Ўқувчи портфолиоси нимага керак?
Ўқувчиларнинг чет тилини пухта ўрганиши, янги дарсликлар асосида замонавий билимга эга бўлишини таъминлаш асосий вазифаларимиздан бири. Хорижий тилларни ўқиётган ўғил-қизлар дарсликдаги ҳар бир бўлим якунлангач, “Менинг портфолиом” номли маълумотнома яратиши лозим. Бу жараёнда ота-оналар билан ҳамкорликда ишлаш ижобий натижа беради.
Портфолио билим олувчининг шахсий маълумотлар тўплами бўлиб, унда (тил) ўрганувчи ўзининг қизиқишларини, ўзи бажара оладиган ва бажарган ишларини ёритиб боради. Бундан ташқари, ўқувчи ўрганаётган чет тиллари ҳақида маълумот беради, ўз ютуқлари ҳақида ёзади, шу билан бир қаторда ўзининг иштиёқига қараб тажрибаси, тадқиқот ишлари, ёзган шеърлари ҳақида ҳам қайд этиб боради. Энг асосийси, чет тилида ёзиш орқали ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамлайди. Портфолио 3 та асосий қисмдан иборат бўлади:
1. “Мен ҳақимда” — бу қисмда ўқувчи ўзи ҳақида тўлиқроқ маълумотлар(фотосурати, ёши, манзили, қизиқишлари, дўстлари, оиласи, ўрганаётган чет тиллари ва бошқалар)ни ёзади.
2. “Мен буни бажара оламан” бўлимида эса ўқувчи чет тилларни ўрганиш жараёнида олган билим ва кўникмаларидан келиб чиққан ҳолда ўқитувчи томонидан берилган қўшимча вазифалар(машқлар, савол-жавоблар, ўйинлар)ни бажаради.
3. “Мен буни амалга оширдим” бўлимида ўқувчи чет тилларни ўрганиш давомида эришган ютуқлари(иштирок этган танловлари, мусобақалар, лойиҳа дастурлари, ўрганган қўшиқлари, амалга оширган тадқиқот ишлари, шеърлари ва шу каби чет тилларни ўрганиш жараёнидаги барча ижодий ишлари, расмлари, фотолавҳалари)ни тўплайди. Портфолиога киритиладиган янгиликларда ўқувчининг тадқиқотчилиги, яратувчанлиги ва ижодий иши акс этиши керак. Жумладан, “Менинг биринчи портфолиом” 6—10, 8—11 ёшли ўқувчиларга, “Менинг портфолиом” 12—15 ёшли ўқувчиларга мўлжалланган. Лекин портфолио номларини “Менинг илк портфолиом”, “Менинг биринчи чет тиллари портфолиом”, “Менинг портфолиом, менинг ижодим” каби аташ ҳам мумкин.
Портфолио туфайли ота-оналар билан доимий алоқа йўлга қўйилади. Чунки ўқувчи портфолио юритиши ҳақида ўқитувчи ота-онага (ҳар чоракда бир марта) хат ёзиб боради. Унда боланинг чет тилларни ўрганиш жараёнидаги ютуқлари, ижодий ишлари ва хорижий тилни билиш даражаси ҳақида маълумотлар ёзилади. Масалан, “Ота-оналарга хат”да қуйидагича мурожаат акс этади:
“Ҳурматли ота-она!
Фарзандингиз мактабда чет тилларни ўрганишдаги “Менинг биринчи портфолиом” номли портфолиосига эга бўлди. Ўйлайманки, у бу ҳақда сизга аввалроқ айтиб, тушунтириб берган. Бу портфолио фарзандингизнинг чет тилларни ўрганишга йўналтирилган тўплами бўлиб, у ўз ижодий ютуқлари ва бажармоқчи бўлган ишлари ҳақида маълумот беради.
Фарзандингизга сиз ҳам чет тилларни ўрганишда кўмаклашинг, унга вазифаларни бажаришда, ижодий ишлари, лойиҳа-дастурларини амалга оширишда маслаҳат беринг, ютуқларига, натижаларига сиз ҳам дўстона шерик бўлинг, уни қўллаб-қувватланг!”...
Ўқувчи портфолиосининг амалий қисмида берилган изоҳ ва иловалар ўқув синфига мос равишда тўлдирилиши ва ўзгартирилиши мумкин. Бунда ота-оналар боланинг чет тилини ўрганиш жараёнидан бохабар бўлади, уларнинг фарзанди чет тилини ўрганишига кўмаклашиши бола учун ҳам рағбатдир.
Элёр УККИЕВ, Бўстонлиқ туманидаги 19-мактабнинг француз тили фани ўқитувчиси