PISA — жаҳон стандартларига мослашув
XXI аср ўрталарида жаҳон мамлакатлари томонидан халқаро иқтисодий муносабатларни ривожлантириш мақсадида бир қатор ташкилотлар тузилди. Улар орасида энг кўзга кўрингани АҚШ, Япония, Канада, Австралия, Янги Зеландия, Исландия, Норвегия, Швейцария, Туркия, шунингдек, Европадаги яна бир неча, жами 24 мамлакат аъзо бўлган тузилма — Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)дир.
1961 йилда иш бошлаган ИҲТТ ўтган давр мобайнида молиявий соҳада юзага келган турли муаммоларни ҳал этиб келмоқда. Айниқса, янги аср остонасида ушбу ташкилот негизида дунё таълимининг асосий бўғини бўлган умумий ўрта таълимни ривожлантириш мақсадида PISA (Programme for International Student Assessment) — ўқувчиларни халқаро баҳолаш дастури ишлаб чиқилди. Иқтисодий ташкилотнинг таълим соҳасига мурожаат этиши бежиз эмас. Боиси, ҳар қандай соҳа учун кадрлар мактабларда, оддий синфхоналарда улғаяди. Шу маънода ИҲТТдек улкан тузилма ҳам давлатларнинг таълим тизимига қанча маблағ сарфлаётгани ва улар нечоғли самара бераётгани рейтингини тузишга мажбур бўлди.
Бугун турли давлатлардаги таълим кўрсаткичларини ўрганиш, таҳлил этиш, солиштириш ва истиқболдаги тараққиёт мақсадларини белгилаш учун халқаро баҳолаш дастури айни муддао бўлмоқда. Унга кўра, халқаро таълим экспертлари юқори синф ўқувчиларининг фанларни ўзлаштириш даражасини аниқлаш учун универсал тест тизими ишлаб чиқди. Бундан ташқари, дастур ижодкорлари ўқувчиларнинг билимларини амалиётда қўллай олиш қобилиятини ҳам текширади. Жумладан, ҳар уч йилда 15 ёшли ўқувчилар тест синовлари орқали 3 йўналишда баҳоланади. Булар:
1) табиий фанлар — ўқувчиларнинг табиий фанлар билан боғлиқ илм-фан, технология янгиликларига қизиқиши, уларни асослай олиши, табиий ҳодисаларни тушунтира билиши, баҳолаши, илмий тадқиқотлар ўтказишни режалаштириши текширилади;
2) математика — илмий ва ҳаётий ҳодисаларни асослашда математик амалларни қўллай олиши ва уларни математик тушунчалар, теорема ва аксиомалар ёрдамида тушунтириши, қолаверса, шу орқали ўқувчиларда онгли қарор қабул қилиш кўникмаси шакллангани даражаси аниқланади;
3) ўқиш — ўқувчининг саводи, китобхонлиги ва мустақил фикрлаши, дунёқараши, таҳлилчилик қобилияти, хотираси, ижтимоий фаоллиги баҳоланади.
Бунинг учун ўқувчиларга икки соат вақт берилади. Турли фанлар бўйича синов ягона марказий тизимга уланган компьютерларда олиб борилади. Бундан ташқари, муаммо ва ютуқларни аниқлашда ўқувчилар ҳамда мактаб маъмуриятидан алоҳида сўровномалар олинади. Бу сўровномаларда ўқувчиларнинг мактаб ва уйдаги ҳаёт тарзи қандай кечиши ойдинлашади. Шунингдек, бугунги кун талаби — ахборот технологиялари ва мобиль алоқа воситаларидан қандай ва нима мақсадда фойдаланиши, ўқишдаги узилишлар сабаблари ҳақида маълумотлар тўпланади. Бу таълим самарадорлигини ортга тортаётган камчилик ва муаммоларни, таълим даргоҳидаги ўзаро ижтимоий муносабатлар ва турли ҳаётий вазифаларни ечишдаги тўсиқлар ҳақида тасаввур ҳосил қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Эътиборлиси, айни вақтгача аниқланган рейтинг натижаларида 3 йўналиш (математика, ўқиш, табиий фанлар) бўйича ҳам Осиёнинг ривожланган давлатлари таълими 1-ўринни эгаллаб келяпти. Хусусан, Хитой, Тайвань, Сингапур, Жанубий Корея, Япония таълим соҳасида намунали фаолият олиб боряпти. Улар билан изма-из бораётган Финляндия, Лихтенштейн, Нидерландия, Швейцария, Эстония, Польша, Ирландия, Канада каби давлатлар ҳам етакчилар қаторида турган бўлса, Индонезия, Қатар, Иордания, Колумбия, Албания, Тунис, Қозоғистон қуйи поғоналарни эгаллаган. Ҳатто АҚШ ва Буюк Британиянинг умумий ўрта таълимдаги натижалари ўртача экани кўпчиликни ҳайратга солиши табиий.
Таълим бўйича АҚШлик мутахассис Денис ван Роукел мазкур ҳолат хусусида фикр юритаркан: «Биз ўқувчиларимиз савиясидан хафа эмасмиз. Боиси ушбу кўрсаткичлар бизда таълим сифати ёмонлигини англатмайди, аксинча — Шарқ ва Ғарбда таълим тақсимоти турличалигини билдиради. Яъни, бизда олий таълим тизими ҳал қилувчи ўринда туради», дея муносабат билдирди. Бироқ Денис умумий ўрта таълимни ривожлантирмай туриб, маорифнинг кейинги босқичларида зафар қозониш таваккалчилик эканини ҳам қўшимча қилган. PISA хулосалари АҚШда ҳам тез орада мактаб ўқувчиларининг ўзлаштиришига бўлган муносабати тубдан ўзгаришига сабаб бўлса, ажаб эмас.
— PISA ташкилоти ривожланган давлатларда таълим сифатини янада яхшилашда муҳим мезон бўлаётгани қувонарлидир, — дейди ИҲТТ директори, айни пайтда PISAнинг куратори Андреас Шляхер. — Бу ташкилотнинг баҳолаш мезонларини ишлаб чиқишда Нидерландия ахборот технологияларини ривожлантириш Амро Р3 Консорциуми, Япония миллий илмий-тадқиқот институти, АҚШ педагогик тест хизмати ва бошқа таълимга ихтисослашган нуфузли ташкилотлар кўмак бериб келмоқда. Ҳар бир давлат ўтказилган тадқиқот натижалари асосида ўзининг таълим соҳасидаги кучли ва кучсиз томонларини билиб, бошқаларга нисбатан таълимдаги мавқеини яққол ажратиб олади. Бу эса янада такомиллашиш, ўсишга хизмат қилади.
Дарвоқе, PISA 1997 йилда ташкил топган бўлса-да, 2000 йилдан тўлақонли иш бошлаган. Дастлаб 32 мамлакатдан 265 минг нафар ўқувчи синов жараёнига қамраб олинган ва асосан, ўқиш қобилияти текширилган бўлса, 2003 йилга келиб 43 давлатдан 275 минг ўқувчи билими математика, ўқиш ва табиий фанлар бўйича баҳоланди. Айтиш мумкинки, йилдан-йилга баҳолашда иштирок этишни истовчи давлатлар ва ўқувчилар сони
ортмоқда. Бу эса халқаро таълим стандартларига мос келадиган таълим тизимига эга давлатлар сони ортишига ҳам сабаб бўлади.
2015 йилда PISA таҳлилларида Сингапур ёшлари барча йўналишларда биринчиликни қўлга киритди. Хусусан, сўнгги натижаларга кўра, математика бўйича билимдонлик борасида сингапурлик ўқувчилар 564 балл билан яққол етакчига айланди. PISAнинг яна бир фойдали жиҳати шуки, у қай йўналишга эътибор қаратса, шу йўналиш бўйича ўқувчилар билим даражасини тест синовлари, руҳий олами ва ҳаётидаги муаммо ва ютуқларни эса сўровномалар орқали аниқлайди. Кўрсаткичлар ўрганилиб, ечим топилади, фойдали методлар ишлаб чиқилади.
Мисол учун, 2015 йили қуйидаги математик метод тавсия этилган: 4 та мусиқий гуруҳ танланади. 6 ой давомида ўқувчилар бу гуруҳлар мусиқий альбоми сотилишини кузатиб, натижаларни устунли диаграммада ифодалашади. Уни ўқувчилар ўқитувчилари ёрдамида солиштиришади. Бу уларни графикларда ахборот бериш ва олишга, шу билан бирга, воқеаларни рақамлар билан ифодалашга ўргатади.
Ёки табиий фанлар бўйича метод: ҳар бир ўқувчи компьютерни узоқ ишлатгач, чарчайди. Кўпчилик бу пайтда сув ёки қаҳва ичиб, ҳордиқ чиқаради, аммо бу хато экан. Аксинча, ишчанлик қобилиятини сақлаб қолиш ва ўстириш учун иссиқ ёки совуқ ҳавода енгил югуриши керак. Ҳар бир ўқувчи шундай қилиши лозим. Бунда тана ҳарорати, ташқаридаги ҳарорат, ҳаво намлиги инобатга олинади. Муҳими, буни ўқувчи мустақил тарзда тадқиқ қилади.
Ўқиш саводхонлигини ошириш учун пешлавҳалардаги эълонларга эътибор қаратиш мумкин. Уни ўқувчи ўқиб, таҳлил қилади. Эълонда маҳсулот ҳақида батафсил маълумотлар берилган, матн якунида «маҳсулот ёқмаса, пулингизни қайтиб олишингиз мумкин» дейилган. Айнан шу жумла ўқувчининг хулоса чиқариши учун туртки беради, саводхонлиги даражасини белгилайди.
... 2015 йилги тест синовларига 72 давлатдан 29 мингта мактабда таълим олаётган 540 минг ўқувчи жалб этилди. Унга кўра, ИҲТТ давлатларида ўқиш самарадорлиги ўртача, Сингапур, Япония, Эстония, Финляндия ва Канадада юқори даражада экани маълум бўлди. ИҲТТга аъзо ўлкалардаги ўқувчилар ўрганган билимини амалда қўллай олиш даражаси 8, сингапурлик ўқувчиларнинг натижаси эса 24 фоизни ташкил этган. Агар жараён шундай маромда давом этаверса, ИҲТТ мамлакатлари Шарқдан интеллектуал ишчи кучлари «сотиб олиш»га улкан эҳтиёж сезиши муқаррар.
2006—2015 йиллар оралиғида Колумбия, Исроил, Хитой, Португалия, Қатар, Руминия ўқувчиларининг билимлардан ижодий фойдаланиш даражаси ошди. 33 та мамлакатда илм-фанда қиз болалар тафаккурда ўғил болалардан ўзиб кетгани эътиборлидир. Масалан, финляндиялик қизлар илмий савияси жуда юқори бўлган ягона давлатдир. Аёллар кўпинча соғлиқни сақлаш соҳасида ишласа, эркаклар ахборот-коммуникация технологиялари, муҳандислик соҳаларида фаол.
2009 йилгача ИҲТТга аъзо давлатларнинг 20 фоизида танланган фанларни ўзлаштириш даражаси ўртачадан ҳам паст эди. 2009—2015 йиллар оралиғида қизларнинг ўқиши 12 балга пасайди, ўғил болаларнинг натижаси эса яхшиланди. Хитойнинг Пекин, Шанхай, Жиангсу, Гуангдонг каби шаҳарлари, Сингапур ва Тайвань ўқувчилари математика бўйича юқори натижани сақлаб келяпти.
Айтганча, PISA қизлар ва ўсмирларнинг ўзлаштириши бўйича алоҳида рейтинг шакллантиришдан ташқари, дунёнинг энг аълочи 20 нафар ўқувчисини ҳам аниқлайди. Унга Хитой ва Вьетнамдан кўпроқ ёшлар киргани эътиборга моликдир.
Бундан ташқари, аксарият муҳожир ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси табиий равишда маҳаллий тенгдошларидан икки баробар паст бўлади. Аммо кейинги пайтларда 24 фоиз муҳожир ўқувчилар билим даражаси ўртача кўрсаткични қайд этмоқда. Демак, ўқувчиларнинг билим олиши муҳитга ҳам боғлиқ. Ноқулай муҳитдаги ўқувчилар қулай муҳитдаги тендошларидан кўп ҳолларда кам балл тўплайди. PISA эса таълимда тенглик бўлиши учун курашади.
Мактаб таълими муҳитида давомат, тартиб, дарсларга халақит берувчи турли омиллар, ўқитувчи билими ва фаросати, савияси, шогирдини муносиб қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, мактаб жамоаси ва ота-оналар ўртасидаги муносабат ҳам мактаб фаолиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Айниқса, мактаб маъмурияти яхши ўқитувчиларни кўпайтириши, қўллаб-қувватлаши, сифатли ўқув режалари ва ўқув дастурлари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилишини йўлга қўйиши лозим. Бу эса келгусида PISA каби ташкилотлар «чиғириғи»га эҳтиёж сезмаслик, ушбу тузилмага тўланадиган минглаб маблағни тежаб қолиш имконини беради.
Айтиш жоизки, шу вақтга қадар мамлакатимиз таълими PISA баҳолаш тизими доирасига тушмаган. Аммо бу борада ҳаракатлар бошланган. Юртимиз таълими PISAнинг 2021 йилги халқаро баҳолаш дастурида иштирок этиши ва “Халқаро тадқиқотларни амалга ошириш Миллий маркази” очилиши ҳақидаги мурожаати маъқуллангани бунинг бир тасдиғидир.
Бу марказнинг зиммасига мамлакатимиз таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштириш, 2019—2021 йиллар оралиғида амалий кўникмалар шакллантирилишини баҳолашга қаратилган синовларни тизимли равишда ўтказиб бориш, ўқув адабиётларини модернизация қилиш, халқаро таълим стандартларига асосланган ҳолда ўқиш, математика, табиий йўналишдаги фанлардан давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ҳамда ўқув адабиётлари мазмунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш каби бир қатор вазифалар юклатилади.
Гавҳар ЗАЙНИДДИНОВА тайёрлади.