиий асарлар мутолаасини тайинлаш;
— синфлар ўртасида китобхонлик мусобақалари, интеллектуал ўйинларни тез-тез ўтказиш, мактаб миқёсида “Энг ёш китобхон”, “Чоракнинг энг яхши китобхони”, “Йилнинг фаол китобхони”, “Китобсевар ўқувчи” каби кўрик-танловларни ташкиллаштириш;
— юқори синф ўқувчилари билан имкон етганича эскирган, ўқувчисини топа олмаётган адабиётларни йиғиш ва китоблар музейини ташкил этиш;
— синфларда ўқилган китоблар тақдимотини ташкил этиб, мустақил иншо ёздириш;
— ҳар бир ўқувчининг шахсий кутубхонаси бўлишини тарғиб этиш, ҳафтанинг бирор кунини “Мутолаа куни”га ажратиш китобхонлик тарғиботида самара беради.
Таклиф, режалар аксар ҳолларда қоғозда ёки оғизда қолиб кетади. Улар амалда қўллансагина чинакам таклифга айланади. Китобхонлик, мутолаа маданияти ҳақида жуда кўп фикрлар айтилди, ҳамон айтилаётир. Тадбирларимизнинг аксари ҳам айни шу мавзуда. Бироқ фақат тавсия, йўриқ ёки тарғиб этмоқликдан бироз чекиниб, амалий ҳаракатга навбат берилса, кутганимиз рўёбга чиқади.
Нилуфар КАРИМОВА,
Янгибозор туманидаги 21-мактаб ўқитувчиси