1-синфга онлайн қабул
Айни кунда умумтаълим мактабларида 1-синфларга қабул давом этмоқда. Жараённи шаффоф ва адолатли ташкил этиш мақсадида Учтепа туман халқ таълими бўлими томонидан ўзига хос ташаббус жорий этилди. Эндиликда тумандаги барча мактабларда ўқувчиларни 1-синфга онлайн қабул қилиш тизими йўлга қўйилди.
— Ушбу тизимни ишлаб чиқишда жаҳоннинг илғор мамлакатлари тажрибасидан фойдаландик. Мақсад — ота-она ва мактаб ўртасида шаффоф мулоқот муҳитини яратиш, — дейди Учтепа туман халқ таълими бўлими мудири Мавлон Турсунов. — Бу масала узоқ муҳокамадан сўнг амалиётга татбиқ этилди. Ҳозир тумандаги мавжуд 31 та мактабда 1-синфга ўқувчилар шу тартибда қабул қилинмоқда. Бунинг учун барча мактабларда ягона платформа асосида сайт ишлаб чиқилди. Уларни ташкил этиш учун компьютер мутахассислари жалб қилинди. Электрон мурожаатда ота-оналар фарзанди ҳақидаги барча ҳужжат нусхасини ўз микроҳудудида жойлашган таълим муассасасининг сайтига юборади. Мактаб мутасаддилари номзодни рўйхатга олгач, ота-она фарзанди билан мактабга чақирилади. Логопед, психолог ва бошқа мутахассислардан тузилган экспертлар гуруҳи боланинг лаёқатини текширади. Агар нуқсон аниқланса, даволаниш учун тавсия берилади. Шунингдек, таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларда ўқиш истагидаги болаларнинг имкониятини синовдан ўтказиш жуда муҳим.
Онлайн қабул жараёни билан танишиш мақсадида 107-ИДУМ сайтига кўз ташладик.
— Мактабимизда 1-синфга онлайн қабулни бошлаб юбордик, — дейди Учтепа туманидаги 107-ИДУМ директори ўринбосари Шоира Багирова. — Бу жараён ота-оналарни, кенг жамоатчиликни хурсанд қилди. Янги тизим бўлгани учун микроҳудуд доирасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Бошқа микроҳудуддан мурожаат бўлса, уларга ўз ҳудудидаги мактаб сайтининг манзили берилди. Мактабимиз айрим фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган, шунингдек, таълим рус тилида олиб борилгани сабаб, муассасамизга талаб юқори. Бугун микроҳудуд бўйича жами 102 нафар бола рўйхатга олинган. Янги ўқув йилида 3 та синф очиш кўзда тутилмоқда. Агар бўш ўринлар қолса, бошқа микроҳудуддан ҳам ўқувчи қабул қилинади. Ҳозирча онлайн тартибда 3 та мурожаат келиб тушди. Тўлиқ қабул августдан бошланади.
Фарзанд таълим-тарбияси йўлида ота-она ва мактаб ҳамкорлиги жуда муҳим. Янги тизим ҳақида ота-оналарнинг фикри қандай?
— Доимий рўйхатдан ўтган ҳудуддаги таълим муассасасига фарзандимни жойлаштириш мақсадида бордим. Мактабда янги қабул тизими жорий этилганидан бехабар эдим. Мактаб маъмурияти махсус сайт ишга тушгани, энди ота-оналар масофадан туриб электрон ҳужжат топшириши мумкинлиги ҳақида айтишди, — дейди Индира Исроилова. — Тўғриси, онлайн қабул тизими йўлга қўйилганидан жуда хурсанд бўлдим. Чунки шаҳардан Тошкент вилоятига қатнаб ишлаганим сабаб, вақт масаласида қийналар эдим. Сўралган ҳужжатларни сканер қилиб, 107-maktab.uz сайтига жойлаштирдим. Ке¬йинги гал яна боғланиш учун телефон рақамимни ҳам қолдирдим. Менимча, ҳозир кўпчилик ота-оналар интернетдан унумли фойдаланади. Онлайн ҳужжат топшириш улар учун қийин эмас.
Халқ таълими вазири таълим сифатини яхшилашда ҳар бир ходим иш фаолиятини уч мезон — сифат, адолат, шаффофлик асосида ташкил этиши муҳимлигини таъкидлаган эди. Мактабларда онлайн қабул жараёни ташкил этилгани айни фикрларнинг амалдаги ифодаси бўлди.
Энди ота-оналар мактаб раҳбарияти билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш имконига эга. Сайт орқали қабул жараёнини кузатиб бориш ҳам мумкин.
Нигинабону ШУКУРОВА