Ўқувчилар форма кийиш тартибига риоя қилмаса...
Ўқувчиларнинг форма кийиш тартибига риоя қилмаслиги таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузиш, деб баҳоланади ва бундай ўқувчиларга қуйидаги чоралар қўлланилади: огоҳлантириш; кундалик дафтарига қайд этиш; тушунтириш ишларини олиб бориш учун ота-онасини хабардор қилиш; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасасидаги йиғилишларда ота-оналар иштирокида муҳокама қилиш.
Ҳар йили 1 майга қадар мактаб раҳбарияти томонидан муассасанинг барчага кўринадиган жойларига мактаб формасини қаердан ва қай тартибда харид қилиш мумкинлиги тўғрисида тегишли эълонлар жойлаштирилади ҳамда таълим муассасалари томонидан ота-оналар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилади. 20 мартга қадар Халқ таълими вазирлиги республика миқёсида ўқувчи-қизлар ва ўғил болалар сони бўйича ҳудудлар кесимидаги маълумотларни умумлаштирган ҳолда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига тақдим этади. Уюшма шу асосида бутун республикамиз бўйлаб ҳокимликлар билан биргаликда ҳар йили апрель — август ойларида мактаб формаларининг ишлаб чиқарилишини ташкил этади. Ҳудудлар ва туманлар бўйича мактаб формасини ишлаб чиқариш ва савдоси ташкил этиладиган жойлар тўғрисидаги маълумотлар апрель ойида Халқ таълими вазирлигига, май ойида эса ўқувчиларнинг ота-оналарига эълон қилинади.