Болани қандай жазолаш мумкин?
Бола пайтимизда шўхлик қилсак, боғча опамиз бурчакка турғазиб қўярди. Ўқувчилик давримизда ҳам боғчадагидан кам бўлмаган тарзда “жазоланган”миз. Стул ёки сумкамизни кўтариш камдек устозларимиз бир оёқда туришни ҳам талаб қиларди. Шу боис хато қилишдан, фикр ва қизиқишимизни айтишдан чўчиб турардик.
Ўзим таълим-тарбия соҳасида фаолият юритиб амин бўлдимки, болага танбеҳ беришда ўйлаб иш қилиш лозим. Уларни тартибга соламан дея қалбини, шижоатини сўндириб қўйиш ҳеч гап эмас. Айниқса, ўсмирлар билан алоҳида ишлаш, мулоқот қилишда уларнинг ўй-хаёллари билан ҳисоблашиш зарур. Масалан, бирон ўқувчи дарс тайёрламай келса ёки шўхлик қилса, уни тенгдошлари олдида тартибга чақириш, танбеҳ бериш акс таъсир қилади. Чунки балоғат ёшидаги йигит-қиз бошқалар олдида мулзам бўлишни истамайди. Хатога йўл қўйган ўқувчи билан юзма-юз, чин кўнгилдан гаплашиш зарур.
Ўқувчиларга таълим-тарбия бериш, машғулотларни илғор методлар асосида ташкил этишда педагогдан алоҳида маҳорат талаб этилади. Касбий маҳорат эса изланиш, ўқиб-ўрганиш, ва албатта, бошқалар билан тажриба алмашиш орқали юксалади. Шунинг учун коллежимиз ўқитувчилари туман ва вилоят миқёсида ташкил этиладиган семинар-тренинг ва маҳорат дарс¬ларида мунтазам иштирок этади. Учрашувларда ҳамкасблар билан фикр алмашиб, тажрибалари билан ўртоқлашиб, педагогик салоҳиятимизни ошириб боряпмиз.
Бир ўқувчим мунтазам дарс қолдирар эди. Уни қандай қилиб машғулотларга қизиқтириш ҳақида анча бош қотирдим. У билан алоҳида гаплашиб, орзулари ҳақида қизиқдим. Бола велопойгага ихлосманд экан. Коллежга велосипедини миниб келишини сўрадим. Маънавият дарсида журналистикага қизиқувчи ўқувчим билан саҳна кўриниши тайёрладик. Журналист велопойгачини тенгдошларига жаҳон чемпиони сифатида таништирди. Чемпионнинг бундай ютуққа эришиш йўлида дарс қолдирмай аъло баҳоларга ўқигани, топшириқларни вақтида бажариб, тартиб-интизом асосида тинимсиз ўз устида ишлагани хусусида сўз юритилиб, бўлажак чемпион эътироф этилди. Мақтовлардан ҳам уялиб, ҳам завқланган велопойгачига машғулот таъсир қилди. Шундан сўнг мақсадлари сари дадил ҳаракат қила бошлади. Энг муҳими, давомати ижобий томонга ўзгарди.
Бугуннинг ёшларини жазолагандан кўра, уларга хатосини тўғирлаши учун имкон яратиш самара беради. Айрим ўғил-қизлар борки, уларнинг ёввойи, “қулоқ”сиз бўлишига меҳр-муҳаббатга ташналигини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Оиладаги носоғлом муҳит, меҳр ва рағбатнинг йўқлиги ўсмирларни йўлдан адаштиради. Шу боис, ёшлар билан ишлашда янги метод ва услубларга таянишимиз керак. Болани бурчакка турғазиб қўйиш ёки стул кўтартириш билан мақсадга эришиб бўлмайди.
Дилфуза ҚОСИМОВА, Қўқон енгил саноат ва педагогика касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси